Мақолалар

ТАШҚАРИДАГИ ДУШМАНДАН ИЧКАРИДАГИ ЛОҚАЙД ИНСОН ХАВФЛИ

Муқаддас динимиз Исломда лоқайдлиқдан қайтарилган.

 

Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида шундай келтирилади: Имом Термизий Ҳузайфа розияллоху анхудан ривоят қилган хадисда Набий алайҳиссалом: «Лоқайд бўлманглар; одамлар яхшилик қилса, биз хам яхшилик қиламиз, ёмонлик қилсалар, ёмонлик қиламиз, деманглар. Улар яхшилик қилсалар, яхшилик қилинглар. Ёмонлик қилсалар, зулм қилманглар», дедилар».

 

Динимизда лоқайдлик ва бепарволикдан нафақат қайтарилган, балки паноҳ сўрашга тарғиб қилинган.

 

Лоқайдликнинг бир номи дангасалик десак тўғри бўлади. Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилади: «Набий соллаллоху алайхи васалламнинг «Аллоҳим! Сендан дангасаликдан, қарздорликдан паноҳ сўрайман. Сендан масийҳи дажжолнинг фитнасидан паноҳ сўрайман. Сендан дўзахнинг азобидан паноҳ сўрайман» деб дуо қилаётганларини эшитдим».

 

Яна бошқа бир ҳадиси шарифда: Умар розияллоху анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беш нарсадан: дангасаликдан, бахилликдан, кибрнинг ёмонлигидан, қалбдаги фитнадан ва қабр азобидан паноҳ сўрар эдилар».

 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайхи васаллам: «Аллоҳим! Мен Сендан ожизликдан, дангасаликдан, қўрқоқликдан, ўта қарилиқцан паноҳ тилайман. Мен Сендан ҳаёту мамотнинг фитнасидан ва қабр азобидан паноҳ сўрайман», дер эдилар».

 

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифда олти нарсадан паноҳ сўрамоқдалар. Шулардан бири дангасалик ва лоқайдликдир. Дангасалик луғатда бир ишни қилишга имкони ва қудрати бўла туриб, баданининг роҳатини кўзлаб тарк этишни билдиради.

 

Шайх Саъдий айтади: “Магар сен ўзгаларнинг қайғусиға лоқайдлик ила қарасанг, сен инсон деган номға нолойиқсен”.

 

Соҳибқирон Амир Темур эса ўзининг тузукларида: “Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатьий тадбиркор ва ҳушёр бир киши минглаб тадбирсиз лоқайд кишилардан яхшидир”, — деб таъкидлайди.

 

Машҳур файласуфлардан бири эса “Душманлардан қўрқма — нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма — нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамлардан қўрқ — улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар пайдо бўлаверади”, дея айтиб ўтган.

 

Лоқайдликнинг энг ёмони, бу ўз юртининг тинчлигига рахна солувчи иллатларга ҳам лоқайд бўлишдир. Аллоҳ таъоло Қуръони каримда пайғамбарлари тилидан ўз юртига тинчлик ва барака тилаб дуо қилганини келтиради. Қуръони каримда тинчликка, ўзаро тотувлик, ҳамжиҳатликка чорланган оятлар кўп. Иброҳим алайҳиссалом дуолари зикр этилган оятни эслайлик:

 

“Иброҳимнинг: “Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин”, деганини эсла. У зот: “Ким куфр келтирса, озгина ҳузур бахш этаман, сўнгра дўзах азобига мажбур қиламан ва у қандай ҳам ёмон жой!” деди” (Бақара сураси, 126-оят).

 

Инсонга берилган неъматлар ичида тинчлик энг азиз неъматлардан эканлиги Набий алайҳиссалом ҳадиси шарифларида шундай келтирилади:

 

“Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди” (Имом Бухорий ривоятлари).

 

Демак инсон учун тинчлик азиз ва қадрли неъмат экан, албатта унга таҳдид қилувчи нарсаларга бефарқ бўлмаслиги лозим.

 

                           Ш.Қўчқоров

Ҳазорасп туман “Олти Аълам бобо” масжиди имом-хатиби

Read 2479 times

Мақолалар

Top