Мақолалар

ТЎҒРИ ЙЎЛДАН АДАШГАНЛАР ҚИСМАТИ

Ўқийман, ишлайман, элга, одамларга наф келтираман деган киши учун юртимизда барча шароит муҳайё қилинган.

Зеро, ингичка игна ҳам, йўғон мих ҳам кўзга кирса, кўр қилиши мумкин бўлгани каби, Ватан манфаатининг бир заррасига хиёнат қилиш ҳам оғир гуноҳдир. Ватанга хиёнат. Бу сўзни эшитишнинг ўзиёқ инсон юрагига оғриқ солади. Вужуд-вужудингни титратиб юборади. Ахир киши ўзига, оқ сут берган онасига, қўлига нон тутган отасига, уни азизлаган элига, халқига, ота-боболари амал қилган дин-эътиқодга хиёнат қилиши мумкинми?

Ана шуларни ҳисобга олган ҳолда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби”, “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” ҳамда “Жисмоний ва маънавий етук ёшлар — эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир” деб номланган маърузаларида тегишли соҳалар вакилларига ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёшларни турли таҳдидлардан асраш, тузалиш йўлига кирган кишиларни соғлом ҳаётга қайтариш чораларини кўриш муҳим вазифа эканини таъкидлаб, шундай деди: “Адашган ёшларни тарбиялашимиз, керак бўлса, жазони ўташ жойларига ҳам бориб, улар билан гаплашишимиз лозим. Чин дилдан тавба қилиб, ота-онаси, оиласи бағрига, тўғри йўлга қайтишни ният қилган одамларга амалий ёрдам беришга мен давлат раҳбари сифатида доимо тайёрман”.

Шундан келиб чиққан ҳолда вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, Мусулмонлар идорасининг вилоятдаги вакиллиги масъул ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида нотўғри йўлдан қайтган, адашганини англаб етган диний экстремизм ва терроризмга алоқадор шахсларни тезкор ҳисобдан чиқариш бўйича вилоят, туман (шаҳар) доимий комиссиялари ташкил этилди.

Айни пайтда комиссия томонидан диний экстремистик оқим аъзоси сифатида махсус рўйхатга олинган шахслар билан индивидуал иш олиб борилмоқца. Ҳар бир шахснинг дунёқараши, фикри, адашиб нотўғри йўлга кириб қолганидан пушаймонлиги, оиласи, фарзандлари ҳамда Ватан олдидаги бурч ва масъулиятлари ҳақида батафсил мулоқотлар ўтказилмокда. Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, айни кунда ўз айбига чин дилдан иқрор бўлган 265 нафар (25 нафари хотин-қизлар) диний экстремистик оқим аъзоси сифатида ҳисобга олинган шахслар махсус рўйхатдан чиқарилиб, соғлом ва тўғри ҳаёт сари йўлланмоқда. Зотан, Президентимиз айтганидек, “Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний “Олижаноб кишилар узрни қабул қилур”, деб таъкидлаган эканлар. Халқимиз — мард ва олижаноб халқ. Ким чин дилдан узр сўраса, тавба қилса, албатта, гуноҳидан кечади. Шунинг учун ҳозирги кунда қанча адашганларни кечириб, тўғри йўлга соляпмйз. Бирини ўқишга, бирини ишга, бирини касбга қайтаряпмиз.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, махсус ҳисобга олинган фуқароларнинг турмуш шароити, ижтимоий-иқтисодий аҳволи, муаммоларини ўрганиш, ушбу тоифа шахслар нега радикаллашиб кетганининг сабабларини ҳар томонлама чуқур таҳлил этишга алоҳида эътибор қаратилмокда. Бундай оилалардаги фарзандлар билан бевосита ишлаш, уларни фан, спорт тўгараклари, турли тадбирлар, кўрик-танловлар, соғломлаштириш оромгоҳларига жалб қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқца. Албатта, билдирилган ишонч, берилган имконият кишини янги орзу-мақсадларга, келажакка ёруғ назар билан боқишга ундаши шубҳасиз. Бу ҳақиқатни ҳис қилган, ўз танлаган йўли, қилмиши нотўғри эканини англаб етган юртдошларимиз эртанги кунни катта орзулар ила қарши олмокда.

“Айрим кишилар ўз бошига ўзи кулфат сотиб олади, десак хато бўлмайди. Биздаги мавжуд ёмон, ёвуз иллатлар, салбий характерлар ва улкан жо^иллигимиз туфайли кўпинча ўзимиз ҳам, бошқалар ҳам азият чекишга мажбур бўлишади. Агар биз ўз вақтида ақлимизни, илмимизни, виждон ва инсофимизни, қалб кўзимизни ишга сололганимизда эди, бугун нотўғри ва ношаръий деб билган қандайдир оқим учун бебаҳо, бетакрор умрнинг олтинга тенг даврини панжара ортида ўтказмаган бўлардилар.

Барчамизга маълумки, бизнинг давлатимиз кўп миллатли ва кўп конфессияли давлат. Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқца. Бунда, ҳеч шубҳасиз, халқимизга азалдан хос бўлган бағрикенглик анъаналари муҳим роль ўйнамоқда. Азалдан шундай бўлиб келган. Демакки, экстремистик, радикал қарашлар бизга мутлақо ёт, бегона. Биргина улуғ ватандошимиз, калом илмининг султони дея эътироф этиладиган Абул Муин ан-Насафий ҳазратлари “Табсират ал-адилла” асарида ёт оқимларга қарши курашиб, уларнинг сохта даъволарига раддия берган эдилар. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Тўғри, адашиш — инсонга хос. Шундай экан, энди юртимиз равнақи, янада гуллаб-яшнаши учун тинмай меҳнат қилиш, шу билан хатоларни ювиш керак. Аслида юртга наф келтиришдек бахт дунёда йўқ.

Президентимиз айтганидек, бир боланинг йўлдан адашиши — бу нафақат бир оила, балки бутун жамият бошига тушган кулфат. Бундан аввало шу боланинг ота-онаси, ака-укалари, яқинлари жабр кўради. Бундай пайтда уларга ёрдам бериш керак. Агар биз битта болани тўғри йўналтирсак, йўлдан адашган чоғда дарров душманга чиқармасдан, уни ўзимизнинг фарзандимиз, деб билсак, унга бутун қалбимиз, юрагимиз билан ачинаётганимизни билса, аниқки, унинг ҳам қалб кўзи очилади, тўғри йўлга қадам қўяди. Ҳамкорликдаги ишларимизни ана шу тамойил асосида олиб борсак, ўйлайманки, бу борада кутилган натижаларга эришишимиз шубҳасиз.

А.Абдримов

Янгиариқ тумани “Муҳаммад саид” масжиди

имом-хатиби

Read 2880 times

Мақолалар

Top