Мақолалар

ОМАДЛИ  БЎЛИШНИ  ХОҲЛАЙСИЗМИ ?

      Аллоҳ таоло ўзининг бандасини бу дунёда кўплаб синовларга солади. Бу синов бандани  мақомини улуғлайди ёки гуноҳларига каффорат бўлади.

      Баьзи инсонлар синов келганда ўзларини йўқотиб нима қилишларини билмасдан фолбин ёки турли мунажжимларни башоратларига ишониб гуноҳкор бўлиб қолишмоқда. Бундай бўлишига албатта инсонлар ўз динларини билмасликлари сабабдир. Зеро пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаи киромларга бирон иш қилишдан олдин енг яхши йўлни танлаш сирини ўргатганлар. Бу сир мусулмонлар ичида Истихора намози деб номланган.

      Истихора нима дегани?! «Истихора» сўзи луғатда «хайрни талаб қилиш» деган маънони англатади. Мусулмон киши икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганида, хайрлисини танлаш учун истихора намози ўқийди. Бу намозни ҳар бир ишдан олдин ўқиш мустаҳабдир.

Саййидимиз Мустафо соллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга (Аллоҳ таоло барчаларидан рози бўлсин) Қурьони каримдан бир оят ўргатгандек ўргатганлари қуйидаги Ҳадиси шарифда келтирилган:

عَنْ جَابِرٍ  قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ  يُعَلِّمُنَا الاِسْتِخَارَةَ فِي اْلأُمُورِ كُلِّهَا كَمَا يُعَلِّمُنَا السُّورَةَ مِنَ الْقُرْآنِ يَقُولُ: إِذَا هَمَّ أَحَدُكُمْ بِاْلأَمْرِ فَلْيَرْكَعْ رَكْعَتَيْنِ مِنْ غَيْرِ الْفَرِيضَةِ ثُمَّ لِيَقُلِ اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْتَخِيرُكَ بِعِلْمِكَ وَأَسْتَقْدِرُكَ بِقُدْرَتِكَ وَأَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ الْعَظِيمِ فَإِنَّكَ تَقْدِرُ وَلاَ أَقْدِرُ وَتَعْلَمُ وَلاَ أَعْلَمُ وَأَنْتَ عَلاَمُ الْغُيُوبِ اللَّهُمَّ إِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا اْلأَمْرَ خَيْرٌ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أَمْرِي أَوْ قَالَ عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ فَاقْدُرْهُ لِي وَيَسِّرْهُ لِي ثُمَّ بَارِكْ لِي فِيهِ وَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا اْلأَمْرَ شَرٌّ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أَمْرِي أَوْ قَالَ: فِي عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ فَاصْرِفْهُ عَنِّي وَاصْرِفْنِي عَنْهُ وَاقْدُرْ لِيَ الْخَيْرَ حَيْثُ كَانَ ثُمَّ أَرْضِنِي قَالَ: وَيُسَمِّي حَاجَتَهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ مُسْلِماً.

 Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди Қуръондан сурани таълим бергандек, таълим берар эдилар. У зот:

«Қачон бирингиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарз намоздан бошқа икки ракат намоз ўқисин. Сўнг: «Эй бор Худоё! Албатта, мен Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сендан улуғ фазлингдан сўрайман. Албатта, Сен қодирсан, мен қодир эмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайб илимларни яхши билувчи Зотсан.

Эй бор Худоё! Агар ушбу иш менга динимда, маошимда ва ишим оқибатида яхши эканини билсанг (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) уни менга тақдир қилгин, менга осон қилгин, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш мен учун динимда, маошимда ва ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) ёмон эканини билсанг, уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил. Сўнгра мени унга рози қил, десин ва ҳожатини айтсин», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Уламоларимиз Ҳадиснинг шарҳида шундай деганлар:
Истихора намозни ўқигандан кейин мазкур иш ҳақида ўйламай, Аллоҳ ихтиёр қиладиган нарсани кутиб юради. Кейин кўнглига тушиб, ўзига маъқул бўлиб, қилгиси келиб қолса, қилади. Бу ҳақда туш кўриши ҳам мумкин. Агар иш бир тарафга бўлмай туриб қолса, истихора намозини яна қайтадан ўқийди. Қайта ўқиш етти мартагача бўлиши мумкин. Истихора намозининг биринчи ракатида Фотиҳа сурасидан кейин Кофирун сурасини, иккинчи ракатда Ихлос сурасини ўқийди.

Кўриниб турибдики, истихора намози ҳам бошқа намозлар каби бандани Аллоҳ таолога боғловчи омилдир. Бир ишни қилмоқчи бўлганда Аллоҳ таолонинг ўзига ёлвориб, яхши йўл кўрсатишни сўрашдир. Бу маъно эса, мусулмон киши ҳаётида намознинг ўрни қанчалар муҳим эканини яна бир бор кўрсатади. Мусулмон киши ҳатто қиладиган дунёвий ишида ҳам дунёнинг холиқи ва бошқарувчиси Аллоҳ таолонинг ўзидан маслаҳат сўраш имконига эга. Қандайдир фолбин ёки ёлғончининг гапига эмас. Намоз ўқимайдиганлар эса, бу улуғ саодатдан бебаҳрадирлар, улар шайтоннинг маслаҳати билан иш қилишга мажбурдирлар.

Аллоҳ таоло ўзини тўғри йўлидан адаштирмасин ва ўзининг аҳилларидан қилсин.

Имом Фахриддин ар-Розий

ўрта махсус ислом билим юрти

мударриси Мустафо Юнусхўжаев

Read 3547 times
Tagged under

Мақолалар

Top