Ватан! Ватанни онага қиёслашади. Ватанга бўлган муҳаббат..., ватан соғинчи..., ватан меҳри..., ватан орзуси..., ватанга бўлган садоқат..., ватанга бўлган “рашк”..., ватан армони..., ватан ҳимояси... – бу тушунчаларнинг барчаси “она” деган сўз билан тенгликдаги ифодаланишидир. Бу икки сўз ўртасидаги яқинлик бамисоли ажратиб бўлмайдиган қалб ва юракни ифодалаш кабидир. Туғиладиган ҳар бир гўдакнинг киндик қони тўкилган маскани, соғинч ва меҳр тафтини ҳис қила оладиган, бағрида эркин ўниб-ўсиб, камол топадиган ва бир дунё орзулар қуршовида улғаядиган, ҳимояси остида армондан ҳоли, баъзан эркаланиб, рашки келадиган даражадаги қизғаниш ҳиссини ҳосил қиладиган барча туйғуларни – онага ҳам, Ватанга ҳам қиёслаш мумкин. Аслида онаси ҳаёт инсонларнинг “Она” сўзига берадиган изоҳидан кўра, боши бир марта силанмаган, қалби унинг мулойим меҳрини туймаган, муҳаббатини ҳис қилмаган, бир марта бўлса ҳам, “она” деган сўзни айтишни истаган, онаси борларга ҳавас билан қарайдиган инсонлар қалбидан чиқадиган фиғонларида кўринади. “Ватан” деган тушунчага ҳам шундай фикр бера оламиз.
Улуғ алломанинг шундай фикрларини ўқишимиз мумкин: “О Ватан, сен ҳар кимни қул қил, қаро қил, лекин эшикларда сиғинди қилма. Майли, шоҳман деганни тахтингга кўтарма, лекин муҳожирликни, мусофирликни, ундаги пуртанали ўрмонларда чўккан кўнгилларни кўтар... Кўнгил! Сенда яшовчан бўл, умрзоқ бўл... Агар сени топтасалар, вайрон айласалар чидагил кўнгил, чунки сенинг пойингда беминнат тупроқ – Ватан бор...” Ҳар қандай шоир-шеър, байт, ғазал, битиклар битсин, бастакор ўз мусиқасида куйласин, ёзувчи қаламидаги сиёҳларини тўксин, аммо қалби Ватан соғинчини туймаган, эрки ва озодлигини орзу қилган инсонларнинг унсиз фарёди каби ифодалаш мушкулдир. Юқоридаги мисралар оддий ва соддагина тилда ифодаланган бўлсада, аммо унинг туб замирида умри қулликда ўтган, оиласи ва фарзандларини қулликдан қутқариш, ватанини эрки ва озодлиги учун, миллатдошларининг топталган қадрини кўтариш умидида жонларини аямай фидо қилган юксак ва жасорат қалб соҳибларининг тўкилган қонлари эвазига бугун ўз уйи ва маконига эга бўлган инсонларнинг ана шундай осойишта ҳаёт кечираётганликлари бунинг яққол намунасидир. Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунимизда ҳам иссиққина уйларидан, яшаётган маконларидан ўз ота-оналари ва қариндош-уруғларидан йироқда бўлиб, ватанининг бир қарич тупроғини соғиниб, халқининг тинч ва осойишта ҳаётларини давомийлигини таъминлаб, иссиқни иссиқ демай, совуқнинг қаҳратон кунларига бардош қилиб, ўз жонини хавф-хатарга қўйиб, ватанимизнинг чегара сарҳадларида тунни-тун демасдан хизмат қилаётган ватандошларимиз сергак тортиб турганликлари сабаб, бешикда ётган гўдакларимиз тинчгина ором олиши, фарзандларимизнинг эркинликда таълим олаётганликлари, ҳар-биримиз севган ишимиз ва машғулотларимиз билан шуғулланиб туришимиз бунинг яққол исботидир.
Аслида, ватан меҳрини, уни соғинчини туйишимиз учун йироқлардан туриб ҳис қилишимиз шарт эмас... Гўзал гўшамизнинг азим тоғларидан бўлмиш Ҳазрати Султон тоғининг 2400 метр баландлигидан туриб, замин узра боққанингизда, табиатининг нақадар гўзаллигини кўриб, мусаффо, тоза ҳавосини туйганингизда, беихтиёр қалбингизда ватанга нисбатан муҳаббат ва соғинч ҳисси пайдо бўлади. Ҳар қандай инсон тепаликдан пастга қараганда, адирлар узра очилиб турган қип-қизил алвон лолаларни кўриб, ана ўша ватандошларимизнинг эрк ва озодлик йўлида тўкилган қонларини тўп-тўп бўлиб очилган лолақизғалдоқларнинг рангларида кўрсалар ажабмас...
Аллоҳим барчамизни қалбларимизни яшаб турган она ватанимиз ҳамда бир ҳаводан нафас олиб турган ватандошларимизга нисбатан эътиборли ва муҳаббатли қилдириб қўйсин, ёмон назар билан қараган кимсаларнинг ёвуз ниятидан омонда сақлашини Ўзидан сўраймиз. Ватанимиз тинчлиги ва осойишталиги бардавом бўлсин. Адолатли ва одилона сиёсат боши бўлмиш – юртбошимиз, юртимизни юксак маънавиятли миллат даражасига кўтариб, ёш авлодларига қилиб бераётган кўплаб имкониятлари негизида, келажак авлодларининг ватан олдидаги чексиз хизматлари эвазига унинг равнақини ошириш ва бошқа мамлакатлардан ажралиб туришини таъминлашдаги ишончларини оқлаш ҳар бир қалбида ватанига, юртига, миллатига нисбатан муҳаббати бўлган ёшларимизга насиб қилсин.
Нилуфар Бердиева
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқув-услубий бўлим бошлиғи