Мақолалар

Пулингиз кўп бўлса ҳам...

Кўпчилик бахт деганда пулнинг кўп бўлишини, шоҳона яшашни, дабдабали ҳаёт кечиришни тушунишади. Аслида дунёда пули кўп инсонлар жуда бисёр, аммо уларда хотиржамлик, ҳаловат йўқ.

  • Пулингизга таом сотиб олишингиз мумкин, аммо тўйиш ҳиссини сотиб ололмайсиз.
  • Пулингизга дори сотиб олишингиз мумкин, лекин шифони сотиб ололмайсиз.
  • Пулингизга диван сотиб олишингиз мумкин, бироқ уйқуни сотиб ололмайсиз.
  • Пулингизга уй сотиб олишингиз мумкин, лекин хотиржамлик сотиб ололмайсиз.
  • Пулингизни маҳрга бериб бир қизга уйланишингиз мумкин, аммо муҳаббат, бир-бирини тушуниш ва бахтни сотиб ололмайсиз.
  • Пулингизга шуҳратни сотиб олишингиз мумкин, бироқ эҳтиромни сотиб ололмайсиз.
  • Пулингизга китоблар сотиб олишингиз мумкин, аммо фаҳм-фаросат, маданият ва ҳикматни сотиб ололмайсиз.

Бир миллардер узоқ йиллардан бери таом мазасини сезмаслиги кўп айтилади. Қани, имкони бўлса, пулларини сарфлаб, таъм билиш сезгисини сотиб олсинчи! Йўқ, ололмайди!

Чинакам бахт-саодат Аллоҳга қуллик қилиш, Унга ихлос билан ибодат қилиб, Унинг сизга тақсимлаган ризқига қаноат қилишдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қалб хотиржамлиги сабабини баён қилиб, шундай марҳамат қилган:

الَّذِينَ آمَنُواْ وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُم بِذِكْرِ اللّهِ أَلاَ بِذِكْرِ اللّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ

“Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?” (Ҳа, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканларини ҳис этадилар. Чунки бу қалблар дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳдан эканлигини яхши биладилар.) (Раъд сураси, 28-оят).

Аллоҳнинг зикри – намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, ҳаж-умра қилиш, махсус лафзларни айтиб зикр қилиш, Аллоҳ таоло мени кўриб турибди, билиб турибди, эшитиб турибди, тўғри юрай, тўғри турай, бировга озор бермай деган ҳис билан юришдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳнинг сенга тақсим қилганига рози бўл, инсонларнинг бойроғи бўласан” деб марҳамат қилганлар. Имом Термизий ривоятлари.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2149 times

Мақолалар

Top