Мақолалар

Ўзгалар молини ботил йўл билан ейиш ҳаромдир

Аллоҳ таоло инсониятни яратгач, уларни Ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этиб, унинг акси бўлмиш ҳаромдан ҳазар қилишга буюрди ҳамда ҳалол ва ҳаром бўлган нарсаларни баён қилди.Демак, ҳар бир инсон ҳалол ризқ талаб қилиши билан бирга, бировнинг ҳаққидан ҳазар қилиши ва ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштирмаслиги ўта муҳимдир.

Ҳаётда ўзгаларнинг ҳаққига тажовуз қиладиган, ўзгалар молини ўзлаштириб оладиган кимсалар, гарчи кўзга уддабурон кишилар бўлиб кўринса-да, ночор ва бечора кишилар айнан ўшалардир.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг» (29-оят).

Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик, қарзга олган нарсаларни қайтариб бермаслик ва бошқа шу кабилар киради.

Яна бир оятда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Ким буни тажовузкорлик ва зулм ила қилса, албатта, уни оловга киритиб, куйдирурмиз. Бу эса Аллоҳга осондир» (30-оят).

Оятдаги «буни» сўзи бировнинг молини ботил йўл билан ейиш ва ўзини ўзи ҳалокатга дучор қилишга ишорадир. Демак, ким бировнинг молини тажовузкорлик (яъни ҳаромлигини билиб туриб) ва зулм ила (яъни тап тортмай) еса, охиратда дўзахга киради. Одатда ботил йўл билан мол ейдиганлар бу дунёда жазодан қутулиб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳам уларнинг зеҳнига, иложини топса, ҳамма нарсадан қутулса бўлади, деган фикр ўрнашиб қолган бўлади.

Ўша фикрни кўтариш учун охирида:

«Бу эса Аллоҳга осондир», дейилмоқда. Яъни ботил йўл билан мол еганларни дўзахга киритиш Аллоҳ учун осондир. Ҳеч ким қочиб, ҳийла қилиб қутула олмайди.

Ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: “Муфлис (ҳеч вақоси йўқ ночор) ким биласизларми?” Саҳобалар: “Бизнинг орамизда бирор нарсаси, бирор дирҳами ҳам бўлмаган киши муфлисдир”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ: “Менинг умматимдан ҳақиқий ночорлар шундай кишиларки, қиёмат кунида намоз, рўза, закотлари билан келишади, шу билан бирга, дунё ҳаётида мана буни сўккан, яна бирини айблаган, бошқа бирининг молини еган ва яна бошқасининг қонини оқизган, яна бирини ноҳақ урган. Бас ундай кишининг яхши амаллари қиёмат кунида ана у ҳақдорига олиб берилади агар ҳақдорининг ҳар бирига ҳақлари олиб берилгунга қадар яхши амаллари тугаб қолса, уларнинг хатолари олиниб бунга юкланади, сўнгра дўзахга улоқтирилади”, – дедилар.

Ҳа, ҳақиқий ночорлар мана шу тоифадаги кишилардир. Агар яхшилиги бўлса ҳам ўзгаларини алдаб, молини ўзлаштиргани боис ўша яхшилигидан ҳам маҳрум бўлувчилардир. Шунинг учун бу дунёда қочиб қутилган айбдан охиратда қутилолмайди.

Ҳаёт тақозоси билан инсонлар доимо бир-бирлари билан турли хил молиявий муомала қилишлари аниқ. Лекин бу алоқада мақсадни ҳалол йўл билан амалга ошириш, ҳаром йўллардан ва ўзгаларни ҳақ-ҳуқуқларига ҳамда мол-мулкларига тажовуз қилмаслик шартдир.

Ҳаётда ўзгаларнинг молига кўз олайтириб, уларга хиёнат қилганлар қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида ҳисоб берадилар ва албатта, ҳақлар Аллоҳ тарафидан ўз эгаларига олиб берилади. Дунёда қилган тажовузлари, хиёнатлари уларга аламли азобнинг келишига сабаб бўлади.

Бировни ҳаққини ейиш икки хил йўл билан бўлади: биринчиси – зулм орқали. Бунга зўрлик билан тортиб олиш, хиёнат, ўғрилик, талончилик билан ейиш киради. Иккинчиси – ҳазил – ўйин орқали. Бунга қимор ва турли эрмаклар киради. Расулуллоҳ яна айтадилар: “Ким қаердан мол топаётганига эътибор бермаса, Аллоҳ ҳам уни дўзахнинг қайси эшигидан киришига эътибор бермайди”. Демак, ҳар бир инсон ўзини бу ишлардан эҳтиёт қилмоғи лозим. Бугунги кунда товламачилик, ўзгалар ҳаққига тажовуз қилишнинг бир қанча кўринишлари оммалашган.

Жумладан, тижоратда ўз шеригига хиёнат қилиш, бозорда тарозидан уриш ёки сотаётган нарсасининг айбини беркитиб сотиш, қарз олиб қайтариб бермаслик ва ҳоказолар, бу ишлар айрим ибодатли кишилар орасида ҳам учраётир. Бу каби ишлар оилалардан, жамиятдан барака кўтарилишига сабаб бўлиб, инсонлар орасида ишончсизлик, адоватни пайдо қилади.

Пайғамбаримиз: “Ким хиёнат қилса у биздан эмас”, – деганлар. Ўз яқинидан қарз олиб, турли ёлғон баҳоналар билан қайтариб бермаслик, унга нисбатан зулм эканлиги ҳам ҳадисда баён қилинган. Насаий қилган ривоятда: “Менинг жоним Унинг қўлида бўлган зот ила қасамки, агар бир киши Аллоҳнинг йўлида қатл қилинса, сўнг тирилтирилиб қатл қилинса ва яна тирилтирилиб сўнг яна қатл қилинса-ю, унинг зиммасида қарзи бўлса, то қарзини адо этмагунча жаннатга кирмас”, – дейилади. Агар инсон Аллоҳнинг йўлида бир эмас, уч марта шаҳид бўлса ҳам қарзини адо қилмаган бўлса, жаннатга кира олмайди. Ундай одамнинг жаннатга кириши олган қарзини узилишига боғлиқ бўлиб қолади. Қарз узилсагина жаннатга киради.

Уламоларнинг фатволарида қуйидаги сўзлар бор: “Бошқаларнинг ҳаққини ноҳақ егувчилар сирасига хоин, алдоқчи, ўғри, баттол, фоиз олувчи (судхўр) ва берувчи, етим молини егувчи, ёлғон гувоҳлик берувчи, қарз олиб ундан тонувчи, порахўр, ўлчов ва тарозидан уриб қолувчи, молининг айбини яшириб сотувчи, қиморбоз, сеҳргар, мунажжим, фоҳиша, азада дод солиб йиғловчи, сотувчидан сўрамай ҳаққини олиб қолувчи даллол, ҳур-озод одамни сотиб пулини ейдиганлар киради”.

Ўтмишда аждодларимиз бировнинг ҳаққидан қаттиқ хазар қилишган, ўзганинг ҳаққини олиш у ёқда турсин, ўзлари билмаган ҳолда тасодифан келиб қолса ҳам ундан зудлик билан қутилишган. Мазҳаббошимиз Имом Аъзам (р.а)нинг тақволари, ҳалолликлари, ўзганинг ҳаққидан астойдил қочганлари тарихда маълум ва машҳурдир. Бу зот савдогарлик билан шуғулланиб юрганларида молнинг айбини айтишни унутиб сотиб юборгани учун савдогарчиликдаги ўттиз йиллик шериклари Ҳафс ибн Абдураҳмон билан шерикликни узганлар ва ўша молдан келган даромадни ҳаммасини садақа қилиб юборганлар.

Улуғларимиз ҳатто шубҳа аралашган молдан ҳам ўзларини шу қадар эҳтиёт қилганлар. Ислом дини инсоннинг жонини қанчалик ҳимоя қилган бўлса, унинг молини ҳам шунчалик ҳимоя қилади. Яъни бировнинг жонига тажовуз қилиш катта гуноҳ бўлганидек, унинг молига тажовуз қилиш ҳам улкан гуноҳдир. Фирибгарлик қилиб молни ўзлаштирган ёки қарз олиб уни эгасига қайтармаётган кишилар ёки омонатга хиёнат қилганлар қиёматда Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум кишилардир. Демак, бундай ишларни қилаётган кишилар, аввало, ўзларига ўзлари зулм қилаётган кишилардир. Шу ўринда, киши эътибор қилиши лозим бўлган муҳим жиҳат бор.

Маълумки, мазкур йўл билан топилган озуқа оилада фарзандларга олиб борилади, бундай ишларда жуда катта хатар бор. Яъни ўғрилик, алдов ёки зўрлик билан топилган озуқани еб катта бўлаётган фарзандлар келажакда ким бўлади? Бу айни инсонни ўйлантирадиган масала. Уларнинг ахлоқи, тарбияси, феъл-атвори қай ҳолатда бўлади?

Ҳаром таомдан улғайган бола, албатта, зулмкор, ахлоқсиз бўлиб улғайиши эҳтимоли борлигига ҳаким ва уламолар ишора қилганлар. Унга ҳеч қандай панду насиҳат, таълим–тарбия кор қилмайди. Чунки ҳаромда шайтон бор, ҳаром луқма билан бирга боланинг танига шайтоний табиат ҳам кириб, сингиб боради. Бежизга Қуръони карим ўртадаги молни ноҳақлик билан, ботил йўл билан ейишдан қайтармаган. Бекорга Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларини фақат ҳалол ризқ топишга, ўзганинг ҳақидан ҳазар қилишга чақирмаганлар. Ҳаром дўзахга элтади, ҳалол эса жаннат кафолатидир.

Ривоят қилишларича, Абу Дардо розияллоҳу анҳу масжидга эрта келиб, кеч қайтардилар. Намоздан кейин Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларини диққат билан тинглардилар. Бироқ хурмо пишиғида Абу Дардо аввалгидан кечроқ келиб, эртароқ кетадиган бўлдилар. Бу ҳол Пайғамбаримизнинг диққатларини тортди. Абу Дардони ёнларига чақириб: “Сенинг масжидга келиб кетишингда ўзгариш кўряпман. Нима бўлди?” – деб сўрадилар. Абу Дардо разияллоҳу анҳу узрли оҳангда шундай жавоб бердилар: “Шу кунларда қўшнимизнинг хурмо мевалари пишиб, тўкила бошлади, хурмолар бизнинг ҳовлига ҳам тушяпти. Болаларим қўшнимдан сўроқсиз уларни еб қўйишмасин, деган хавотирдаман. Бомдодга келишдан олдин тўкилган хурмоларни тўплаб, қўшнимизникига олиб чиқиб бераман. Шу сабаб масжидга кеч келяпман. Мен масжиддалигимда ҳам дарахтлардан хурмо тўкилади. Уларни йиғиб, қўшнимникига чиқаришга шошиламан”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг бу сўзларидан мамнун бўлдилар ва унинг ҳаққига дуо қилдилар.

Мусулмон киши ҳаром йўл билан мол-дунё касб қилишдан худди чўчқанинг гўштини ейишдан ҳазар қилгандек ҳазар қилиши керак. Ҳаром йўл билан мол-дунё топган одам икки дунёда шарманда бўлади. Бу дунёда азоб-уқубат, турли бало-офатларга йўлиқади, у дунёда жаҳаннам ичида туриб, қорнига таом ўрнига олов ейди.

Ҳаромдан ҳазар қилиш мусулмонларнинг асосий фазилатларидан бири бўлганидек, шубҳали нарсалардан ҳазар қилиш ҳам салафи солиҳларимизнинг одатлари бўлган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу шубҳали нарсадан бир луқма еб қўйиб, кейин уни қайт қилиб ташлаганлари маълум ва машҳур.

Абон ибн Абу Айёш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Анас розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:«Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг», дедим. У зот:

«Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки бир одам бир луқма ҳаромни оғзига солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди», дедилар» (Дайламий ривоят қилган.)

Анас розияллоҳу анҳу ҳар доим Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини ихлос билан қилиб юрганларидан баъзи вақтларда ушбу ривоятда зикр қилинганга ўхшаш нарсаларни У зотдан сўрашга журъат қилганлар. Албатта, у кишининг бу сафарги сўровлари катта саволлардан эди:

 «Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг».

Дуоси қабул бўладиганлардан бўлиш ҳар банда учун улкан бахт. Бу ҳар бир мўмин-мусулмон банданинг энг улкан орзуларидан бири.

Албатта, бундай вақтда одатда, Пайғамбар алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога дуо қилиб, Анас розияллоҳу анҳуни дуоси қабул бўладиган қилиб қўйилишини сўрашлари хаёлга келади.

Эҳтимол, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам худди шу нарсани ирода қилган бўлсалар керак. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом фақат Анас розияллоҳу анҳунинг ўзига эмас, қиёмат кунигача бутун Ислом умматига етадиган жавобни бердилар:

«Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки бир одам бир луқма ҳаромни оғзига солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди», дедилар».

Охирги замон Пайғамбари, Ҳабиби Роббил оламийн Муҳаммад Амин соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу жавоблари умумий қоида бўлиб қолди.

Қайси замон, қайси маконда бўлишидан қатъи назар, дуоим қабул бўлсин, деган ҳар бир мўмин-мусулмон ҳалол касб ила шуғуллансин, ейдиган луқмасини ҳалол қилсин. Ана ўшандагина дуоси қабул бўлади.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу жавобларидаги: «Чунки бир одам бир луқма ҳаромни оғзига солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди», деган сўзларига алоҳида эътибор берайлик. Бундан жуда оз миқдордаги ҳаром нарса инсонга илашса ҳам, унинг дуоси қабул бўлмаслиги келиб чиқади.

Бир луқма таом оз нарса, инсоннинг бир марта овқатланиши давомида ҳам бир луқма деярли ҳеч нарсани ташкил қилмайди. Лекин сиз билан бизнинг назаримизда арзимас бўлиб кўринган ўша бир луқма уни еган одамнинг дуосини қирқ кунгача қабул бўлмайдиган қилиб қўяр экан.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳалол еб-ичса, суннатга мувофиқ амал қилса, одамларга зарар етказмаса, албатта, жаннатга киради”, – деганлар. Бировнинг ҳаққини ейиш ҳаром экани Қуръони Карим ва Суннати Набавияда собит бўлган. Ким ўзини буларга толиб санаса, ҳаромдан ҳазар қилсин, ўзганинг ҳаққига тажовуз қилишдан тийилсин. Шундагина ислом умматига муносиб солиҳ инсонлардан бўла олади.

Эҳтимол, тановул қилинган ҳар бир таомнинг асари инсон жисмида қирқ кунгача турса керак.

Энди инсоф билан ўйлаб кўрайлик. Ҳаммамизнинг қилаётган ҳар бир касбимиз, топаётган молу мулкимиз ҳалолми? Ҳаммамизнинг тановул қилаётган ҳар бир луқмамиз ҳалолми?

Энди нима учун дуолар қабул бўлмаётганини, нима учун ишлар юришмаётганини тушуниб етгандирмиз?!

Ушбу улуғ ҳадиси шарифга амал қилиб, касбимизни пок қилишимиз, бир луқма ҳам ҳаромни оғзимизга олмаслигимиз лозим. Икки дунёнинг бахт-саодати шундадир.

ЖаҳонгирЧориев  

Тошкент вилояти “Ҳасанбой ота”

жоме масжиди имом-хатиби

Read 3699 times

Мақолалар

Top