Мақолалар

НОДИР ВОҚЕЛАР

Имрон деган бир киши хотининг олдига кирди. Бу кишининг юзи ниҳоятда хунук эди. Хотини эса, гўзал аёл эди. Хотинига кўзи тушиши билан ундан кўзини узолмай қолди. Шунда хотини: «Нега менга бундай тикилиб қолдингиз?» деди. «Кўзимга ҳар доимгидан ҳам гўзал бўлиб кўриниб кетдинг, шунинг учун сендан кўзимни узолмай қолдим. Аллоҳ таолога ҳамд бўлсинки, шундай гўзал аёлни насиб этди» деб жавоб берди эри. Шунда хотини: «У ҳолда иккаламиз жаннатга бирга кирар эканмизда» деди. «Қаердан билдинг?», деди эри. Сизга мендек аёл бергани учун шукр қилсангиз, мен бўлса сиздай инсонга сабр қилганим учун-да! Ахир сабр қилувчи билан шукр қилувчи жаннатга кирадику», деди.

 

***

Туфайл кунларнинг бирида одамларнинг кўплашиб кетаётганини кўриб, зиёфатга кетаётган бўлсалар керак деб, у ҳам улар билан бирга кетди. Ҳаммаси бирин-кетин подшоҳга таёрлаб келган шеърларини айтиб, мукофотларини олишарди. Биргина Туфайл жимгина ўтирар эди. Шунда улардан бири Туфайлга қараб “Шеърингни айтмайсанми?” деди. У: “Мен шоир эмасман”, деб жавоб қайтарди. “У ҳолда кимсан, нега келдинг?” деб сўрашди. У шундай жавоб берди “Мен гумроҳларданман. Аллоҳ таоло каломида:

وَالشُّعَرَاء يَتَّبِعُهُمُ الْغَاوُونَ

«Ва шоирларга гумроҳлар эргашур» деганку, деди. Бу сўзни эшитган подшоҳ ҳам кулиб юборди ва унга ҳам мукофот берди.

 

***

Усмон ибн Рабоҳ бир дўсти билан узоқ шаҳарга сафарга чиқди. Унга дўсти сафарда: “Эй Усмон, бозорга бориб гўшт олиб келсанг овқат қилар эдим”, деди. Усмон унга: “Бу иш қўлимдан келмайди”, деди. Дўсти бозорга бориб гўшт олиб келди ва: “Эй Усмон, гўштдан овқат тайёрла”, деди. Усмон унга: “Аллоҳга қасамки бундай иш қўлимдан келмайди”, деди. Дўсти ўзи овқат тайёрлади ва: “Овқат тайёр бўлди, уни дастурхонга олиб кел”, деди. Усмон яна: “Аллоҳга қасамки бу иш ҳам қўлимдан келмайди”, деди. Дўсти дастурхон ёзиб, овқатни олиб келди-да: “Энди ҳам емайсанми?”, деди. Шунда Усмон: “Узрим кўпайиб кетди, сенинг олдингда ҳам хижолатдаман», деди-да дастурхонга қўйилган овқатни паққос туширди.

 

Хулоса ҳар кимнинг ўзига ҳавола...

 

Иззатуллоҳ ЙЎЛДОШЕВ,

Тошкент Ислом институти мударриси.

Read 2540 times
Tagged under

Мақолалар

Top