Мақолалар

Ажралиш сабаблари ва уларнинг ечимлари (учинчи мақола)

3. Ёш оилага ота-оналарнинг аралашуви.

Қадимдан мусулмон халқларида, жумладан, бизнинг халқимизда оиланинг катталари, ота-оналар ёш оилаларнинг мустаҳкамлиги гаров бўлиб келганлар. Ҳалқимизда “жанжалсиз уй йўқ” дейилади, келин-куёвлар ёш ва ҳаётий тажрибаси камлиги сабаб келиша олмай қолсалар, уларни яраштиришни ўз бурчлари деб билганлар. Ҳар бир ота-она фарзандларига насиҳат қилган ва оилаларнинг мустаҳкамлигига ҳисса қўшган. Гоҳо қаттиқроқ гапириб, гоҳ мулойимлик қилиб, ҳикмат биланиш тутганлар.

Бизнинг ҳалқимизда “фалончининг қизи уйига аразлаб келибди”, “фалончининг келини уйига кетиб қолибди” деган гапнинг оиладан ташқарига чиқиши шу оила учун ор ва уят бўлган, ҳатто бундай ҳолатларда ота-оналар “сенинг унинг ўша ер, сен бизникидан кетгансан, яна шундай қилсанг сендан норози бўламан”-деб, ҳаётда сабрлик бўлишга буюриб, қайтариб олиб бориб қўйишган. Шунингдек “фалончининг ўғли келини билан уришиб қолган экан, “агар келинни яна бир марта хафа қиладиган бўлсанг, фалон қиламан”-деб, ўғлини роса уришганлар. Хуллас, икки тарафнинг катталари нима қилиб бўлса ҳам оила мустаҳкамлигининг қайғусини қилар эдилар.

Ҳозир эса, гоҳида бунинг акси бўлган ҳолатларга гувоҳ бўлиб қоламиз. Ота-оналар, айниқса қайноналар келин-куёв ўртасини бузган, ўзаро қудачилик муносабатларида мусулмон одоб-аҳлоқи, ўзаро гўзал хулқ, одамгарчилик, бағрикенглик ўрнига моддият биринчи ўринга чиққан, дунё матолари қудачиликдаги бош меъзонга айланган. Бу борада ақл бовар қилмайдиган ишларни кўриб, гапларини эшитиб ёқа ушлайсиз. Баъзи оналар ўғлига “хотинингни талоқ қилмасанг сени оқ қиламан” деб, фарзандини талоқ қилишга мажбурлаб, у ноиложликдан талоқ қилиб қанчадан-қанча янги оилалар бузилиб кетяпти. Бу ҳолатларнинг келиб чиқишига ота-оналарнинг инсофсизлиги, уларнинг шариатни билмасликлари, унга амал қилишни хаёлларига ҳам келтирмсликлари ва энг ёмони, гарчи кофир бўлсада дунё ишларида қабул бўладиган мазлумнинг дуосидан қўрқмасликлари сабаб бўлмоқда. Бундай кимсалар боласи ўз жуфти ҳалоли билан саодатли умр кечираётганини етарли ҳисобламайдилар. Улар бир-бирларига эмас, бизга ёқишлари керак деган фикрдалар.

Баъзи оналар “агар аёлингдан ажрамасанг сени оқ қиламан, берган оқ сутимга розимасман, сендек болам йўқ” каби таҳдид қилиб, бечора фарзанд икки ўт орасида қолади. Бир тарафда катта қилган ота-онаси, бошқа тарафда умид билан бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдоши. Охири Аллоҳнинг олдида гуноҳкор бўлиб қолмасликка қасд қилиб, дийний ечим қидиришга қарор қилади.

Аллоҳнинг амрига диний таълимотига кўра ота-онанинг ҳаққи жуда ҳам улуғ, ота-онанинг ҳаққини қўлдан келганча адо этишга ҳаракат қилади. Ундан ташқари бу ҳолатда эрлар ўз аёлини талоқ қилишга шошмаслклари лозим.

Дунёдаги барча махлуқотларга оид нарсаларнинг чегараси бўлган каби, ота-она ҳаққининг ҳам чегараси бор, чунки мазҳабимизнинг фиқҳий қиодаларидан бири:

لاَ طَاعَةَ لِمَخْلُوقٍ فِي مَعْصِيَةِ الْخَالِقْ

Яъни: Холиқ(Аллоҳ)га маъсият бўлган ишларда махлуқ(Аллоҳдан бошқа)ларга итоъат йўқдур.

БанданингАллоҳнинг амрига зид бўлган хоҳиши рад қилинади. Аллоҳга маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди.

Бугунги кунда кўпгина аҳли илм домлаларимизга оилавий муаммо билан савол сўраб келган шахсларнинг аксарият қисми ўз жуфти ҳалоли билан яхши муносабатда бўлса ҳам, ота-онасининг зўрлаши сабабли оила бузилаётганидан шикоят қилишади. Яқин замонда вафот этган, забардаст олимларидан Али Тантовий роҳимаҳуллоҳ ўз фаолиятлари давомида, узоқ йиллар оилавий ажрим масалаларидан ўттиз минга яқинини кўриб чиқишга тўғри келганини ва бу борада у кишида катта тажриба ҳосил бўлганини айтиб, “оилавий ажралишларнинг тўрттадан учтаси учинчи томоннинг аралашуви сабабдур, мен тажрийбамдан келиб чиқиб қатъий ишонч билан айта оламанки, агар эр-хотин орасига ҳеч-ким аралашмасалар ўзлари келишиб оладилар”-дейдилар.

Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга ҳаракат қилинади. Бошқа бировнинг-гарчи улар ота-она бўлса ҳам-хоҳишига биноан оилани бузишга рухсат йўқ. Бу ҳақиқатни барча уламолар таъкидлаганлар.

Шайх Тақиюддин онаси хотинини талоқ қилишга буюрган киши ҳақида: “Унинг учун хотинини талоқ қилиш ҳалол бўлмайди. У онасига яхшилик қилаверади. Хотинини талоқ қилиш онасига яхшилик қилишдан эмас”- деган.

عن معاوية بن الريان، أنه سمع رجلا، يسأل عطاء عن رجل له أم وامرأة، والأم لا ترضى إلا بطلاق امرأته قال: ” ليتق الله في أمه وليصلها ” . قال: أيفارق امرأته؟ قال عطاء: ” لا ” ؛ قال الرجل: فإنها لا ترضى إلا بذلك؛ قال عطاء: ” فلا أرضاها الله، امرأته بيده إن طلقها فلا حرج وإن حبسها فلا حرج”. رواه حسين المروزى

Муовия ибн Райёндан ривоят қилинади:

“У бир кишининг Атодан савол сўраганини эшитди: у кишининг онаси ва хотини бўлиб, онаси хотинини талоқ қилишдан бошқа ишга рози эмас экан. Шунда у: “Онаси ҳақида Аллоҳга тақво қилсин ва унга силаи раҳим қилаверсин”-дейди.

“Хотинини қўйиб юборадими?”-деди.

“Йўқ”- деди Ато. Шунда ҳалиги одам:

“Онаси шундан бошқага рози бўлмаяпти”-деди.

“Уни Аллоҳ рози қилмасин! Хотини қўлида. Талоқ қилса ҳам танглик йўқ, тутиб қолса ҳам танглик йўқ”- деди”.

Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.

Демак, ота-она Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган нарсани буюрса, қилмаслик керак бўлади, талоқ худди шундай нарса экан. Талоқ тушса Роҳманнинг арши ларзага келади.

 

 “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Раҳимов Неъматуллоҳ

Read 2833 times

Мақолалар

Top