Мақолалар

Ватанга хиёнат – улкан гуноҳ!

 

Туркия давлатининг чекка бир ҳудудида “Демирқоя” деган бир қоя бор. Бу қоянинг тарихи қуйидагичадир:

Ривоятларга кўра қадимда ушбу ҳудудда Демир исмли бир қароқчи яшаган. У бутун умрини қароқчилик билан ўтказиб, ўтган карвонларни йўлини тўсар ва ундаги мол-мулкларни талон-тарож қилар эди.

Кунлардан бир кун навбатдаги яна бир карвонни йўлини тўсди. Карвон эгаси нуроний кекса бир донишманд эди. Демир карвондаги молларни зўрлик билан эгаллай бошлаганини кўрган донишманд унга қараб шундай деди: Эй, ҳолингга вой бўлсин! Ахир сени онанг қароқчилик қилиб кун кечиришинг ва жаҳаннамда ёнишинг учун дунёга келтирганми-ди?

Донишманднинг айтган сўзлари Демирга жуда қаттиқ таъсир қилди ва унинг оёқлари остига йиқилди.

Мени Аллоҳ кечирармикан? Мен бутун умримни қароқчилик қилиб, қанчадан-қанча инсонларга зулм қилиб ўтказдим – деди.

Аллоҳ меҳрибон ва раҳмли зот. Агар чин дилдан тавба қилсанг, У албатта гуноҳларингни кечиради. Мана бу дарахт кўчатини олиб бир чеккага эккин ва қўлингдан келганича савобли ишларни қилгин. Кўчат кўкарган куни билгинг-ки, Аллоҳ сени тавбангни қабул қилиб, гуноҳларингни кечирган бўлади.

Демир бутун топган молу-мулкини етимлар ва мискинларга эҳсон қилди. Шунингдек ўзи қароқчилик қилган йўл юзига йўловчилар қўним топиб, бир муддат ором оладиган равоҳлар қурдирди. Ҳар куни эккан кўчатига қарар, лекин кўчат кўкармас эди.

Бир куни савоб умидида равоҳида ўтирса, узоқдан шошилиб келаётган нотаниш отлиқ йўловчига кўзи тушди. Демир йўловчига қараб, биродар келинг, бир муддат равоҳимда дам олинг, азиз меҳмоним бўлинг – деди.

Йўлимни тўсма шошилиб турибман.

Мен шу ердан ўтган  ҳар кимса борки, унинг ҳожатини чиқариб,  дуосини оламан деб Аллоҳга ният қилган эдим.  Хеч бўлмаса бир пиёла сувимдан ичгин.

Демир ҳарчанд йўловчининг оёғи остига ўтириб ялинмасин, ўз мақсадига ета олмади, балки унинг йўлини тўсганлиги учун қамчисидан калтак еди. Шундан сўнг Демирнинг аввалги ғазаби келиб, отлиқ йўловчи кетаётганда унинг ортидан ханжарини олиб отди. Йўловчи оти устидан думалаб ерга тушди ва жони узилди. Жон бераётган вақтда эса “Мени Аллоҳ жазолади” деган сўзни айтди.

Демир таажжубланиб, қилган гуноҳига минг афсус-надомат билан марҳумга қараганда, унинг ёнидан бир мактуб топилди. Мактубни очиб ўқиса ўз Ватанининг барча махфий сирлари ва чегарасининг яширин маълумотлари ёзилган экан. Арзимаган бир пул учун киндик қони тўкилган Ватанига хиёнат қилиш мақсадида кетаётган йўловчи, аслида ўз Ватанининг хоини эканлиги маълум бўлди. Баногоҳ кўчатса қараса, кўчат куртак отиб, кўкариб чиқибди.

Ё раббий парвардигор! Мен шунча савоб ишлар қилдим, кўчат кўкармади. Аммо биргина Ватан хоинини тасодифан ўлдириб қўйган эдим, кўчат кўкарди. Хоинларни шунчалик ёмон кўрасанми? “Аллоҳим бизларни Ватанга хиёнат қилишдан сақлагин” – деди.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло ўз Ватанига хоинлик қилган бандаларни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам қаттиқ азобга мубтало қилади. Ушбу ҳикояни ўқиган юртдошларимиз, билиб-билмасдан нотўғри йўлларга кириб қолаётган ёшларимиз, айниқса ноқонуний йўллар билан чет элларга бориб, кейинчалик ўзини ИШИД деб атаётган манфур жангари гуруҳларга қўшилиб юрган баъзи-бир ҳамюртларимиз қиёмат куни Аллоҳга нима деб жавоб берадилар. Шу ўринда бир савол туғилади. Роббимиз Ватан хоинини ўлдирган биргина инсонни барча гуноҳларини кечирса, хоинга қандай азоб берар экан?      Ахир инсон дунёга ўз Ватанига хоинлик қилиш учун эмас, балки уни обод этиб, номини дунёга тараннум этиш учун келади-ку. Сўзимизга якун ясар эканмиз, барчамиз Аллоҳ бизларга муқаддас замин қилиб берган юртимизнинг тинчлигини қадрига етайлик.  Агар ҳикоямиз давомида қалбингизгиздаги Ватан туйғусини янада зиёда қила олган бўлсак,  камина ўзини юрт тинчлигига озгина бўлса ҳам ҳисса қўшган бахтли инсон деб билади.          

                                                                                              Аброр АЛИМОВ,

                                                                                                 Тошкент шаҳар

                                                                               “Ҳувайдо”жоме масжиди

                                                                                                    имом-хатиби

Read 2484 times

Мақолалар

Top