Мақолалар

Мўминаларга ибрат мўминалар: Пайғамбар алайҳиссаломнинг невараси, халифанинг қизи, амир ал-мўминийннинг завжаси

“Ё Али! Уни менга никоҳла. Аллоҳга қасамки, унинг суҳбатини менчалик орзу қилган бошқа ҳеч ким йўқдир”.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қиёмат куни менинг насабим ва ақраболаримдан бошқа насаб ва қариндошлик кесикдир”, деганларини эшитдим. Исломга кириш ва қизимни Аллоҳ Расулига бериш билан унга қариндош бўлдим. Бу қариндошликни унинг наслидан қиз олиб, куёв бўлиш билан мустаҳкам қилмоқчиман”.Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу

Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо жуда гўзал бир киз чақалоқни дунёга келтирди. Бу вақтда Али розияллоҳу анҳу Маккадан узоқроқ ерда эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларининг кўзи ёриганини эшитиб, Фотима розияллоҳу анҳонинг уйига келдилар. Уни жуда севардилар. Эсон-омон қутулгани билан табриклаб, таскин берувчи сўзлар айтдилар. Яхши ният билан чақалоққа холаси Умму Кулсумнинг номи қўйилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шарафли қўлларини гўдак устида юргизиб, бу қизни муборак қилишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо этдилар.

Сафардан қайтган Али розияллоҳу анҳу завжаси бир қиз туққанлигини ва чақалоққа бобоси Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом тарафидан исм берилганини эшитиб жуда севинди. Кунлар, ойлар ўтган сари қизалоқ ўсиб-улғайиб, гўзаллиги ҳам ортиб борар эди. Ўн ёшга етмасдан бобоси Муҳаммад алайҳиссалом вафот этдилар. Умму Кулсум розияллоҳу анҳо бобосининг вафотидан энг кўп изтироб чекканлардан бири бўлди.

Умму Кулсум ҳаётининг илк баҳоридаёқ жуда фосиҳ ва болиғ гапирар эди. Шу билан бирга, жуда кичкина бўлишига қарамай, қувватли иймон соҳиби эди. Унинг ахлоқий васфлари ва фазилатлари халифа Умар розияллоҳу анҳунинг қулоғига етиб келди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу анчадан бери Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга куёв бўлиш орзуси билан юрар эдилар. Шу боис Умму Кулсум розияллоҳу анҳонинг қўлини сўраш учун қулай фурсатни пойлай бошладилар. Бу суҳбатдан сўнг Али розияллоҳу анҳу уйга кетдилар. Уйга келгач, қизлари Умму Кулсум розияллоҳу анҳони чақирдилар. Унга бир ҳирқани бериб, шундай дедилар:

— Бу ҳирқани мўминларнинг амири Хаттоб ўғли Умарга олиб бор ва унга отам сизга айтган ҳирқа мана шу, дегин.

Умму Кулсум розияллоҳу анҳо ҳирқани олиб, Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келди. Изн сўраб ичкарига кирди ва отаси тайинлаган гапларни айтди. Асл кўзланган мақсаддан у бехабар эди.

Умар розияллоҳу анҳунинг кўзлари севинчдан порлаб:

— Отангга менинг қабул этганимни, рози бўлганимни айт, дедилар.

Умар розияллоҳу анҳу уйларидан чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларига, қабр билан минбар ўртасидаги муҳожирлар мажлиси бўладиган майдонга келдилар. Равзаи шарифдаги бу жой асҳоби киромнинг доимий йиғиладиган жойига айланган эди.

Умар розияллоҳу анҳу келганларида ҳеч ким йўқ эди. Бирин-кетин саҳобалар кела бошладилар. Биринчи бўлиб Али, кейин Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввом, Талҳа ибн Убайдуллоҳ ва Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳулар келдилар. Ҳамма йиғилтанидан сўнг Умар розияллоҳу анҳу:

— Менга саодат тиланг... Мени табрикланг, — дедилар.

— Кимга уйланяпсиз, ё амирал мўминин?! - деб сўрадилар.

— “Абу Толибнинг ўғли Алининг қизига. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Қиёмат куни менинг насабим ва ақраболаримдан бошқа насаб ва қариндошлик кесикдир, деб айтганларини эшитгандим. Исломга кириш ва қизимни Расулуллоҳга бериш билан унга қариндош бўлдим. Бу қариндошликни унинг наслидан қиз олиб, куёв бўлиш билан мустаҳкам қилишни хоҳладим”, дедилар Умар розияллоҳу анҳу.

Мажлисга йиғилганлар Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуни табриклаб, унга хайр ва саодат тиладилар. Умму Кулсум розияллоҳу анҳога Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу қирқ минг дирҳам маҳр бердилар.

Умарс розияллоҳу анҳунинг орзуси бир аёлнинг эри бўлиш, шаҳватини қондириш эмасди. Аксинча, у жуда улуғ, шарафли ғоя ва мақсадни кўзлаган эди. Умму Кулсум розияллоҳу анҳо мўминларнинг амири Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳунинг хонадонларида итоатли, вафодор завжа ўлароқ яшади.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг шиддати, оила эҳтиёжини таъминлашда ва мусулмонларга, уларнинг молларига нисбатан жуда эҳтиёткорлиги машҳур эди.

Давоми бор...

Саидаброр Умаров

Read 2511 times

Мақолалар

Top