Мақолалар

Ажралиш сабаблари ва уларнинг ечимлари (биринчи мақола)

Ҳар-қандай жамиятни ривожлантирадиган, фаровонликка, бахт-саодатга етаклайдиган омиллар бўлиши билан бир қаторда, шу жамиятни парокандаликка, мавжуд фаровонликнинг кўтарилишига, бахтсизликка олиб келадиган сабаблар ҳам мавжуддир. Ана шундай мусулмонлар жамиятига зарарли бўлган иллатлардан бири бу- оилаларнинг ажралишидир.

Оила бузилишининг баъзи сабаблари ва уларнинг муолажаси ҳақида сўз борар экан, албатта бунда ҳаётимизда бўлиб турган ҳолатларни ҳисобга олиб, қуйида келадиган асосий омиллар эътиборидан сўз юритилади.

1.Оила ва оилавий муносабатлар ҳақида илмнинг етишмаслиги.

Бу борада биринчи ўринда турадиган омил оилавий ҳаёт, эр-хотин ораларидаги муносабатлар ва оила юритиш бўйича маданиятнинг етишмаслиги, тўғрисини айтганда, ўсиб келаётган ёшларга, бўлғуси келин-куёвларга турмуш маданиятини ўргатиш йўлга қўйилиши лозим. Минг афсуслар бўлсинки, кўпчилик келин-куёвлар тўйдан кейин ўз хоналарида ёлғиз қолганларида, уларда оилавий ҳаёт ҳақидаги олинган асосли, шаръий таълимотлар эмас, балки кўча-кўйда эшитган асоссиз маслаҳатлар қолади. Ваҳолангки ҳар бир мусулмонга ўз ҳолати қандай бўлса, шу ҳолатининг шаръий ҳукмини ўрганиб олиш лозимдир. Мисол учун, тижоратчи савдо-сотиқ илмини, ота-она фарзанд олдидаги шаръий ҳуқуқ ва мажбуриятларини, эр хотини олдидаги ва хотин, эр олдидаги вазифаларини ўрганиши фарздур. Чунки:

عن أنس بْنِ مَالِكٍ قَالَ :عن النبيِّ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم أنه قالَ : طَلَبُ العِلْمِ فَرِيْضَةٌ عَلَىْ كُلِّ مُسْلِمٍ
.رواه ابن ماجه ( 224 )

Анас ибни Молик розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм ўрганиш ҳар бир мусулмонга фарздур”, дедилар”. Ибни Можжа ривояти.

Яъни, ушбу ҳадисдан ҳамманинг зиммасида ҳамма илмларни ўрганиш борлиги тушунилмайди, чунки бунга банданинг тоқати етмайди, шариъат эса бандага тоқатидан зиёда нарсани юкламайди. Демак, ҳар-бир мусулмонга ўз ҳолати қандай бўлса, шу ҳолатининг шаръий ҳукмини ўрганиб олиш фарздур.

Жамиятимизда келин куёвликка номзод ёшларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишларини тартиб билан керакли ҳажм ва савияда йўлга қўйишимиз жуда ҳам зарур.

Албатта, оилани қуриш, у қай тарзда амалга оширилиши, оила аъзоларининг ўзаро муносабатлари қандай бўлиши кераклиги ва бошқа зарур нарсалар ҳақидаги динимиз таълимотларини олдиндан билиб, уларга ихлос билан амал қилиш, ҳар бир мўмин-мусулмон учун, унинг бахт-саодати, оиласининг мустаҳкамлиги учун шартдир. Оилавий нохушликлар ва муаммоларнинг асл негизи ўша таълимотлардан бехабарлик ёки уларга амал қилмасликдир.

Албатта, ҳар бир нарсани тушуниб етиб, билим асосида олиб бориш кўп яхшиликларнинг манбаси бўлади. Оила, эр-хотинлик муносабатлари жуда ҳам нозик нарсалар экани ҳаммага маълум. Шунинг учун бу муносабатларга жиддий қарашимиз ва уларни юқори савияда тутишга ҳаракатда боўлишимиз лозим. Айнан шунинг учун ҳам фарзандларимизни оилавий ҳаётга ёшликларидан ўргатиб боришимиз, бу борада моддий тарафларига эътибор бериб, маънавий тарафларни унутиб қўймаслигимиз зарур.

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Раҳимов Неъматуллоҳ

Read 4040 times

Мақолалар

Top