Мақолалар

Мана шу ишлар сизни Аллоҳга яқинлаштиради   

 

Аллоҳ таолога намоз, қурбонлик, ҳаж, закот, солиҳ амаллар, яхшиликка чақириш, ёмонликдан қайтариш билан яқинлашадиган киши баъзан ушбу амалллари билан фахрланиши (ужбга, риёга кетиб қолиши) мумкин.

Аммо Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг эшигига хорлик, муҳтожлик етаклаб келадиган киши шундай бўладики, у Аллоҳ таолонинг эшиги остонасида синиқ, камтар, хорлик ҳолида туриб, атрофидаги одамлар кўриши мумкин бўлган тили билан эмас, балки қалби билан: “Эй Роббим, мен Сенинг гуноҳкор, хатокор, елкасида гуноҳ-маъсиятлардан иборат юклари бор бандангман. Мен Сенинг фақир, муҳтож, мискин бандангман. Эшигинг олдида турибман. Менда куч ҳам, қувват ҳам йўқ. Сенинг караминг ва лутфинг эшиги олдига ҳеч вақосиз келдим. Умидворлик ила муҳтож, сўровчи кафтларимни Сенга очаман. Эй Роббим, менга неъматларингни ато этгин! Менга раҳм қилгин! Эй Роббим, қалбим жароҳатларига Ўзинг малҳам бергин!” деб дуо қилади.

Мана шундай қилишингиз, ҳатто тоат-ибодатларингиз оз бўлса ҳам,  сизни Аллоҳ таолога яқинлаштиради. Барча фарз ибодатларни бажарасиз, бунда шак-шубҳа йўқ. Аллоҳ азза ва жаллага синиқлик билан дуо қилишингиз сизни Унга яқинлаштиради.

Аллоҳнинг эшиги остонасида шу шаклда синиқлик, хокисорлик, муҳтожлик билан, ўзларидаги гуноҳ-маъсиятларни эътироф қилган ҳолда илтижо қиладиганлар қанчани ташкил этади? Ундайлар жуда оз.

Аллоҳ таоло бизни ҳам Ўзига яқинлаштирувчи амалларни кўплаб бажаришимизни насиб этсин!

 

Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг мавъизалари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2424 times

Мақолалар

Top