Мақолалар

Болангиз айтганингизни қилмаяптими?

Албатта, бандага бериладиган мусибат бекордан бекорга бўлмайди. Аллоҳ беҳуда бир иш қилиш айбидан пок зотдир. Инсоннинг бошига тушадиган кўргуликлар қилган гуноҳлари сабаблидир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَمَا أَصَابَكُم مِّن مُّصِيبَةٍ فَبِمَا كَسَبَتْ أَيْدِيكُمْ وَيَعْفُو عَن كَثِيرٍ

“Сизга қайси бир мусибат етса, бас, ўз қўлингиз қилган касбдандир ва У зот кўпини афв қилур”. (Инсоннинг ўзидан ўтмаса, унга бирор мусибат етмайди. Лекин ўта меҳрибон бўлган Аллоҳ бандасини ҳар бир гуноҳи учун мусибатга дучор қилавермайди, фақат баъзиси учунгина мусибатга дучор қилади, кўпини кечириб юборади. Агар Аллоҳ таоло инсонни ҳар бир айби учун мусибатга учратадиган бўлса, инсон дарҳол ҳалокатга юз тутар эди.) (Шуро сураси, 30-оят).

Салафи солиҳлар, агар аёллари итоатсизлик қилса, дарҳол истиғфор айтишар экан.

Ҳукамолардан бирлари шундай деган: “Мен қилган гуноҳимнинг таъсирини хотинимда, фарзандларимда ва минадиган уловимда кўраман”.

Яъни гуноҳ қилсам хотиним қулоқ солмай қўяди, фарзандим қўпол муомала қилишни бошлайди, маркабим бузилаверади. Машиналаримиз ҳадеб бузилаверса, эҳтиёт қисмлардан айб топиб, устахонага чопавермасдан, ўзимизга ҳам бир қараб қўйишимиз, ўзимизни тафтиш қилишимиз керак экан. Бу донишманднинг сўзи ниҳоятда эътиборлидир.

Инсон ўзи билиб-билмай нимадир гуноҳ содир этади. Кейин унинг жазоси аёлидан, фарзандларидан қайтади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: Оталарингизга яхшилик қилинглар. Фарзандларингиз ҳам сизларга яхшилик қилишади. Иффатли бўлинглар. Шунда аёлларингиз ҳам иффатли бўлишади. Имом Табароний ривоят қилган.

Бу дунё қайтар дунё. Агар сиз отангизга яхшилик қилсангиз, сизга фарзандларингиздан зиёдаси билан қайтади. Бордию, отангизга ёмонлик қилсангиз, бу ҳам сизга болаларингиздан ортиғи билан қайтади.

Баъзи халқларда шундай мақол бор экан “Отангни урган қамчингни сақлаб қўй, болангга керак бўлади”.

Банданинг ризқидан бараканинг кетиши ҳам қилаётган гуноҳлари сабабли бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадислардан бирида шундай деганлар:

“Яхшилик қилиш билан умр зиёда бўлади. Фақат дуо билан тақдир ўзгаради. Албатта инсон гуноҳ қилиши туфайли ризқидан маҳрум бўлади”.

Демак, яхшилик, солиҳ амаллар қилиш инсон умрининг зиёда бўлишига сабаб бўлар, агар тақдирнинг ўзгариши ёзиб қўйилган бўлса, у ҳам фақат дуо билан ўзгарар, ризқдан маҳрум бўлиш эса гуноҳ туфайли бўлар экан.

Инсон гуноҳи сабабли ўзини ёлғиз ҳис қилади. Киши гуноҳ қилгани сабабли одамлар орасида, оила даврасида бўлса ҳам ўзини ёлғиз ҳис қилади. Гуноҳ қилмайдиган одам йўқ, тавба қилмайдиган одам бор. Қанча кўп тавба қилсак, шунча гуноҳ қилмагандек бўлаверамиз. Ҳаётимизнинг хотиржам ва ширин бўлиши гуноҳ қилмаслигимизга боғлиқдир. Ҳозир кўпчилик ҳаётнинг фаровон бўлишини пулга тақайдиган бўлиб қолган. Кўп молу дунёга эга бўлган одамлар ҳам, агар гуноҳни кўп қилса, зўр яшай олмайди. Ва аксинча гуноҳни кам қилиб, истиғфорни кўп айтадиган киши фақир бўлса ҳам, зўр яшайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақир бўлганлар. Саҳобаларнинг кўплари ҳам фақир бўлишган. Лекин ҳаётлари сокин, саодатли эди. Биз ҳам ҳаётимиз ширин бўлишини истасак, ибодатларни ўз вақтида адо этиб, қўлимиздан келганича яхшилик қилиб, гуноҳ-маъсиятлардан тийилайлик.

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2093 times

Мақолалар

Top