Мақолалар

Қомусимиз бахтимиз гаровидир

Конституциямиз қабул қилинганига 24 йил тўлди. Шуни айтиш керакки, ҳуқуқий давлат бунёд этиш учун Конституция ва қонунларнинг устуворлиги катта аҳамиятга эгадир. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси олий юридик кучга эга ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, унинг қабул қилиниши ҳуқуқий тикланиш ва тараққиёт сари қўйилган қадам бўлди. Конституция давлатимиз мустақиллигининг улкан рамзи бўлиб, унда ўз истиқлол ва тараққиёт йўлимиз акс этган. Ўзбек халқи ана шундай улуғвор Конституцияга муносиб буюк халқдир. Конституциямизда инсон ҳаёти, унинг шаъни, қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқлари  манфаатлари олий қадрият сифатида мустаҳкамлаб қўйилган.“Конституциямизда бизнинг бош мақсадимиз – фақат ҳуқуқий демократик давлат эмас, балки адолатли жамият қуриш экани аниқ-равшан белгилаб берилган”.

Яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтиз жоизки,   Конституциямизда бирон фуқарони бирон динга мажбурлаб киритиш ҳам тақиқланган, ҳар бир инсон ҳақ-ҳуқуқи, эркинлиги кафолатлангани хусусида шундай дейилган: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди» дейилган. Диний бағрикенглик тамойили Конституциямизнинг барча моддаларида ўз аксини топган десак, хато бўлмайди. Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқ ва бурчлари қонунимиз доирасида аниқланиб, белгилаб қўйилган. Ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркин бўлгани ҳолда бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканлигини эътироф этмоқ лозим.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қадр-қимматини ҳеч нарса билан ўлчаб ва тенглаштириб бўлмайди. Чунки унда мустаҳкамланган қоидаларда ва ифодаланган ғоялар замирида  халқнинг, миллатнинг, қолаверса, бизнинг ҳуқуқ ва эркинликларимиз мужассам. Уни азиз деб билиб, Конституциядаги қоидалар асосида яшаш бизнинг келгуси ҳаётимиз фаровон бўлишининг асосидир. Ҳуқуқий давлат яратиш сари ривожланиб бораётган давлатимизда ҳуқуқ устуворлигини таъминлаб бориш муҳим вазифалардан саналади. Конституциянинг устуворлиги эса ҳар биримиздан улкан ҳуқуқий масъулиятни талаб этади.

Ўзбекистон Конституциясини ўрганиш зарурлигини инобатга олиб,  2001 йил 4 январда муҳтарам биринчи Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди. Бундан мақсад эса, Ўзбекистон Конституциясининг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини, маъно-мазмунини ва моҳиятини ўрганиш, ёш авлоднинг ҳуқуқий онги ва маданиятини тарбиялаш ва юксалтиришга қаратилгандир. Конституцияни билган киши ўз хатти-ҳаракатини қонун доирасида амалга оширади. Бошқа кишиларнинг ҳамда жамият ва давлатнинг ҳуқуқ ва эркини ҳурмат қилади. Конституцияни билиш асосида бизда шаклланган ҳуқуқий онг жамият тараққиётининг қудратли кучига айланади. Қонунларнинг муҳимлиги оқибат натижада ана шундай мақсадни амалга оширишга хизмат қилади.

Юқоридаги фикрлар таҳлили шуни кўрсатадики, Конституция ва унинг асосида қабул қилинган қонунларни билган киши ўз ҳуқуқи ва эркини жамият манфаатларини билган ҳолда амалга оширади.    

З. АБДУСАЛОМОВ,

Сурхондарё вилояти Олтинсой туман

“Раҳмонберди ҳожи”

жоме масжиди имом-хатиби

Read 4783 times

Мақолалар

Top