Мақолалар

“Ўзбекчиликда энди, ўзбекчилик...” (давоми)

Миллатимиз номига қиёсан айтилувчи “Ўзбекчилик” деган тагдор мазмунли сўз мавжуд. Бу сўзнинг замирида фақатгина миллатимизга хос бўлган жуда кўплаб фазилатлар ва хусусиятлар ётади.

ЎЗБЕКЧИЛИК – миллатимизнинг улуғлиги, бағрикенглиги, донишмандлиги, иймон-эътиқоди, беғаразлиги, беқиёс мардлиги каби фазилатларини муштарак қилиб ифодалаган сўз.

“Ўзбекчилик” – гўёки ҳаммамизга таниш тушунча, ҳатто қадрдон сўзга ўхшайди. Айниқса, берган ваъдамизнинг устидан чиқолмасак, ёшиними, мансаби, ёки “акалари”ними “ҳурмат” қилиб ноҳақ кишини оқласак ва яна бошқа кўплаб уялишимиз лозим бўлган ишларни қилсак, айнан шу сўз ёрдамида ўзимизни оқлаймиз. Ўзбекчилик атамасининг ҳаммага яхши маълум яна бир маъноси борки, унинг қатларига миллат сифатида ғурурланадиган қандай хусусиятларимиз бўлса, бариси сингган. Шу сабабли бу сўзни адолат, инсонийлик, меҳр-оқибат каби кўплаб хусусиятларнинг ўрнига бемалол қўллайверамиз.

Лекин ёлғон ва алдов, зўрма-зўракилик, ғирромлик каби ҳолатларга... “ўзбекчилик-да”, деб  “изоҳ” берилиши – мутлақо ўринсиз.

Ахир қачон, қаердан чиққан бундай “ўзбекчилик”?

Миллатдошлар, дўстлар даврасида кинояли оҳангда айтилган “ўзбекчилик” сўзи балки бир-бирларига оғир ботмас. Лекин ўзга миллатлар лафзида айнан салбий иллатларга қиёсан (синоним сифатида!) айтилган “ўзбекчилик” (ёки тожикча “узбак”, русча кинояли оҳангдаги “узбеки”) сўзи кишида аламли ҳис-туйғу уйғотади: наҳотки шундай гўзал, улуғ ном салбий мазмун касб этса? (“Ўзбекчилик” сўзи, айниқса, бир-бирини чув тушириш, зуғум ўтказиш, сотқинлик, жаҳолат, ўз юртида ўзини ғариб ҳис этиш, ўзгаларга ҳаддан зиёд қуллуқ қилиш кабиларга менгзалади).

Юқорида таъкидланганидек, миллат номига нисбат берилувчи “ўзбекчилик” сифати – фақат бизга хос. Ёки “ўрисчилик”, “арманичилик”, “немисчилик” каби сифатлар ҳақида эшитганмисиз? 

Бизнинг миллатимизда ҳам бошқаларда учрамайдиган, ёки бошқаларга қараганда янада ёрқинроқ намоён бўлувчи бир қатор фазилатлар мавжуд:

  • Хонадонига эшик қоқиб келган инсоннинг кимлиги ва нима мақсадда қадам ранжида қилганини суриштириб ўтирмай, олдига дастурхон ёзади, таом қўяди. “Аввал – таом, сўнгра калом”, – дейди. Бу – ўзбекчилик.
  • Оғир очарчилик йилларида теварак-атроф юртлардан юз минглаб одамлар: “Тошкент – нон шаҳри”, – дея умид билан келишганида, уларни бағрига олган, бир бурда нонини баҳам кўрган ва меҳр берган. Бу – ўзбекчилик.
  • Ўзбек “борини ошириб, йўғини яшириб” яшайди. Ўзи жўжабирдай жон бўлса-да, меҳмонга мурувватининг қиёси йўқ. Ҳатто, унинг саховат-мурувватини тушунмаган баъзи нонкўрлар, “бу – пора”, дея номламоқчи бўлганлар. Йўқ, бу – ўзбекчилик.
  • Бировнинг айбини кўриб, кўрмаганга, эшитиб, эшитмаганга олади. Инсонларнинг айбини очиш ва изза қилиш – гуноҳ, деб ҳисоблайди. Бу – ўзбекчилик.
  • Гарчи, кўпинча ўзига зарар келтирса-да, Ўзбекда “андиша” деган ноёб инсоний туйғу мавжуд. Маҳтумқули – ҳақ: “Баъзилар андишанинг отини қўрқоқ қўйдилар”. Аслида, андиша – баъзилар хато ўйлаганидек, асло қўрқоқлик  эмас. Бу – ўзбекчилик.
  • Ўзбек қанча қийинчилик билан бўлмасин, бойлик топса-да, ҳатто, шунинг остида ҳам эзгу орзу-ниятлари ётади. У дабдабали тўйлар қилади ва топган бойлигини яна ўша халққа сочади. Бу ҳам – ўзбекчилик.
  • “Маҳаллада дув-дув гап” киносини нега яхши кўрамиз? Чунки унда “ўзбекона” қиёфамиз, феъл-атворимиз, ўзбекчилигимиз кўринишлари жуда яққол акс этган, назаримда. Тўй қилса “овозаси етти иқлимга етсин”, “ҳофизлар тўрт томондан бири олиб, бири қўйиб куйласин”, тўйга атаб битта қўй олган эрининг овозини ўчириб: “Ўнта қўй нима бўлади? Боринг, олдига яна ўнта қўчқорни етаклаб келинг” дейиш ҳам ўзбек аёлларининг ўзбекчиликка йўядиган одатларидан.

 

Боласига макка, мош берган,

Дошқозонда юртга ош берган,

Борми шундай юкка дош берган?

Ўзбек бўлиш осон эмасдир...   

                                                 (Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов)

 

– Ҳамма нарсага кўникиб, “хўп” дейиш, “сендан нима кетади, “хўп” десанг – қутиласан, кейин ўз билганингни қилавер”, деган “нажотбахш” мулоҳаза – ўзбекнинг ўзбекчилигига хос.

– Қўлидан ёрдам бериш келмаса ҳам, “акажон, биздан нима ёрдам?”,  “бизга нима хизмат?” деб қўлини кўксига қўйиб туриш – ўзбекчилик.

– Уйини қўшнисининг уйидан баландроқ ва ҳашаматлироқ қилиб қуриш истаги ҳам – ўзбекчилик.

– Нима бўлса “боламга”, деб бешикдаги боласига ҳам иморат тиклаб, сандиқ-сандиқ сарпо йиғиш – ўзбекчилик.

– Бозорда сотувчининг тарозидан ураётганини билиб туриб, индамаслик ҳам ўзбекчиликка мансуб.

– Иккита одам урушаётганда “тўхта-чи, охири нима билан тугаркан” деб панада туриб томоша қилиш – ўзбекчилик.

– Бирор қонун бузилиши ё жиноятнинг шоҳиди бўлиб қолса-ю, ҳуқуқ-тартибот ходимлари гувоҳлик беришини сўраса, “Билдим дедим тутилдим, билмадим дедим, қутилдим” қабилида гувоҳликдан қочиш ҳам – ўзбекчилик.

– Ўзига нисбатан ноҳақлик қилинса, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, жиноятни олдини олиш ўрнига “югур-югур қилиб идорама идора изғийманми, э, майли-да” деб, айрим нокасларнинг омма кўз олдида ҳар турли қилмишларни қилиб юришларига шароит яратиш ҳам – ўзбекчилик.

  • Рост гапни, ҳақиқатни гапирсаю, ҳали бироз ёш бўлса “сен жим ўтир тирранча” дейиш ҳам – ўзбекчилик.
  • Шиддат билан ривожланаётган ва ўзгараётган жамиятни, одамлар онгидаги янгиланишларни ҳазм қила олмай жиғи бийрон бўлиб, ёшларни ёппасига саводсиз ва нодонликда айблаб, уларга йўл бермаслик ҳам – ўзбекчилик.
  • Фақат ўзимизга хос бўлган ўзбекчилик фазилатлари рўйхатини яна узундан-узоқ давом эттириш мумкин…

 

Ҳа, биз ўзбеклигимиз билан, аслзода, темурийзодалар эканлигимиз, термизийлар, хоразмийлар ва бухорийлар авлоди эканимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз! Ғурурланиш борасида бизга тенг келадигани йўқ. Аммо, амалда ҳам аждодлар қилган ишларнинг мингдан бирини қила олсакгина давойимиз асосли бўлади.

“Инсоннома” китоби асосида

Саидаброр Умаров тайёрлади

 

Read 2981 times

Мақолалар

Top