Мақолалар

Ҳақиқий савдогар қандай бўлади?

Савдо ҳақида шариатимиз кўрсатмалари, савдогарлик масъулияти ва фазилатлари, бугунги кунда бозорларимизда кузатилаётган айрим ношаръий масалаларнинг фиқҳий ечимлари ҳақида муштарийларимизга маълумот бериш мақсадида “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиби Исҳоқжон БЕГМАТОВ билан суҳбат уюштирдик.

Муҳтарам устоз, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Савдогарлик қилинглар, халқнинг ризқлари 10 қисмдир, 9 қисми савдогарликда, яъни сотмоқда ва олмоқдадир”, деганлар (Имом Абу Нуъайм ривояти). Ушбу ҳадиси шарифдан халқ рисқининг кўп қисми савдода экани, савдогарликнинг муҳим касблиги англашилади. Шунга кўра суҳбатимизни шариатимизда бу борада келган оят ва ҳадислардан бошласак.

— Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим. Ислом дини инсонлар ўртасидаги муносабаталарда адолатли, инсофли, ҳалол бўлишни талаб этади. Булар орасида савдо-сотиқ ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ савдони ҳалол, рибони ҳаром қилди” (Бақара сураси, 275-оят).

Савдо илмини чуқур эгаллаган, ўз даврининг катта тижоратчиси бўлган Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: “Динда фақиҳ бўлмаган, савдо конун-коидаларини билмаган киши бозорда савдо қилмасин” (Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадисда кишилар савдога тегишли бўлган қонун-қоида, яъни ҳалол ва харом, шубҳали нарсалар сингари шариат илмларини билмасдан туриб савдо қилмасликлари қатъий айтилмоқда. Сабаби илмсиз савдогарнинг мақсади фақатгина моддий манфаат кўриш бўлиб, бунинг учун ёлғон гапириш, киши ҳақига хиёнат қилишдан ҳам тоймайди.

– Устоз, савдогар маҳсулотини турли “йўллар” билан чиройли кўрсатиб, харидор зарарига бўлса-да сотиши мумкинми?

– Баъзида бозорларимизда айрим “ишбилармонлар”нинг майизни турли химикат ва ранглар, ҳатто кул, цемент каби инсон организми учун зарарли воситалар билан бўяб сотаётганига ёки ҳўл меваларнинг устини артиб, харидорга идиш тагидаги – сифатсизидан бераётганига гувоҳи бўламиз.

Муқаддас динимизда савдогар ўз мафаатини кўзлаб, харидорга зарар етказиши мутлақо қораланади. Шунингдек, савдогар маҳсулотининг сифатлисини мақтаб, сифатсизини сотиши мумкин эмас. Ҳар қандай ҳолатда молининг айбини айтиб сотиши керак. Харидор ўзига ёққан молни олиши керак. Аммо ҳўл мевани сотиш жараёнида артилган ва артилмаганлариини фарқли нархларда сотиш мумкин.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй мўминлар! Бир-бирингизнинг молингизни ноҳақ йўллар билан еманг. Ўзганинг молини фақат рози бўлиб савдо қилиш билан олгач, ейишингиз мумкин” (Нисо сураси, 29-оят).

Уламоларимиз шариатга хилоф бўлган барча йўлни ноҳақ (ботил) йўл дейишган. Бунга жумладан, фирибгарлик, қаллоблик, тарозидан уриш, судхўрлик, зўравонлик, қароқчилик, манаполия қилиб олиш каби иллатлар киради.

Бу борада жаноби Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларига бир ибратни кўрсатганлар. У зот (алайҳиссаллам) бир куни бозорда айланиб юрганларида буғдой сотиб турган кишининг буғдойига муборак қўлларини тиқиб кўрсалар, унинг таги нам экан. Шунда: “Бу қандай бўлди?” деб сотувчига эътироз билдирдилар. Сотувчи эса: “Ҳозир ёмғир ёғиб ўтган эди, шунинг учун нам текканини тагига қўйган эдим”, деб узр айтди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга: “Нам теккани устида туравермайдими? Ким хиёнат қилса, биздан эмас!” дедилар.

Савдо ниҳоятда масъулиятли иш. Ёмғир ёғиб ўтганда усти очиқ идишдаги буғдойга ёмғир теккану бироздан сўнг чиққан қуёш бирпасда буғдойнинг устини қуритган, таги эса нам бўлган. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) савдогарга ана шуни ҳам кўрсатиб қўйишини айтдилар.

– Кўпинча савдогарларнинг харидор ёки танишларига: “Манави молни олиб кетаверинг пулини топганда берасиз”, “Атаганингизни бераверинг” деган гапларини эшитиб қоламиз. Молни насияга ва номаълум нархга сотиш масаласи ҳақида ҳам айтсангиз?

– Шариатимизга кўра сиз таъкидлаган биринчи ҳолат, яъни насияга савдо қилганда мол нархи аниқ ва муддатли бўлиши зарур. Аксинча бўлса савдо боғланмайди. Бунда савдогар қисқа, харидор эса чексиз муддатни тушунади. Натижада ўртада ихтилоф келиб чиқиши мумкин. Шунингдек, бозорларда ўзаро танишлар ўртасида тез-тез қулоққа чалинадиган иккинчи ҳолат – кўнглингиздан чиқариб беринг, дейиш ҳам нотўғри. Бундай ҳолатда харидор маълум миқдордаги пулни савдогар қўлига тутқазиб розилигини олиши лозим.

– Савдогар харидорнинг ташқи кўринишига қараб молига хоҳлаган нархни қўйиб сотиши мумкинми? 

– Фиқҳий жиҳатдан савдогар харидорни алдамасдан молига истаган нархни қўйиб сотиши ҳалол, аммо бу ҳимматга тўғри келмайди.

Халқимизда: “Инсофи борнинг баракаси бор”, деган нақл бор. Харидор молни рози-ризолик билан олса, ҳам савдогарни дуо қилади, ҳам унинг доимий харидорига айланади.

Уламолар: “Савдогар моли устига узоғи билан ўн фоиз миқдорида нарх қўйиши мумкин”, деб айтади.

Баъзи савдогарлар молини бой одамга қиммат, камбағалга арзон нархда сотади. Харидорнинг молиявий ҳолатини эътиборга олиб нарх-навони ошириш ёки камайтиришга шариатимиз рухсат беради. Негаки, бой киши учун мол нархининг аҳамияти йўқ, балки сифатли бўлса, кўнглига ёқса харид қилаверади. Камбағал учун эса ўша мол эҳтиёж воситасига айланган.

Савдогар харидорнинг кўнглини олиш, молига нисбатан ишончини ошириш учун хушомад қилиши мумкин. Аммо ёлғон ишлатмасин.  Мисол учун, Туркияда ишлаб чиқарилган молни бошқа жойники демасдан мақтаб сотаверсин.  

Бугунги кунда кўплаб хизмат кўрсатувчи корхона ва фирмалар харидор кўнглини олишга катта эътибор билан қарамоқда. Мисол учун, улар харидор дўконга кириши билан яхши жойга ўтириш учун таклиф қилинади. Кофе ёки чой дамлаб берилади. Хизматчилар харидорга керакли нарсаларни унинг олдига олиб келади ёки барча харидни ўзлари қилиб беришади.

  • Савдогарларнинг ҳиммат фазилатлари ҳақида ҳам гапирсангиз...

Байрам кунлари имкон қадар мол нархини арзонлаштириш, қурб етса эҳтиёжмандларга нарсаларидан бепул улашиш савдогарларга хос фазилатлардан. Шу ўринда бир мулоҳаза. Савдогарлар оддий халқ доимий эҳтиёжи бўлган маҳсулотларни арзонлаштириб, бойлар истеъмол қиладиган нарсаларни қимматроқ нархда сотавериши мумкин. Бу шариатимизга тўғри келади. Мисол учун, нон, шакар, ёғ каби кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари нархини тушириш, икра, киви, банан каби четдан келадиган маҳсулот ва меваларнинг нархини кўтариш мумкин. Чунки ҳамма денгиз маҳсулотлари ёки четдан келадиган меваларни истеъмол қилиши шарт эмас. Шунда оддий турмуш кечирадиган кишиларга янада енгиллик бўлади.

– Кишилар турли салоҳиятга эга. Бир кишининг пули ёки моли бор, аммо уни сотиш ёки сотиб олишга уқуви йўқ. Айрим одамлар гапга уста, сотиш қобилияти бор. Бундай ҳолатда воситачиларга эҳтиёж туғилади. Шу ўринда даллолик касби ҳақида ҳам тўхталсангиз...

– Даллоллик – ҳалол касб. Аммо даллол ишига ёлғон аралаштирмаслиги, сотувчи ва харидор ўртасида холис бўлиши лозим.

Халқимиз маънавий меросида афанди образи билан боғлиқ кўплаб латифалар бор. Уларнинг таг замирида шариат ҳукмлари яширинган. Жумладан, бир латифада афанди сигирини сотиш учун бозорга олиб боради. Бозорда унинг ёнига бир даллол келиб, сигирингизни ўзим сотиб бераман, дея афандининг розилигини олади ва ундан ҳеч нарса сўрамай туриб, бу сигир фалон зотли, ҳар йили эгиз туғади, кунига фалон литр сут беради, сутининг фолон қисми қаймоқ бўлади, деб мақтаб кетади. Шундан сўнг уларнинг атрофида харидорлар кўпайиб, сигирнинг нархи ошиб кетади. Афанди даллолнинг гапларини эшитиб, савдони тўхтатади. Сигиримнинг бундай яхшилигини билмаган эканман, уни сотмайман, деб уйига қайтариб олиб кетади.

Бу латифани зоҳиран тушинган одам афанди даллолнинг ёлғон гапирганини билмадими, дейиши мумкин. Йўқ, у ҳамма нарсани билиб турибди. Афанди савдога ёлғон аралашиб, ботил (ноҳақ) бўлгани, агар бирор харидор даллолнинг гапига ишониб сигирни олса савдо фосиқ бўлишини билиб, дарҳол бунинг олдини олди. Бу ерда афанди фақҳ, билувчи образ. 

– Домла, шариатимизда ҳалолликни шиор қилган, савдо илмини яхши ўзлаштирган савдогарнинг мартабаси қандай?

– Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ростгўй, омонатли тижоратчи набийлар, ростгўйлар ва шаҳидлар билан биргадир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Ростгўй, омонатдор савдогарларнинг даражаси пайғамбарлар, ростгўй ва шаҳидлар билан тенг экан. Динимизда савдогарлик одамларга кўп манфаат етказадиган касб сифатида мақталади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳам савдо билан шуғулланганлар. Ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу) ўз даврининг энг катта савдогари бўлиб, у кишининг мақсади молу дунё орттириш эмас, балки уни Аллоҳ йўлида сарфлаш бўлган. Масалан, Мадинада очарчилик юзага келган пайтда Аллоҳдан савоб умидида катта карвондаги молини халққа бепул тарқатади. Улуғларимиздан ибрат олиб савдогарлар тижоратидан фойдаланиб, икки дунёси учун хайрли иш қилиб қолишлари лозим.

– Устоз, мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Аллоҳ таоло динимиз ривожи учун яна узоқ йиллар хизмат қилишингизга Ўзи муваффақ айласин. 

– Омин. Ниятларингиз ўзингизга ҳам ҳамроҳ бўлсин. Яратган эгам барчамизни ҳидоят йўлида собитқадам, рисқу рўзимизни ҳалолдан топишда ёру мададкор бўлсин.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ

суҳбатлашди.

Read 3608 times

Мақолалар

Top