Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) таркибидаги муассасалардан бири – Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Халқаро ислом ташкилоти (ISESCO) 2020 йилда Ўзбекистоннинг кўҳна ва боқий шаҳри – Бухорои шарифни Ислом маданиятининг пойтахти деб эълон қилди.
Курраи заминда шаҳарлар жуда кўп. Уларнинг ҳаммаси ҳам ўз халқи учун азиз ва мўътабар. Аммо ер юзида шариф шаҳарлар саноқли. Ана шундай шарифлик мақомига эга бўлган, “Илм маскани”, “Зебу зийнат шаҳри”, “Фахрли шаҳар”, “Очиқ шаҳар”, деган маънони англатувчи – Бухорои шариф яккаю ягонадир.
Археологик маълумотларга кўра, Бухорога милоддан аввалги 1-минг йиллик ўрталарида асос солинган. Унинг номи илк ўрта аср Хитой манбаларида Ан, Анси, Анго, Бухо, Буку, Бухэ, Бухаэр, Бухуаэр, Бухала, Бухуала, Фухо, Пухуала ва бошқа номлар билан аталган. Бу атамалардан аввалги учтаси Бухоронинг хитойча номлари бўлиб, қолгани “Бухоро” сўзининг хитой тилидаги талаффузидир. Ўрта аср араб манбаларида эса Бухоро Нумижкат, Навмичкат, Бумичкат (Янги қўрғон), Ал-Мадина ас-суфрийя (Мис шаҳар), Мадинат ат-тужжор (Савдогарлар шаҳри), Фохира (Фахрли шаҳар) каби номлар билан тилга олинган.
“Бухоро” атамаси санскритча “вихора” сўзининг туркмўғулча шакли – “бухор” (“ибодатхона”) дан келиб чиққан деб тахмин қилинган. Кейинги тадқиқотларда бу атама сўғдийча “буғ” ёки “баг” ҳамда “оро” (“жамол”) сўзларидан иборат деган фикр илгари сурилмоқда.
Саёҳатчилар кундаликларида Бухоро – “Шарқ Венецияси”, “Римнинг тенгдоши”, бухороликлар эса “Ўрта Осиёнинг парижликлари” каби номлар билан аталади.
XI аср бутун Ўрта Осиё шаҳарлари жуғрофияси ва тарихини тадқиқ этган Ёқут Ҳамавий “Мужъам ал булдон” асарида “Мовароуннаҳрнинг кўрки тўрт томонда жойлашган шаҳардир. Биринчиси, илму фазл манбаи бўлган Бухоро. Унинг тупроғи Рум ва Чин мамлакатларига фахрдир”, деб ёзади. XIII аср тарихчиси Ибн Муҳаммад Жувайний “Тарихи жаҳон кушой” китобида Бухоронинг фазилати ҳақида бундай дейди: “Бухоро машриқ шаҳарларидан бири бўлиб, “Қуббатул Исломдир”. У томонда, яъни Мовароуннаҳрда Мадинат ул-ислом (Мадина) ўрнида бўлиб, фуқароси фақиҳлар ва олимлар нури билан безалган. Бухоро қадимдан ҳар ерда ҳар қандай дин олимлари, аҳллари тўпланадиган жой бўлиб қолган”.
Бухоро мусулмон шарқи фан, маърифат ва илоҳиётнинг ривожланишига ҳам улкан ҳисса қўшиб, мумтоз ўрта асрлар мусулмон оламида IX асрда “Қуббат ул-ислом” (“Ислом динининг гумбази”) ва XIII асрда “Бухорои шариф” (“Шарофатли шаҳар”) номлари билан шуҳрат топган.
Қарийб ўттиз асрлик тарихга эга Бухоро бугун ҳам дунё халқлари томонидан иззат-икром, ҳурмат ва эҳтиром ила тилга олинади. Шарқ гавҳари, жаҳон мўъжизаси, нурли шаҳар, Марказий Осиё дурдонаси, Осиё жавоҳири номлари билан янада шуҳрат топиб, бой ўтмиши ва шонли келажаги боқий яшаб, тилларда достон бўлмоқда.
Шавкат БОБОЖОНОВ
ЎзР ФА Тарих институти таянч докторанти
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 1-сонидан