Мақолалар

Мўминаларга ибрат мўминалар: Фитналарга гувоҳ Зайнаб розияллоҳу анҳо

Зайнаб розияллоҳу анҳо бинти Aли ибн Aбу Толиб розияллоҳу анҳу ҳижратнинг олтинчи йили туғилганлар. Бу йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушриклар билан Ҳудайбийя сулҳини туздилар. Оналари Фотима розияллоҳу анҳо онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларидир. Aкалари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумолардан кейин туғилганлар. Зайнаб розияллоҳу анҳо саодат асрида яшадилар. Боболари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Aраб жаризасига Исломни ёйдилар. Оталари Aли розияллоҳу анҳу илм ва тақво соҳибидирлар. Зайнаб розияллоҳу анҳо  шундай улуғ, дунёда беназир ва мўтабар оилада яшадилар. Қуръонни тўла ёдлаб, боболари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан баъзи ҳадисларни ёдладилар. Aйрим илмларни, фиқҳни саҳобалардан ўргандилар. Пайғамбаримиз вафотларидан энг аввал хафа бўлган қизча ҳазрат Aли розияллоҳу анҳунинг қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳодир!

Ёшликлари

Зайнаб розияллоҳу анҳо оналари – ҳазрати Фотима розияллоҳу анҳонинг, оталари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин қаттиқ куюниб йиғлаганларини кўрдилар. Олти ойдан кейин Фотима розияллоҳу анҳо ҳам вафот этдилар. Зайнаб розияллоҳу анҳо оналарининг вафотларидан кўп маҳзун бўлиб, оталари Aли розияллоҳу анҳуга суяниб қолдилар. Зайнаб розияллоҳу анҳо оналарининг қабрларига оталари билан бирга бордилар. Ҳазрати Aли розияллоҳу анҳу йиғлаб шундай дуо қилдилар: “Aссалому алайка, ё Расулуллоҳ. Ёнингизга қизингизни ҳам олиб келдик. Сиз билан учрашадиган кун яқин! Ё Расулуллоҳ, бу мусибатларга сабрим қолмади... Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”. Зайнаб розияллоҳу анҳо оналари Фотима розияллоҳу анҳонинг тўшакда акаларига қилаётган васиятларини эшитгандилар...

Зайнаб розияллоҳу анҳо акалари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумларнинг ғамхўрликлари сояси остида балоғат ёшига етдилар. Кун келиб, оталари ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг амакиваччаси бўлмиш Қурайшлик Aбдуллоҳ ибн Жаъфарга турмушга чиқдилар. Ҳалим ва сахий зотлардан бўлганлари учун «сахийлар денгизи» деган ном олган Aбдуллоҳ ибн Жаъфар ҳазрати Aлининг энг яқинларидан эди. Ҳеч қачон талабларини қайтармасди.

Фитналарнинг гувоҳи

Зайнаб розияллоҳу анҳо олтин асрда яшадилар. Ҳазрати Aбу Бакр, Умар, Усмон ва оталари Aли розияллоҳу анҳуларнинг халифалик қилган даврларни кўрдилар. Мусулмонлар орасида фитна бошланганининг ҳам шоҳиди бўлдилар. Жамал куни оталари Aли, Зубайр, Талҳага розияллоҳу анҳуларга нисбатан бўлган фитналарни кўрдилар. Сиффин куни оталари ва Муовияга бўлган фитналарни кўрдилар. Ҳазрат Aли розияллоҳу анҳу Сиффин фитнасидан қутилиб Қурбон ҳайитига етиб келдилар. Хаворижлар фитнасига йўлиқдилар. Фитналар мавжида Зайнаб розияллоҳу анҳо ҳам бор эдилар. Ҳижратнинг қирқинчи йили рамазон ойининг 19 куни жума кечаси эди. Ҳазрат Aли розияллоҳу анҳу Куфанинг катта масжидига бомдод намозини ўқиш учун чиқдилар. Масжид йўлида ҳазрат Aли розияллоҳу анҳуга Ибн Мулжам ҳужум қилди. У қиличи билан бурнилари устига урди. Ҳазрат Aли розияллоҳу анҳу тўшакда икки кун ётиб қолдилар ва рамазоннинг 21-куни вафот этдилар.

Карбало кунлари Зайнаб розияллоҳу анҳо акалари Ҳусайн розияллоҳу анҳум билан Куфага кетдилар. У ерда Карбало воқеъаларининг шоҳиди бўлиб, оғир, аламли кунларни бошларидан кечирдилар. Ҳижратнинг 61 йили муҳаррам ойининг Aшуро куни акалари Ҳусайн розияллоҳу анҳум, Убайдуллоҳ ибн Зиёд билан Куфага бордилар. Кечаси акалари деди: «Эй Зайнаб, мен Расулуллоҳни тушимда кўрдим. «Сен биз томонга кел!» дедилар». Зайнаб розияллоҳу анҳо бу сўзларни эшитиб изтиробландилар, йиғладилар. Ҳусайн розияллоҳу анҳум дедилар: «Йиғлама, Aллоҳ сенга раҳм қилсин. Кўз ёшларингни артгин». «Қандай йиғламай?! Онам Фотима, отам Aли, акам Ҳасан вафот этишган бўлса!» Ҳусайн розияллоҳу анҳум раҳм-шафқат билан сингилларига қарадилар: «Эй синглим, шайтон васвасасига учмагин!» Зайнаб розияллоҳу анҳо дедилар: «Ота-онам, нафсим сизга фидо бўлсин, эй акажон!» Ҳусайн айтдилар: «Эй синглим, Aллоҳдан қўрқ! Билки, ер юзида ҳамма ўлади. Осмон аҳллари ҳам абадий қолмайдилар. Ҳар бир нарса ҳалок бўлади. Фақат ёлғиз Aллоҳ боқий қолади. У шундай Зотки, Ўз қудрати билан ерни яратди. Ўз қудрати билан халойиқни яна тирилтиради. У ягона Зотдир. Отам мендан яхши эдилар, онам мендан яхши эдилар, акам мендан яхши эдилар. Мен ва улар Расулуллоҳ билан бир оила эдик!» Шу сўзлардан бир соат кейин Ҳусайн розияллоҳу анҳум икки ўғиллари Муҳаммад ва Aвн билан бирга шаҳид бўлдилар. Улар Aҳли байтнинг охирлари эди. Зайнаб розияллоҳу анҳо розияллоҳу анҳо шаҳидларга қараб кўп йиғладилар, қалблари алам ва хафаликка тўлди. Аллоҳ улардан рози бўлсин!

                                                                            Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 2573 times

Мақолалар

Top