Мақолалар

ал-Ҳаким ат-Термизий буюк сиймо

Кўҳна ва доимо навқирон Сурхон воҳаси нафақат ўзига хос қадимий тарихи, урф-одат ҳамда миллий ўзлигига эга диёр сифатида кўз ўнгимизда гавдаланади балки Ислом дунёсидаги буюк Термизий тахаллусли алломалари билан ҳам донг таратган. Ана шундай алломалардан бири Ҳаким Термизийдир.

Ҳаким номи билан машҳур бўлган ушбу улуғ олимнинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Башир Ҳаким Термизий “Машойихи Бибиорлардан”дир (Навоий). У зотнинг "Ҳаким" дея улуғланишининг сабаби шуки, у зот илм-маърифатда жуда етук бўлиб, доимо ҳикмат билан гапирар эдилар. Бир манбада мелодий 820 йили Термиз шаҳрида таваллуд топиб, 932 йили 112 ёшида вафот этгани ёритилса иккинчи маълумотга кўра (ҳижрий 245–320, милодий 859–932) йиллар деб келтирилади. У зотнинг мақбарcи Термиз шаҳри яқини (Термиз тумани)да Амударё бўйида жойлашган.

Алломанинг таржимаи ҳоли келтирилган асарлари, шунингдек рисолалари номларида ҳам у зот турли тахаллуслар билан номланганини кўрамиз. Жумладан; аш-Шайх, ал-Олим, ал-Аллома, муҳаддис, аз-Зоҳид, ал-Ҳофиз, ал-Имом тахаллуслари билан аталган. Албатта, ушбу тахаллуслар у зотнинг илмий салоҳияти ғоятда юксак, бўлганлиги ва бу ҳол илм соҳиблари томонидан эътироф этилганидан далолат беради. Термизий асосан “ал-Ҳаким” тахаллуси билан номланиб, унинг маъносини баъзилар “табиб” деган.  Шунга кўра, Термизийни буюк табиб деб ҳисоблаганлар.

Аллома айтади: “Шаъбон ойида Маккага қадам қўйдим. Ҳажга қадар Аллоҳ менга у ерда истиқомат қилишни насиб этди ва тунлари менга дуо эшигини очиб қўйди. Каъбатуллоҳда дуолар мустажоб бўладиган маконда туриб илтижолар қилдим. Кўнглимда тавбани маромига етказиш, нафсимни майду-чуйда нарсалардан йироқ қилиш, азимати пайдо бўлиб қолганини ҳис этдим. Аллоҳдан қалбимни тўғри йўлга бошлашини, дунёда зоҳидлардан бўлишимга мадад беришини, Қуръони каримни тугал ёд олишни менга насиб қилишини сўрадим. Ватанга қайтаётганимда кўнглимда Қуръони каримни ёд олишга иштиёқ пайдо бўлганини сездим. Йўлда бир неча сурани осонлик билан ёд олиб қўйдим. Уйга келганимдан сўнг, сал кун ўтмай уни бошидан охиригача хатм қилдим”. Ушбу муборак сафардан сўнг алломанинг ҳаётида янги давр бошланади. У Аллоҳнинг сифатларини баён қиладиган китобларни ва тариқат йўлига бошловчи комил бир пирни излай бошлайди. Аммо у зотнинг бу уринишлари зое кетади. Шундан сўнг у зот бор кучларини ибодатга қаратадилар. Бу хусусда шундай дейдилар: “... Қўлимга Антокийнинг “Қалблар давоси” китоби тушиб қолди. Гўё йўқотган ва қидираётган нарсамни топиб олгандай бўлдим. У ҳам бўлса нафс риёзати эди. Мен нафсимни тарбият қилишга киришдим. Бу саъй ҳаракатимда Аллоҳ менга мададкор бўлди. У менга нафсимни шаҳвоний ҳирс-туйғудан тийиш йўлини ўргатди. Натижада аста-секин қалбимни англай бошладим... Қалбимда уйда узлатда ўтириш ва саҳроларга чиқиб кетиш иштиёқи пайдо бўлди. Юртимдаги харобат, хилват ва мазористонларни айландим. Бу ҳозиргача менинг кундалик одатим бўлиб қолган. Тўғри сўз одамлардан менга ёрдам қўлини чўзишларини илтимос қилиш хаёлимга келди. Аммо ундай қилмадим, кимсасиз жойларни тавоф қилишни давом эттирдим. Шундай кунларнинг бирида худди туш кўраётган кишидек пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)ни кўрдим...”.

Устозлари: Биринчи устозлари оталари Али ибн Ҳасан Термизий бўлган. Бу хусусда Ҳаким Термизий китобларининг бирида шундай ҳикоя қилади: “Аллоҳ таоло мени устозим – отамдан жудо қилганда мен 8 ёшда эдим. Мен илм олишга шундай берилиб кетган эдимки, китоб мутолаа қилиш мен учун асосий машғулот бўлиб қолган эди. Ваҳоланки, менинг тенгқурларим ўйинлар билан банд бўлардилар. Отамнинг ҳаракатлари туфайли мен шу ёшимда “Илмул-осор”(ҳадис илми) ва “Илмур-рай”(ҳанафий мазҳаби фиқҳи) билимларини тўлиқ эгаллаб олган эдим...”. 

Кейинги устозлари эса “Сиҳоҳи ситта” номи билан танилган олти мўътабар ҳадис тўплами муаллифларининг барчасига устозлик қилган 9 шайхнинг бири Қутайба ибн Саид Сақафий Балхий (ваф. 240/888й.), сўнгра Солиҳ ибн Абдуллоҳ Термизий, Утба Ибн Абдуллоҳ Марвазий, Яҳё ибн Мусо, Суфён ибн Вакиъ, Аббод ибн Яъқуб Раважний, Ҳасан ибн Умар ибн Шафиқ Балхий, Яъқуб ибн Абу Шайба, Жаруд ибн Маоз Суламий Термизий, Исо ибн Аҳмад Асқалоний ва бошқалар.

Шогирдлари: Абу Муҳаммад Яҳё ибн Мансур Қозий(ваф. 350/961й.), Ҳасан ибн Али Жузжоний, Мансур ибн Абдуллоҳ ибн Холид Ҳиравий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Ҳайсам (ваф.360/971й.), Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар Варроқ Ҳаким  Термизий (ваф. 294/906 – 907й.), Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исо ва бошқалар.

Илмий мерослари: Ҳаким Термизийнинг ижодлари жуда серқирра бўлиб, у кўплаб илм соҳаларини қамраб олган. Аллома кўп соҳаларда самарали ижод қилганлар жумладан: Тафсир, Ҳадис, Фиқҳ, Калом, Тасаввуф ва ҳокозо...

У зотнинг ижодлари ҳақида ёзган муаллифлар асарлари сонини турлича келтирадилар. Баъзи тадқиқотчилар уларнинг саноғи 400 га яқин деб айтсалар, бошқалари 80 та асар таълиф этган деб ёзадилар. Абулфаттоҳ Бараканинг ёзишича, Ҳаким Термизий 400 дан ортиқ асар ёзган бўлиб, улардан 60 га яқини ҳақида бизгача аниқ маълумотлар етиб келган. Баъзи тадқиқотларда эса алломанинг 60 та китоб ва 200 та рисола яратгани ҳақида хабар қилинади. Қуйида манбалар асосида имкон қадар санаб ўтишга ҳаракат қилдик.

  1. “Наводир ал-усул фий маърифат ахбор Росул” (“Расуллуллоҳ хабарларини билишда нодир усуллар”) Бу асар шунингдек “Салват ал-Орифийн ва бўстон ал-Муваҳҳидийн” (“Орифлар овунчоғи ва Аллоҳнинг ягоналигига ишонувчилар бўстони”) номи билан ҳам аталади.
  2. “Ал-Амсол минал китоб вас-Сунна”
  3. “Китоб ус-Солат ва мақосидуҳа” (“Намоз ва унинг мақсадлари”)
  4. “Китоб ул-Ҳаж ва асрориҳи” (“Ҳаж ва унинг сирлари”)
  5. “Китоб ул-иҳтиётот” (“Эҳтиёткорлик йўллари”)
  6. “Китоб ул-жумал ал-лозим маърифатиҳо” (“Билиш лозим бўлган жумлалар”)
  7. “Китоб ал-фуруқ ва манъ ут-тародуф” (“фарқлар ва тародуф (кетма-кетлик) ни манъ қилиш”)
  8. “Китоб ҳақийқат ул-одамиййа” (“Инсоният ҳақиқати тўғрисида китоб”)
  9. “Китоб Урс ул-муваҳҳаддин” (“якка Худога эътиқод қилганларнинг завқи”)
  10. “Китоб ул-аъзо ван нафс ва юсаммо казалика ғавр ул-умур” (“аъзолар ва жон ёки ишларнинг моҳияти ҳақида китоб”)
  11. “Китоб Манозил ал-Ибод мин ал-ибадати” (“Бандаларнинг бандачиликдаги манзиллари ёхуд Оллоҳга интилувчиларнинг манзиллари ҳақида китоб”)
  12. “Китоб ул-ақл вал ҳаво” (“Ақл ва ҳавойилик ҳақида китоб”)
  13. “Китоб ул-амсол мин ал-Китоб вас сунна” (“Қуръон ва суннатдаги масаллар китоби”)
  14. “Китоб ал-маноҳий” (“Раддиялар ҳақида китоб”)
  15. “Китоб ул Акйос вал муғтарийн” (“Зийраклар ва алданганлар ҳақида китоб”)
  16. “Жавоб Китоб Усмон бин Саъийд бин ар-Рай” (“Райлик Усмон бин Саъийднинг мактубига жавоб”)
  17. “Баён ул-Касб” (“Касб ҳунарнинг баёни”)
  18. “Масоил суила анҳо” (“Савол берилиб сўралган масалалар”)
  19. “Ал-Масоил ал-Макнуна” (“Яширилган масалалар”)
  20. “Таҳсийл назоир ал-Қуръан” (“Қуръон ибратларини ўрганиш”)
  21. “Китоб радд ъалал Муъаттила” (“ал-Муаттилийларга раддия китоби”)
  22. “Китоб ул-Фуруқ” (“Фарқлар ҳақида китоб”)
  23. “Китоб ур-Риёзат” (“Риёзат ҳақида китоб”)
  24. “Мухтарот мин китоб ас-Сафо” (“Китоб ас-Сафо асаридан танлаб олинган қисмлар”)
  25. “Илал аш-шариа ёки кайфийят ас-солат ва-л-вузу ва-с-сивак”
  26. “Адаб ун-Нафс” (“Инсоннинг одоби”)
  27. “Масалат ул иймон ва ислом вал иҳсон” (“Иймон, Ислом ва Эҳсон масалалари”)
  28. “Ал-фарқ байнал оят вал каромат” (“Мўжиза ва каромат орасидаги фарқ”)
  29. “Илал ал Убудийя” ёки “Илал аш-Шариъа” (“Шариъат далиллари”) “Китоб ус-Солат” нинг қисқартирилган шакли.
  30. “Ад-Дур ал-макнун” (“бекитилган марварид”)
  31. “Одоб ул-Мурийдийн” (“Муридлар одоби”)
  32. “Китоб ут-Тавҳийд” (“Оллоҳнинг ягоналиги ҳақида китоб”)
  33. “Азоб ул-Қабр” (“Қабр азоби”)
  34. “ат-Тафсир” (“Қуръон тафсири”)
  35. “Китоб ун-Наҳж” (“Йўл-йўриқлар китоби”)
  36. “Китоб ул-Машойих ав ат-табақот ас-суфиййа” (“Машойихлар ёки сўфийлар ҳақидаги китоб”)
  37. “Ар-радду алар-рофиза”
  38. “Исбот ал-илал фил-амр ван-наҳй”
  39. “Баёнул-илм”
  40. “Ҳуқуқ”
  41. “Наҳаж”
  42. “Анво ал маориф”
  43. “Ар-рисола фил-футувва”
  44. “Хатмул-авлиё”
  45. “Баёнул-фарқи байнас-садр вал- қалб вал-фуад вал-лубб”

Юқоридаги маълумотлардан маълум бўладики, бу буюк сиймо ўз замоналарининг диний илмлари билан бирга дунёвий илмларда ҳам чуқур илмга эга бўлганлар. У зотнинг мукаммал илмларига кўпчилик уламолар юксак баҳо берганлар. Жумладан; улуғ мутафаккир Абдураҳмон Жомий “Нафаҳот ул-Унс” асарида Алишер Навоий эса “Насоимул Муҳаббат” асарида энг улуғ шайхлар қаторида зикр қилиниб, мутасаввифларнинг иккинчи бўғинига киритганлар.

“Муҳаммад бин Али Ҳаким Термизий – иккинчи табақадандур. Куняти Абу Абдуллоҳдур. Машойихи кибордандур ва Абу Туроб Нахшабий ва Аҳмад Ҳизравайҳ ва ибни Жалла била суҳбат тутибдур ва кўп ҳадиси бор ва зоҳир каромати ва тасонифи (ёзган асарлари) бор. Ул жумладин “Хатм ул вилоя” китоби ва “Наҳаж” китоби, “Наводир ул усул” ва бундан ўзга ҳам китоблари бор ва зоҳир улумида ҳам кутуби бор ва бир тафсир (Қуръон тафсири) ҳам ибтидо қилғондур. Аммо итмомиға (охирига) улар вафо қилмайдур...”. Хожа Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратлари ҳам Ҳаким Термизий ҳақларида “азиз авлиёларнинг пешвоси Хожа Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизийнинг руҳонийётига таважжуҳим тушганда, ҳар сафар менга таъриф ва тавсифдан холи тасаввуф намоён бўлади”.   

Ҳаким Термизий мақбараси ўрни ва тарихи: IX асрда қурилган мазкур меъморий иншоот Термиздаги қадимий ёдгорликдир. Бу турли давр қурилишлари мажмуаси бўлиб, яхлит бир обидани ташкил этади. Обида эски Термиз қалъасининг шимолий-ғарбида барпо этилган. Бу ерда IX асрда яшаган сўфийлик-ҳакимийлик йўналишининг ташкилотчиси, машҳур диний-фалсафий асарлар муаллифи, дин арбоби, йирик зоҳид Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Башир Ҳаким Термизийнинг ҳоки ётибди. Мақбара қадимги хонақоҳ ҳужраларидан бирига қурилган. Аллома шу ерда мурид-шогирдлари ва бошқа дарвешларни қабул қилган, улар билан суҳбатлашган. Вафот этгач эса, шу хонақоҳда дафн қилинган. X-XI асрларда мақбара атрофига ибодатхоналар қурилган. Мақбаранинг шимолида уч гумбазли айвон, ғарбий деворида пишиқ ғишт билан қопланган меҳробдан иборат дуо-таъзия масжиди барпо этилган. Мақбара бир неча бор қайта таъмирланган. Чингизхон вайрон қилгунга қадар, XII асрда ҳам таъмир қилинган. XIII аср охирларида мўғул босқини вайронагарчилиги асорати тугатилганидан сўнг мажмуа яна кенгайтирилган. XV аср бошларида Амир Темурнинг набираси Халил Султон Термизга ҳукмронлик қилган даврда мақбаранинг шимолий-шарқий қисмида ҳашаматли хонақоҳ қурилган. Бу эса олдинги биноларга нисбатан бошқача кўринишда бўлган.

Термизий мақбараси халқ орасида улуғланиб авлиё қабри, зиёратгоҳ сифатида эъзозланган. Унинг ички қисмидаги бўртма ёзув, сопол шакллар, ўйма ганч безаклар ўзига хос. Унинг ичидаги оқ мармар сағана темурийлар давридаги тош ўймакорлиги санъатининг юксак намунасидир. Сағанадаги ёзувларда Термизий ҳаёти ва фаолияти акс эттирилган. Абдуллахон ҳукмронлиги даври (XVI аср)да эса ҳовли ҳудудида 9 гумбазли масжид қурилган. XIX асрда мазкур масжид ўрнида 4 гумбазли масжид бунёд этилган. Жанубдан кираверишда яна бир мақбара қурилиб, равоқли бўлмалар орқали Термизий мақбараси ва хонақоҳ билан ўзаро боғланган. 1955–57 йилларда XIV–XV асрлардаги кўриниши қайта тикланган. 1980–81 йиллар ва 2001–2002 йилларда мақбара ва хонақоҳ қайта пардозланган.

 

 

“Икки буюк донишманд” асари ва meros.uz, qadamjo.uz,

qadriyat.uz интернет манбалари асосида Сурхондарё вилояти

вакили ўринбосари Абдусалом Фатҳуллаев тайёрлади

Read 10049 times
Tagged under

Мақолалар

Top