Мақолалар

СИРОЖИДДИН АБУ ЯҚУБ ЮСУФ ИБН БАКР ИБН МУҲАММАД САККОКИЙ

Акмалхон АКМАЛХОНОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти.

Маҳмуд Замахшарий, Абдулқоҳир Журжонийларнинг муносиб издоши Сирожиддин Абу Яқуб Юсуф ибн Бакр ибн Муҳаммад ибн Али Саккокий Хоразмий Ҳанафий ҳисобланади. ХII асрда араб тилшунослииг бўйича буюк из қолдирган олимлардан биридир.

 Юсуф Саккокий ҳақида тарих саҳифаларида кўп маълумотлар ёзилмаган.  Абу Фидо Зайниддин: ”Юсуф Саккокий ҳижрий 555-йил Жумадул-аввал ойининг учинчи куни сешанба куни кечқурун Хоразмнинг Саккок қишлоғида  дунёга келган” [1,317].

Юсуф Саккокий Чингизхон ўғли Чиғатойхон даврида яшаб ижод қилган. Абу Яқуб Қашғар, Бадахшон, Балх ва бошқа диёрларда фозилликлари билан машҳур бўлган. “Равдатул-жаннат” муаллифи Ризо Муҳаммад Боқир: “Юсуф Саккокий 30 ёшидан кейин илм олишни бошлаган, унгача темирчилик билан шуғулланган.” Юсуф Саккокий 30 ёшидан кейин ва ўз даврининг барча илмларини олишга ҳаракат қилди. Хоннинг вазири Саъд Амид фитнаси билан Юсуф Саккокий умрининг охирги уч йилини қамоқда ўтказиб, шу қамоқхонада вафот этади. Мустафо ибн Абдуллоҳ (Ҳожа Ҳалифа таҳаллуси билан машҳур) “Юсуф Саккокий ҳижрий 626-йилда вафот этган” деб ёзади [6:2, 1862].

         Ёқут Ҳамавий Румий Саккокий ҳақида қуйидаги маълумотларни келтиради: “Юсуф ибн абу Бакр Саккокий Хоразм аҳлидан бўлиб, шеър, аруз, баён, адабиёт, маоний илмлари, араб тили наҳви ва сарфи бўйича пешво алломадир. Кўп илмларни ўзлаштирган фақиҳ, илми калом олимларидан ва ўз замонасининг таниқли фозил кишиларидан ҳисобланган” [8:1,518 (1034-рақам)].

         Муҳйиддин абу Муҳаммад ибн абу Вафо Ҳанафий: “Юсуф ибн абу Бакр Хоразмий Сирожиддиннинг устозлари: Садид Хайётий, Маҳмуд ибн Саид Шайҳул Ислом, Ҳарисий ва бошқалар. Саккокий буюк имом, шеър, аруз, баён, маоиний илмлари ва араб тили грамматикасини ўта яхши билувчи олимлардандир. Унинг шогирди Мухтор ибн Маҳмуд Зоҳидийдир,” деган маълумотларни қайд этади [4:3,622].

         Шуҳобиддин абул Фалаҳ Ҳаммалий Димашқий: “Саккокий ҳанафий буюк имом ва машҳур олим бўлган. Юсуф Саккокийдан “Қуня” соҳиби Мухтор ибн Маҳмуд ақида илмини ўрганган” деган маълумотларни келтирган” [3:7,208].

Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий Ҳиндий Юсуф Саккокий ҳақида батафсил тўхталиб, қуйидаги маълумотларни шу асарда келтиради: “Ҳамма илмларда насибаси бўлган Юсуф Саккокий устозлари Садид ибн Муҳаммад, Маҳмуд ибн Убайдуллоҳ ҳисобланади. Бу олимнинг бир неча асарлари бўлиб энг машҳури 12 та илмни қамраб олган “Мифтаҳул-улум”дир. Бу каби асар аввалгиларида ҳам, кейингиларида ҳам бўлмаган. Юсуф Саккокий ҳижрий 555-йилда туғилиб, ражаб ойининг илк кунлари 626-йилда вафот этган [5,231].

Мустафо ибн Муҳаммад Биноий “Ҳаваши шарҳи талхис мухтасар” асарида келтиришича, Саккокий нисбаси Нишопурдаги қишлоқ номидан олинган. Яна айтилишича, бу қишлоқ Яманда ёки Ироқда бўлса керак. Бу маълумотни Ҳожа Ҳалифа ўз асарида келтиради [6:2, 1862].

Жалолиддим Суютий: “Саккокий абу Ҳайём” “Иртишоф” асарида “Ибнус-Саккок” тарзида келтиради. Юсуф унинг исми, Саккок эса унинг бобоси бўлиб, дирҳамларни зарб қилувчи уста бўлган” [2, 115].

Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий яна қуйидаги маълумотларни келтиради: “Саккокий ажойиб санъатлар ва камёб илмлар соҳиби бўлган. Шу жумладан, Юсуф Саккокий жинларни сеҳрлаш, юлдузлар, сеҳр ва тилсим илмларини ҳам билган” [2, 231].

Юсуф Саккокий қуйидаги асарларни ёзган:

  1. “Мифтаҳул-улум”. Бу алломанинг биринчи асари ҳисобланади. Аббосий ҳалифалардан Носириддин ҳалифалиги даврида (ҳижрий 595-йиллардан кейин) ёзилган. Асар ўз даврида ва кейинчалик ҳам машҳур бўлиб бир неча марта қайта-қайта нашр қилинган.
  2. “Шарҳул-жумал”. Абдулқоҳир Журжонийнинг “Жумал” асарига шарҳ сифатида ёзилган.
  3. “Аттибян” номли асари. (Ибн Ҳалдун “Муқаддима” асарида қайд этган.)
  4. Форс тилида “Тилсим” асари. Бу китоб ҳақида Мирзо Муҳаммад Бақир айтган.
  5. “Мунозара илми ҳақида рисола”
  6. “Мусъҳафуз-заҳроти” асари. Бу номли асарни Умар Ридо “Муъжамул-маъаллифин” асарида келтиради [7:4,149].

“Мифтаҳул-улум” асар ёзилганидан кейин бир қанча шарҳлар, хошиялар, таълиқотлар ёзилган. Бу ҳақда Ҳожа Халифа шарҳ ёзган олимларни санаб ўтади:

  1. Асарга тўла шарҳ ёзган олим Мавло Ҳисомуддин Хоразмий (ҳижрий 742-йил).

Асарнинг 3-қисмига шарҳ ёзган олимлар кўп бўлиб шулардан учтасини келтирилади:

  1. Қутбуддин Маҳмуд ибн Масъуд Шерозий
  2. Аллома Саъдуддин Тафтазоний
  3. Саййид Шариф Али ибн Муҳаммад Журжоний [6:2,1863].

         Бу асарнинг бизда битта қўлёзма (7843-IВ), тошбосма нусхалари (11657,15182,12369,5858,6991) Шарқшунослик қўлёзмалар фондида сақланмоқда.

         Доктор Абдулҳамид Ҳиндовий Мисрдаги Дорул-кутуб кутубхонсида қуйидаги рақам остидаги қўлёзмаларни келтиради:

64 Балоға, факсимил 13272

65 Балоға, факсимил 15803

66 Балоға, факсимил 15804

276 Балоға, факсимил 175490

         Юсуф Саккокий ушбу асар ҳақида қуйидагиларнин айтади:

         Замонамнинг фозил аҳллари, фазлни камолотга етказган зотлар мендан мухтасар қилиб, уларга тасниф қилиб беришимни қатъийлик билан сўрадилар. Бу каби гапларни эшитгач, бундан улар тўла хурсандчилик билан баҳраманд бўлишлари учун, ҳар бир закий тушушунадиган услубда таснифладум. Бу асарда жуда яхши билиб олиш керак бўлган илмларни жамлаб, “Мифтаҳул-улум” (Илмлар калити) деб номладим.

        Демак, Саккокий қолдирган илмий мероси билан Маҳмуд Замахшарийга муносиб издош ҳисобланади. “Мифтаҳу-л-улум” асари “Муфассал фи санъати-л-эъроб” асаридек араб тили грамматикасининг муҳим манбасидир. 

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Абу ал-Фидо Зайнуддин Қосим Қутлубғо ас-Судуний. Тож ат-Тарожим. – Дамашқ: Дор ал-Қалам, 1992.
  2. Ал-Ҳафиз Жалолиддин Абдураҳман ас-Суютий. Таҳқиқ Маҳаммад Иброҳим. Бағиййату ал-вуат фи табақат ал-луғавиййин ва ан-нуҳат. – Қоҳира: Матбаъа Исо ал-Бобий. 1965.
  3. Абу ал-Фалаҳ Абдулҳай ибн Аҳмад. Шазарат аз-заҳаб фи ахбар мин заҳаб. – Дамашқ: Дор Ибн Касир. 1991.
  4. Муҳйиддин Абу Муҳаммад Абдулқодир. Ал-Жавоҳир ал-мадиййа фи табақот ал-ҳанафиййа. – Жиза: Ҳажар. 1993.
  5. Муҳаммад Абдулҳай ал-Лакнавий. Ал-Фаваид ал-баҳима фи таражим ал-ҳанафиййа. – Қоҳира: Дор ал-китаб ал-исломий. 1990.
  6. Мустафо Ибн Абдулло. Кашф аз-зунун ан асмаъи ал-кутуб ва ал-фунун. – Байрут: Дор иҳя ат-турос. 1991.
  7. Умар Ридо Куҳала. Муъжам ал-муаллифин. – Байрут: Муассаса ар-рисала. 1993.
  8. Ёқут ал-Ҳамавий ар-Румий. Муъжам ал-удаба иршад ал-ариб ила маърифати ал-адиб. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий.1993.
Read 2681 times

Мақолалар

Top