Мақолалар

Қўй қадам одоб бирлан...

Қўй қадам одоб бирлан, бунда меҳмонлар ётур,
Тонгла маҳшар уйғонурга неча минг жонлар ётур.

Жисму, жону ҳонумон, суйгонларидан айрилиб,
Орзуйига етмаган кўнглида армонлар ётур.

Ибн Синодек шифокор-у, неча алломалар,
Ҳеч даво топмай ажалга неча Луқмонлар ётур.

Даҳр майдонида охир куч кетиб, мағлуб бўлиб,
Сафшикан соҳибқиронлар, марди майдонлар ётур.

Ҳуснига мағрур бўлиб, ошиққа парво қилмаган,
Зулфи сунбул, чашми дилдуз неча жононлар ётур.

Барчани қўйган ўлим ер остига пинҳон қилиб,
Бир гадони ҳокининг остида султонлар ётур.

Қилмаган эҳсон, йиғиб дунё тириклик чоғида,
Фотиҳа умиди бирлан кўзи гирёнлар ётур.

Эй ўғил, ибрат билан боқ, ҳақларига қил дуо,
Аҳли тоатлар билан бир аҳли исёнлар ётур.

Қил зиёрат гоҳ-гоҳ, аҳли қабрдан ибрат ол,
Ҳар қабрни остида минг сирри пинҳонлар ётур.

Ғолибо, бир кун келарсан ушбу манзилгоҳга,
Ҳақ учун жонин фидо қилган мусулмонлар ётур.

 

Абдулазиз Ғолиб Марғилоний

Read 2198 times

Мақолалар

Top