Мақолалар

Одоб олтиндан афзал

Аллоҳ таолонинг муборак каломидаги оятлардан бирида шундай мазмун бор: “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё, 107).

Ҳақ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бошқа пайғамбарлардан бир қанча хусусиятлар билан афзал қилган бўлса, юқоридаги мазмун ана шу хусусиятларнинг аввалгисидир. Олимларнинг таъкидлашларича, Ҳазрат Пайғамбаримиз мўминларнинг икки дунё саодатига эришишлари учун раҳмат бўлсалар, мушрик ва кофирларнинг қилмишлари оқибатида дунёни оммавий балолар, офатлар тутмаслиги учун раҳматдирлар.

Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яна кўплаб хусусият ва фазилатлари ҳам борки, буларнинг ҳаммаси У зотнинг даражалари, ҳақиқатан, улуғликларидан далолат беради.

Яна Аллоҳ таоло ўзига маълум ҳикмат билан  Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини энг яхши уммат деб атаган. Шундай экан, Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор  бўлишнинг йўли суннатга эргашишда эканлигини яхши англамоқ керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари биз учун катта ибрат мактабидир.

Ҳаётда баъзи кишилар ўзларига таниш, билган солиҳ кишиларга ҳавас қилиб “сизга ўхшаб юрайлик” ёки “фарзандаларимиз сизга ўхшасин” деб қолишади. Эътибор берсак, ўша кишилар ҳавас қилган солиҳлар суннатни маҳкам ушлаган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқлари билан хулқланишга ҳаракат қилган бўлишади. Кўринадики, аслида мўмин-мусулмон учун ўрнак, ибрат бўлишга энг лойиқ зот Муҳаммад алайҳиссаломдирлар.

Мўътабар зотлар, ижодкорлар ана шу гўзал хулқни, намунани авлодларга ўз асарларида етказишга ҳаракат қилганлар. Шу боис, ҳазрат Алишер Навоий ҳикматли сўзларига ҳам ҳадиси шарифлар асос бўлган. Заминида оят ва ҳадислар мазмуни ва уларга ишора бўлган сўзлар ҳамма замонда ҳам каттаю кичикка манфаатли бўлади. Шоир маънавий гўзалликни кишининг битмас бойлиги, деб билади:

Олтин-кумуш касб этма давлат кунидин,
Ким тортар адаб улусни меҳнат тунидин.
Гар йўқтур адаб, не суд олтин унидин,
Элнинг адаби хушроқ эрур олтунидин.

    

Шоирнинг фикрича, кишида адаб бўлса, бу унинг икки дунё саодатига  эришмоғи аломатидир. Ҳазрат Навоий бу ўринда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳеч бир ота ўзининг фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қилолмайди”, деган муборак сўзларига асосланганлар.

Буюк шоир ҳикматларини ўқир эканмиз, инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, эзгулик, ўзаро ғамхўрлик ҳамма замонлар учун муҳимлигини кўрамиз:

Кимки, бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай
Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.

Яъни, эҳтиёжманд одамларга раҳм қилиш, уларга ёрдам беришнинг аҳамияти, савоби Муқаддас Каъба бузилса, тузатиш билан тенг дейилмоқда. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, сизнинг бирингиз ўз биродарининг ойнасидир. Агар унда кирни кўрса артиб қўйсин”, дедилар. Мазкур ҳадиси шариф мазмунида ҳикматли сўз айтган шоир: нуқсонни, камчиликни холис ўзингизга маълум қилган ойнадан хафа бўлиб, уни хира қилманг. Бошқа айбингизни кўрсатмай қўяди, дейди:

Киши айбинг деса дам урмагилким, ул эрур кўзгу
Чу кўзгу тийра бўлди ўзга айбинг зоҳир айларму?

Аллоҳ таоло барчаларимизни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ яшашга муваффақ қилсин!

Шукруллоҳ ТОШХЎЖАЕВ,
Марғилон шаҳар “Қашқар” масжиди имом-хатиби

 

Read 3315 times

Мақолалар

Top