Мақолалар

Умра саёҳат эмас, ибодат!

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда қатор сайёҳлик фирмалари томонидан муқаддас Умра зиёратини ташкил қилиш бўйича турли рекламалар кўпайиб бормоқда. Шунингдек, айрим эълон қилинаётган “буюртма” мақолаларда Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси шаънига турлича туҳматлар ёғдирилмоқда. Жумладан, Фейсбук ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари томонидан асоссиз ва аҳолини чалғитиш учун қолдирилаётган маълумотлар юзасидан Дин ишлари бўйича қўмита қуйидагиларни маълум қилади:

Умра ва ҳаж тадбирлари диний ибодат бўлиб, юртимиз мусулмонларининг диний нуқтаи назардан ушбу зиёратларини ташкил этиш, бошқариш ва амалларни ҳанафийлик мазҳаби асосида мукаммал адо этиш бўйича ягона ваколатли ва масъул ташкилот Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳисобланади.

Эслатма: Ҳаж зиёрати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида амалга оширилади.

Умра зиёрати Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳар йилги Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгашини ташкил этиш тўғрисида»ги 2006 йил 28 августдаги ПФ-3793-сонли Фармони билан ташкил қилинган Жамоатчилик кенгаши билан келишган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилоти ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга оширилади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Дин ишлари бўйича қўмита ёки Ўзбекистон мусулмонлари идораси Умра ва ҳаж тадбирларидан иқтисодий манфаат кўрмайди.

Маълумки, Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуслари билан Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Умра тадбирлари йил давомида квотасиз амалга оширилиши белгиланиб, 2018 йил 28 октябрдан бошлаб ҳафтасига 3 та рейс, 2019 йилнинг 1 апрель кунидан эътиборан ҳафтасига 7 та рейс асосида Умра сафарига фуқароларимизни мунтазам юбориш бошланди. Натижада ушбу қисқа муддат ичида 28 мингга яқин юртдошларимиз Умра сафарида бўлиб қайтдилар.

Таъкидлаш лозимки, Саудия Арабистони ҳукумати томонидан Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш соҳасида фирибгарлик, виза, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва бошқа шу каби иқтисодий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ушбу соҳада шаффофликни таъминлаш ва зиёратчиларга қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида 2019 йилнинг сентябрь ойидан умра соҳасида Ягона электрон платформа ишлаб чиқилди ва жорий этилди.

Ушбу янги тизимни амалда жорий этилиши ҳам умра визасини тақдим этишда баъзи кечикишларга олиб келди. Шунга қарамасдан, Жамоатчилик кенгаши томонидан амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида 2019 йилнинг 14 ноябрь кунидан бошлаб ҳар куни фуқароларимизнинг “Тошкент-Жидда-Тошкент” йўналишида Умра сафарлари ташкил этилаётганлигини маълум қиламиз.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган умра визасини Ўзбекистон Республикаси фуқароси учун хорижда расмийлаштириш тартиби бўйича шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, хорижнинг исталган давлатларида белгиланган тартибда расмий рўйхатдан ўтган ҳолда “резидент” сифатида яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси ушбу мамлакатдаги Саудия консуллик хизматига мурожаат қилиб умра визасини расмийлаштириши мумкин. Мазкур тартиб-қоида Саудия ҳукумати томонидан жорий этилган бўлиб, Умра сафарига борувчи ҳар қандай фуқаро ўзи яшаб турган мамлакатидаги Саудия консуллик хизматидан виза расмийлаштириши белгиланган.

Масалан, индонезиялик зиёратчи Туркияда жойлашган консуллик хизматидан умра визасини расмийлаштириши учун Туркияда муқим яшаётгани ҳақидаги ҳужжатни Саудия консуллик хизматига тақдим этиши зарур. Акс ҳолда, ушбу умра визасини Индонезиядаги Саудия консуллик идораларидан расмийлаштириши лозим бўлади.

Умра тадбири юртдошларимиз учун муқаддас ибодат ҳисобланади. Аммо охирги йилларда умра тадбирини ташкил этиш мақсадида диний зиёратларни ташкил этишга ваколати ва диний соҳага алоқаси бўлмаган “ўртакашлар” ушбу амалиёт билан шуғуллана бошлаган. Сабаби, ушбу фаолият сезиларли молиявий инвестицияни талаб этмайди, бу соҳа рекламага муҳтож эмас ва мунтазам даромад манбаини ташкил этади. Шунинг учун ҳам айримлар гўёки халқимиз учун хизмат қилиш даъвосида ўз манфаатини ўйлаб, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасига “монополия”да айблаб тош отмоқда...

Ўйлаймизки, Ўзбекистон Республикасида диний ибодат ва амалларни амалга оширишда ваколатли мутасадди ва масъулларни изоҳлаб ўтишга зарурат йўқ!

Унутманг! Юртимиздан учинчи давлатлар орқали умра визасини расмийлаштириб, Саудия Арабистони Подшоҳлигига юбораётган айрим турфирмалар Саудия Арабистони виза низомига зид равишда иш тутмоқдалар. Ушбу салбий ҳолатлар Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги томонидан расмий қайд этилмоқда. Бу каби саёҳат дастурларида тиббий хизмат, ҳуқуқий ҳимоя таъминланмаган ва диний амалларни тўлақонли бажарилишида нуқсонлар мавжуд. 

Шунингдек, баъзи маҳаллий турагентлар ва тижоратчилар томонидан Ўзбекистон фуқароларига Саудиянинг туризм визаларини қалбакилаштириш ҳолатлари ҳам кўпайиб кетганлиги тўғрисида расмий нота олинди. Ҳозирги кунда 49 та давлат фуқаролари учун жорий этилган Саудия Арабистонининг туризм визаси Ўзбекистон фуқароларига тақдим этилиши назарда тутилмаган. Бироқ, жорий йилнинг октябрь ойида айрим “ўртакаш шоввозлар” Саудия онлайн тизимида юртимиз фуқаролари учун электрон туризм визасини Қозоғистон фуқароси номидан расмийлаштириб, кейинчалик техник воситалар орқали уни қалбакилаштириб, фирибгарлик йўли билан Саудия Арабистонига бир нечта гуруҳларни Умра зиёратига юборган. Натижада, Саудия чегара хизмати томонидан 400 дан ошиқ Ўзбекистон фуқаролари депортация қилинди.

Шуни афсус билан қайд этиш керакки, баъзи “тижоратчиларнинг” пул кетидан қувиши натижасида фуқароларимиз учун муқаддас ҳисобланган Ҳаж ва умра ибодатларини ташкил этишда ҳам фирибгарлик ҳолатлари аниқланди ҳамда бир нечта шахслар устидан шикоят аризалари кўриб чиқилмоқда.

Доно халқимиздан муборак ибодатларни бажаришда Ўзбекистон ҳукумати яратиб бераётган имкониятлардан фойдаланиб, муқаддас Ислом динимиз талаблари асосида Умра зиёратини адо этишларини сўраймиз. Бу ибодатларни ташкил этишга киришган, ўзини халқпарвар қилиб кўрсатаётган манфаатдор шахсларнинг тегирмонига сув қуйиб, халқимиз орасида турли тушунмовчиликларни келиб чиқишига шерик бўлиб қолмайлик.

Мақсадимиз – ватандошларимизнинг умра ибодатини эсон-омон, хавфсиз ва мукаммал бажартириб, оила аъзолари, яқинларига топшириш.

Бу мамлакатимиздаги юртдошларимизга бўлган ғамхўрликнинг намунасидир. Шундай экан, Байтуллоҳ зиёратига ҳам сабр билан етишсак, “Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” деган муборак калимага муносиб иш қилсак, албатта, сабримизга Яратганнинг ўзи чиройли мукофот билан жавоб беради.

Шу ўринда фуқароларимизнинг диний эътиқодларини ўйин қилаётган айрим шоввоз “блогер”ларга холисона насиҳат. Илтимос, диний ибодат масаласида халқимизни чалғитманг ҳамда давлат органлари ва масъул идораларни асоссиз айблашдан тийилинг. Умра ибодатини ташкил этиш масаласида ҳукумат ва мутасадди идораларни асоссиз айблаб, муборак ибодатни саёҳат ва тижоратга айлантираётган, ўз чўнтагини қаппайтириш илинжида, фуқароларимизнинг ишончига кириб, улардан моддий манфаат орттириш мақсадида юрганларга хизмат қилувчи бўлиб қолманг!

Ҳурматли юртдошлар, унутмангки, биз ибодатларингиз мукаммал, сафарингиз хавфсиз ва хотиржам бўлиши тарафдоримиз. Ўз навбатида, турли буюртма ва шахсий манфаат ортидан қувиб ёзилган ҳар қандай хабарларга эътибор бермаслигингизни сўраб қоламиз!

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Read 2246 times

Мақолалар

Top