Мақолалар

ШОГИРДНИНГ УСТОЗИГА НИСБАТАН ОДОБЛАРИ

   Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло ерни яратиб, унга Ўзининг махлуқотлари ичидан энг мукаммали бўлган инсонни халифа қилиб яратди. Сўнг инсонларни ўзаро бир-бирлари билан бўладиган муносабатларини гўзал хулқ ва юксак одоб даражасида амалга ошиши учун Ўзининг Пайғамбарларини ўша қавмга мос таьлимотлар ила юборди. Пайғамбарлар ўзлари юборилган қавм ичидаги баьзи бир салбий иллатларни тузатиш ҳамда уларда бўлган гўзал хулқ ва одобларни янада мукаммалроқ кўринишда етказишга бор кўч-ғайратларини сарфладилар. Улардан илм-маьрифат ва одоб-ахлоқларни таьлим олган кишилар  бу юксак меросни  ўзларининг авлодларига  етказдилар. Шу тарзда бу буюк мерос авлоддан-авлодга ўтиб янада такомиллашиб келди.

 Набийларнинг сўнгиси  бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шариъат ва гўзал-ахлоқларни тамомига етказиш учун юборилдилар. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан яшаётган ҳамда ўзларидан кейинги умматларига катта амалларни баён қилиб бериш билан чекланиб қолмасдан балки  энг нозик ишлардаги одобларни ҳам таьлимини бердилар. Саҳобаи киромлар илм маьрифат булоғи бўлмиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча гўзал ахлоқларига эргашиб у зотдан катта бир ҳаёт мактабини ўргандилар. Кейинчалик бу илм-маьрифат бўлоғининг шифобаҳш сувларидан баҳраманд бўлган саҳобаи киромлар ўзларидан кейин келган тобеъинларни  ушбу булоқдан баҳраманд қилдилар.Тобеинлар ҳам бу улкан масьулятли ишни ўзларидан кейинги кишиларга етказдилар. Шу зайлда бу улкан ва масулятли мерос авлоддан авлодга ўтиб келди.

Шундай улкан меросларимиздан бири ўзтоз ва шогирд ўртасидаги муносабат бўлиб, бунда  шогирд ўзтозига нисбатан қандай одоб-ахлоқларни риоя қилиши лозим экани ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Устоз-шогирдлик тушунчаси юксак миллий қадрият­ларимиздан ҳисобланиб, бу борада ҳам асрлар давомида шаклланган тартиб-қоидаларга амал қилиб келинади. Халқимизда яхши бир ибора бор, ота-оналар устозга  фарзандларини шогирд қилиб топширган вақтларида “Эти сизники, суяги бизники”, дея айтадилар. Агар ушбу сўзга зоҳиран эьтибор берсак, жуда ҳам салбий маьнони англатаётгандек гўё. Аслида эса бундай эмас, ушбу иборани туб негизига эътибор қаратсак, унда жуда ҳам катта бир масьулятли меҳнат борлигини кўришимиз мумкин. Бу билан ота-она фарзандини ҳаёти давомида илм-маьрифатли,одоб-ахлоқли бўлиб вояга етиши учун  устозга ўғлининг келажак тақдирини бус-бутун ишониб топшираётганини билдиради. Ўз навбатида устоз ҳам шогирди тақдирига ўзини масъул билиб, бор илму салоҳияти ва иқтидору ҳунарини унга ўргатишга интилган.

  Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” китобида устоз қандай бўлиши, шогирдлик шартлари нималардан иборат экани ҳақида батафсил маълумот берилади:

  “Агар комил устоз ким деб сўрасалар, у пок мазҳабли, ўз айбини кўрадиган, доно ва тамйизли кишидир, деб айтгил. Унда ҳасад, гина ва бахилликдан асар ҳам бўлмаслиги керак.

  Агар шогирдлик биноси ниманинг устига қурилади, деб сўрасалар, иродат устига, деб айтгин. Иродат нима деб сўрасалар, устоз нимаики айтса, уни жон қулоғи билан эшитиш, чин кўнгил билан қабул қилиш ва вужуд аъзолари орқали амалда адо этишдир. Агар шогирд учун нима яхши деб айтсалар, пок эътиқод, деб айт, чунки фақат эътиқод кишини муродга етказади...”

  Агар шогирд нима орқали мутлуби-мақсадига етади, деб сўрасалар, хизмати орқали деб айтгин. Агар хизматининг биноси нимага қурилган, деб сўрасалар, роҳатни тарк этиш ва заҳматни чекиш асосига, деб айтгин.

Агар шогирдликнинг  рукнлари нечта, деб сўрасалар, туртда деб айт:

Биринчиси - мард бўлиб ишга киришиш.

Иккинчиси - сидқидилдан хизмат қилиш.

Учинчиси - кўнгилни ва тилни бир-бирига мувофиқ тутиш.

Туртинчи - насиҳатга қулоқ солиш ва устоздан эшитганини ёдда тутиб, унга амал қилиш.

    Кейин шогирд бўлаётган толиби илм устози олдида ўзини қандай тутиши ва қайси одобларга амал қилиши кераклиги ҳақида гап кетади. Агар шогирдликнинг одоби нечта, деб сўрасалар, саккизта деб айт:

    Биринчиси -  устози олдига кирганда ёки кўрганида биринчи бўлиб салом беришлиги.

    Иккинчиси - устознинг олдида оз гапириш.

    Учинчиси - бошни олдинга эгиб туриш.

    Туртинчиси - кўзни хар томонга югуртирмаслик.

    Бешинчиси - агар масала сўрамоқчи бўлса, олдин устоздан ижозат олиш.

    Олтинчиси - устоз жавоб айтганда, эьтироз билдирмаслик.

    Еттинчиси - устоз олдида бошқаларни ғийбат қилмаслик.

   Саккизинчиси--- ўтириб туришда ҳурматни тўлиқ сақлаш.

    Мазкур одобларга биздан олдин яшаб ўтган аждодларимиз оғишмай (бекаму кўст) амал қилиб келганлар. Шу сабабли ҳам улар устозларининг дуолари билан етук олим, мутафаккир ҳамда барча инсонлар ўрнак оладиган даражадаги ҳаёт мактаби бўлишган.

 Шу ўринда журналлардан бирида ўқиган мақоламда буюк аждодимиз Алишер Навоий ҳазратлари билан боғлиқ бир ибратли воқеъа келтирилган эди. Унда “Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳазратлари ўртасидаги устоз-шогирдлик муносабатлари, улуғ бобокалониимз Алишер Навоий ҳазратларини ўз устозларига кўрсатган хурматлари жуда ҳам юксак эьтиборга сазовор экани, Алишер Навоий ҳаётида ҳам, ижодида ҳам Абдураҳмон Жомийга ихлосманд шогирд бўлганлари баён қилинган.  Шунингдек, “Хамса”чиликда ҳам устозлари Абдураҳмон Жомийнинг анъаналарини давом эттирадилар. Устозининг “Нафаҳотул унс” асарини янада бойитиб, “Насойимул муҳаббат” номли янги асар яратадилар. Достонларида ҳам, кўплаб бошқа асарларида ҳам устози номини  тилга олиб, унга бўлган иззат-ҳурматини камоли эҳтиром билан изҳор этадилар.

 Бобокалонимиз Алишер Навоий ҳазратлари шундай деб айтганлар:

Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур,

Агар устоз рози – Танг­ри розидур.

  Биз барча толиби илмлар! Мазкур панду насиҳат ва одобларга амал қилишимиз лозим. Чунки биз аждодларимизнинг узоқ йиллик илм-маьрифатлари ва юксак тажрибалари асосида шаклланган бой меросларини билан тўла зийнатлансагина улар каби дунёга барча соҳаларда устоз бўлишимиз мумкин. Аллоҳ таоло устозларимизни ўз паноҳида асраб уларни бу дунёда ҳам охиратда ҳам битмас-туганмас ажр мукофатлар билан мукофатласин. Омийн !

Юнусхўжаев Мустафо

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

Ислом билим юрти мударриси.

 

Read 3137 times

Мақолалар

Top