Мақолалар

Президентимиз Мурожаатномаси илм-маърифат тарқатишга мустаҳкам замин бўлади

24 январь куни муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномалари бугунги кундаги вазиятни теран таҳлил қилиб, яқин келажакка аниқ вазифаларни белгилаб берувчи ва чуқур мушоҳадали нутқ бўлди.

Маънавий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлган – Мурожаатномада Ислом динининг асл моҳияти, илм-маърифат, меҳр-оқибат ва диний бағрикенглик тамойилларини ўзида мужассам этадиган улкан ишларга омил бўлади.

Айниқса, муҳтарам Президентимиз Мурожаатномаларида 2020 йил – “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб эълон қилиниши эзгу мақсадларимизга эришишда мустаҳкам замин бўлади.

Давлатимиз Раҳбари халқимизнинг дунёқараши, тафаккури талаб ва эҳтиёжлари бутунлай ўзгарганини таъкидлаб, шарқ донишмандларининг “Энг катта мерос – бу яхши тарбия. Энг катта қашшоқлик эса –  бу билимсизлик” деган ҳикматларини доимо ёдда сақлаш муҳимлигини алоҳида қайд этдилар.

Аллоҳ таолога шукрки, муҳтарам Юртбошимизнинг ғамхўрликлари ва саъй-ҳаракатлари ила ёшларни илм-маърифатли, одоб-ахлоқли этиб тарбиялашга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, йигит-қизларимиз илм-маърифат эгаллаши учун барча имкониятларни яратиб беришга катта урғу берилди. Бундай улкан эътибор ва ғамхўрлик натижасида фарзандларимиз илм-маърифат соҳаларида улкан ютуқ ва муваффақиятларга эришадилар, инша Аллоҳ.

Мурожаатномада “Бешикдан то қабргача илм изла” деган ҳикматга мос равишда олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан, деган, юрагида ўти бор жўшқин ёшларимизнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликларни яратишга катта урғу қаратилди.

Ҳақиқатан, ёшлар илм-маърифат эгаллашлари, замон мураккабликларига жавоб берадиган фарзандлар бўлишлари, юксак маънавиятли, маърифатли авлод бўлиб вояга етишлари учун муносиб шароит ҳозирлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлмоқда. Албатта, фарзандларда бундай фазилатларни шакллантиришда, ҳеч шубҳасиз, маҳалладаги меҳрли муҳитнинг таъсири жуда катта. Бинобарин, маҳалла мўйсафидлари, имом-домлалар ва тарбия ишига мутасадди бўлганлар бу ишга алоҳида диққат қаратишлари жуда ҳам муҳим бўлмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида айнан шу масалаларга бор куч-қувватимизни сарфлашга алоҳида эътибор қаратдилар.

Дарҳақиқат, Президентимиз Мурожаатномада бугунги кундаги энг долзарб масалаларга тўхталдилар. Хусусан, таълим соҳаси ҳақида гапираркан, Давлатимиз раҳбари таълим сифатини халқаро талаблар даражасига кўтариш мақсадида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини алоҳида қайд этди.

Дарҳақиқат, бу ишларда яхши натижаларга эришиш учун ёшларни тани соғлом, ақли ўткир, хулқини гўзал қилиб тарбиялаш лозимдир. Шундагина, Юртбошимиз орзу қилганларидек ёшларимиз орасидан хоразмийлар, берунийлар, улуғбеклар, бухорийлар, термизийлар, насафийлар етишиб чиқади, иншо Аллоҳ.

Муборак динимизда ёшларнинг одоб-ахлоқли бўлиши, илм олиши энг муҳим шартлардан ҳисобланади. Ислом тарихининг саодат асридан бошлаб ёш авлод тарбиясига жуда катта аҳамият бериб келади. Фарзанд Аллоҳ таоло ато этган улуғ неъмат бўлиши билан бирга масъулияти жуда катта омонат ҳамдир. Жондан азиз болаларимизни гўзал хулқли, дину диёнатли, ҳалол-пок, оиласи, Ватанига садоқатли этиб тарбиялаш эса ушбу неъматнинг олий шукронаси ҳисобланади.

Фарзандларни ёшлик чоғидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш лозим. Зеро, ҳадиси шарифларда қуйидагича марҳамат қилинади: “Илм Чин-Мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир.

Илм-фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам ўқиб-ўрганиб, маълумот ҳосил қилган киши, албатта, ўзи, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади.

Она-Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизни илму фан ва касбу ҳунарли бўлиб етишишлари йўлида давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрлик билан бирга бу борадаги ота-оналар ва таълим-тарбия ишига мутасаддиларнинг доимий ҳаракатлари ҳам ғоят аҳамиятлидир.

Ёшлар тарбияси ҳар доим долзарб масаласи бўлиб келган. Чунончи, эртамизнинг қандай бўлиши бугунги ёшларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишига боғлиқ. Бугун тарбия борасида имом-хатиблар, ўқитувчи мураббийлар, маҳалла фаоллари янада фаолроқ ишлашларига тўғри келмоқда. Шу боис, ҳар бир фарзанднинг қалбини илм-маърифат нури билан ёритиб бориш, уларни одоб-ахлоқ ва фойдали меҳнатга йўналтириш жуда ҳам муҳим. Таълим-тарбия ишига мутасадди бўлганлар масъулият ўз зиммаларида эканини доимо ёдда тутишлари, буни бир лаҳза бўлса-да унутмасликлари жуда ҳам зарур.

Ҳар бир сергак инсон юртига, юртдошларга, Президентимизга эҳтироми бўлса, дўппини бир чеккага қўйиб, ўзининг иш юритиш тартиби ва таркиби ҳақида жиддий ўйлаб кўриши, тезликда самара берадиган амалий ишларга ўтиши керак. Бу давр талаби, ўзгараётган Ўзбекистоннинг тараққиёти тақозоси.

Президентимизнинг парламентдаги Мурожаатномалари зийракликка, холисликка, ҳалолликка ва одилликка ҳамда “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланишга қатъий чорлов бўлди.

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари

 

Read 2512 times

Мақолалар

Top