Мақолалар

Кечиримли бўлиш иймондандир

Муқаддас ислом динимиз инсонларни кечиримли бўлишга тарғиб қилади. Чунки кечиримли бўлишда инсонлар учун кўп манфаатлар бор. Аввало, Кечирган инсон ўзини енгил тортиб, Аллоҳдан бўладиган ажрга лойиқ бўлса, кечирилган инсон эса кечиргучига нисбатан бўлган адовати кетиб, қалбида унга нисбатан илиқлик ва меҳр пайдо бўлади.
Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай баён қилади: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур”.(Фуссилат сураси 34-оят)
Дарҳақиқат, турли-туман хулқ-атворли одамлар орасида яшар эканмиз, албатта улардан бир қанча озор-азиятлар кўрамиз. Агар ҳар бир шундай кўнгилсизлик бизга қаттиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўяверса, шубҳасиз, бутун ҳаётимиз азобга айланади. Шу боис имкон қадар ён-атрофимиздагиларнинг хатолари, билиб-билмай етказган озорларига сабр қилиб, кечиришга ҳаракат қилайлик. Шунда бир-биримизга меҳр-муҳаббатимиз зиёда бўлади. Гоҳида бошқалардан бирор ёмонлик ёки зулм ўтса ҳам, синов деб қабул қилишимиз зарур. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтадики:
“Албатта, ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир”. (Шўро сураси, 43-оят).
Аллоҳ таоло яна: “Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир”, деган (Аъроф сураси, 199-оят).
Яъни, ўзаро муомала-муносабатда кечиримли бўл, осон йўлни тут. Одамларга нисбатан ўта талабчан бўлма. қилган хатоларини авф этувчи, кенг бағирли бўл.
Ал-Асбаҳонийдан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам шундай марҳамат қиладилар:
“Қиёмат куни Аллоҳ бутун халойиқни жамлаганида бир нидо қилувчи: “Фазл эгалари қани?” деб нидо қилади. Шунда озчиликни ташкил қилувчи бир гуруҳ инсонлар турадилар. Улар жаннат сари шошиб юрадилар. Уларни фаришталар кутиб олиб: “Жаннат сари шошиб келаяпсизлар?” дейишади. Улар: “Биз фазл эгаларимиз”, дейишади. Фаришталар: “Фазлларингиз нимадан иборат эди?” дейдилар. Улар: “Агар бизга зулм қилинса, сабр қилар эдик. Жоҳиллик қилинса, ҳалимлик қилардик”, деб жавоб беришади. Уларга: “Жаннатга киринглар! Амал қилувчиларнинг ажри (мукофоти) қандай ҳам яхши!” дейилади
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар:
“Ё Расулаллоҳ, гўзал хулқ нима?” Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жавобан ушбу оятни ўқидилар: “Авф-марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг” (Аъроф, 199).
Сўнгра: “Гўзал хулқ – узилган (қариндошинг) га боғланмоғинг, бермаганга бермоғинг, сенга зулм қилганни кечирмоғингдир”, дедилар.

Халқимизда “Беайб Парвардигор” деган ҳикмат бор. Инсон хатодан ҳоли эмас. Одамлар бир-бирларининг хатоларини кечириши, тузатиши уларнинг олийжаноб хулқ эгаси эканидан далолат беради. Кечириш қалбларимизни гина-кудуратлардан, хафагарчилик ва озорлардан сақлайди.

Робия Адавиййа роҳматуллоҳи алайҳо вафотлари яқинлашгач, Ҳасан Басрий ҳазратлари ва шогирдларига шундай васият қилган эканлар:
“Авф қилишда иккиланманг, ўзингиздан бошқа ҳаммани кечиринг, лекин ўз нафсингизни асло кечирманг. Зеро, у (гуноҳларга мойил бўлиб, Аллоҳнинг ғазабига ва дўзахга тушишингизга сабаб бўлиши мумкин бўлган) асл душманингиздир! Ҳаммани кечиринг! Зеро, комил инсон бошқаларнинг дўзахда азобланишига сабабчи бўлишга асло рози бўлмайди”…
Шу ўринда айтиш жоизки, Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев фармони билан охирги уч йил ичида турли байрамлар ва ҳайит байрамлари арафасида минглаб турли жиноятларни қилиб, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган шахслар авф этилмоқдалар. Улар ўз оилалари бағрига қайтиб, қалбларида Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч туйғулари пайдо бўлмоқда. Шу билан биргаликда авф этилганларни реабилитация қилиш, уларни жамиятга қўшиш ва иш билан таъминлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Кечиримлилик, бағрикенглик, инсонпарварлик — ўзбек халқига хос азалий қадриятлар ҳисобланади. Ҳаётда адашган, билиб-билмай хато қилган, қилмишидан пушаймон бўлган минглаб одамлар кечирилмоқда, афв этилмоқда, оиласи, яқинлари бағрига қайтарилмоқда.
Ҳаммамизга маълумки Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, улкан аҳамиятга эга «Меҳр» инсонпарварлик операцияси амалга оширилди. Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан 156 нафар ватандошимиз, асосан аёллар ва болалар махсус авиарейсда ватанга қайтарилди. Ўзга юртга бориб қолиб, оғир кунларни, фожиаларни бошидан ўтказган, ватанга қайтишни яратгандан илтижо қилиб сўраган бу инсонлар ҳаёти сақлаб қолинди.
Хулоса қилиб айтганда, бу юртда инсон азиз, унинг қадр-қиммати ҳар нарсадан устун. Бугун афв этилганларни, кечирилганларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак бериш замирида бир ҳақиқат мавжуд. У ҳам бўлса, ҳаётга келган ҳар бир инсон умрини мазмунли ўтказсин, ғанимат фурсатларни ҳуда-беҳудага сарфламасин, юртига, юртдошларига содиқ бўлиб, ўз ватанида бахтли ҳаёт кечирсин….
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Билол ибн Рабоҳга: “Эй қора хотиннинг ўғли, мени босиб олдинг!” дегандилар, Билол ғазаб қилган ҳолда ўрниларидан туриб: “Аллоҳга қасам, мен бу ишни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга айтаман”, дедилар.
Бу хабар етказилганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари ўзгариб кетди ва: “Эй Абу Зарр»! Онасини айбладингми?» Сенда жоҳилият одатлари бор экан”, дедилар.
Абу Зарр йиғладилар ва: “Эй Аллоҳнинг расули, менга истиғфор айтинг” дедиларда масжиддан йиғлаган ҳолда чиқиб кетдилар.
Кейин Билолнинг олдига келиб, юзларини тупроққа қўйдилар-да: Аллоҳга қасам, то оёғинг билан юзимни эзғиламагунингча бошимни кўтармайман. Сен олийжаноб кишисан, мен эса пасткашман, дедилар.
Билол ҳам йиғлаб унга яқинлашдилар-да, унинг юзидан ўпдилар. Сўнгра: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ учун бир марта бўлса ҳам сажда қилган юзни оёғим билан босмайман”, дедилар. Кейин икковлари ўринларидан туриб, бир-бирларини қучоқлаб, йиғида давом этишди.
Бизлар бугунги кунда бир-биримизга ёмонлик қилиб қўйсак кечирасиз, деб айтишга ҳам ботина олмаймиз азизлар.
Аллоҳ таоло барчаларимизни кечиримли, сабрли ва хушмуомала бандаларидан қилсин, ўзгаларга нисбатан бағрикенг бўлишимизни насиб айласин, Чунки Аллоҳ таоло кечиримли бандаларини яхши кўради ва Ўз раҳматини ёғдиради.

Манбалар асосида

Мухаммадкуддус Абдуҳалимов

Хўжаобод туман

“Етти чинор”

жоме масжиди имом-ноиби

Read 11058 times

Мақолалар

Top