Мақолалар

Ислом дини бола ҳуқуқларини туғилмасиданоқ муҳофаза қилади

Фарзандга меҳр қўйиш, бу — фақат уларнинг қорнини тўқ, устини бут қилишдан иборат эмас, балки ёшлик чоғидан бошлаб уни миллий тарбия, ахлоқ-одоб ва юксак маънавият асосида вояга етказишдир.

Сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлар тарихида асосан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига эътибор берилса-да, яқин-яқингача бола ҳуқуқлари муаммоларига аҳамият берилмас эди. Фақат XX асрнинг биринчи ярмидан бошлаб мазкур масалада халқаро ҳужжатлар қабул қилина бошланган.

Жумладан, 1923 йилда англиялик Эглантайн Жебб томонидан асос солинган “Болаларни қутқаринг” халқаро кенгаши, кейинчалик “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Декларация” (1959), “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция” (1989) ва бошқа бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар фикримизнинг исботи бўла олади.

Исломда эса инсон ҳуқуқлари бола ҳуқуқларидан бошланади. Болалар ҳуқуқларига саккиз юз йил аввал Мовароуннаҳрда катта эътибор берилган. Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича цивилизациялар тарихида жиззахлик фақиҳ Маждуддин ал-Уструшанийнинг “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асари мазкур йўналишдаги илк ҳуқуқий манба бўлган.

Алломанинг тўлиқ номи Абул-Фатҳ Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Аҳмад Маждуддин ал-Уструшаний бўлиб, у XII асрнинг охири ва XIII асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрда яшаб, юксак илмий салоҳияти билан фиқҳ илмининг ривожига муносиб ҳисса қўшган алломалардан биридир.

“Жомиъ аҳком ас-сиғор”нинг илк нашри 1982 йили ироқлик профессор Абдулҳамид Абдулхолиқ Байзалий ва иккинчи нашри 1994 йили Қоҳирада “ал-Азҳар” университети профессори Абу Мусъаб Бадрий ҳамда ўқитувчи Маҳмуд Абдурраҳмон Абдулмунъим томонидан амалга оширилган.

Муфтий Усмонхон Алимов ва тарих фанлари номзоди Муслим Ризқихўжа ўғли Атаев “Жомиъ аҳком ас-сиғор”нинг Миср Араб Республикасида тайёрланган иккинчи нашрини Тошкентда сақланаётган бешта қўлёзма нусхалари билан ўзаро солиштириб, асарнинг араб тилидаги тузатилган ва тўлдирилган учинчи нашрини тайёрлаган.

Асосан вояга етмаган ёш болаларнинг ҳақ-ҳуқуқларига бағишланган бу асар ҳозирги замон исломшунос ва ислом ҳуқуқи тарихи билан шуғулланувчи мутахассислар учун муҳим манба бўлиб қолади.

Мусулмон оламида Маждуддин ал-Уструшанийдан кейин болалар ҳақ-ҳуқуқларига тааллуқли фиқҳий асар деярли ёзилмади. Шу нуқтаи назардан қаралганда алломанинг “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асари болаларнинг ҳуқуқлари хусусида ёзилган деярли ягона фиқҳий асардир.

Аммо болаларга тааллуқли ҳадислар тўплами мавжуд бўлиб, у имом Шамсуддин Муҳаммад ибн Аби Бакр ибн ал-Қаййим ал-Жавзия (691-751/1292-1350 й.)нинг “Туҳфат ал-мавдуд би аҳком ал-мавлуд” асаридир.

Бу асар 17 бобдан иборат бўлиб, унда бола сўрашнинг мустаҳаблиги, қиз болалардан ғазабланишнинг макруҳлиги, фарзанд хушхабарини етказиш, чақалоқ қулоғига азон ва иқомат айтиш, боланинг танглайини кўтариш, ақиқа ва унинг ҳукмлари ва у ҳақидаги ихтилофлар, бола сочини олиш ва соч оғирлигича садақа бериш, исм қўйиш вақти ва мажбурийлиги, болани хатна қилиш ва унинг ҳукмлари, қулоқ тешиш ҳукми, болаларнинг овқат ейиш одоблари, эмизикли боланинг сўлагига доир ҳукмлар, болаларни ўпиш, уларга одоб ва илм бериш, болаларни тарбиялашдаги бошқа фойдали масалаларни ўз ичига олган мухтасар асардир.

“Жомиъ аҳком ас-сиғор” асарида фиқҳга оид юздан ортиқ китобларда тарқоқ ҳолда берилган болаларга тааллуқли шаръий фатволар йиғиб, тизимлаштирилган ва батартиб жамланган. Бу асар дунёга келиши учун Маждуддин ал-Уструшаний ҳанафий мазҳабининг ўз давригача яшаб, ижод этган 120 дан ортиқ фақиҳларининг фикрларини мужассам қилган. Шу жиҳатлари билан бу мукаммал асар ҳозирги замон исломшунос ва ислом ҳуқуқи тарихи билан шуғулланувчи мутахассислар учун муҳим манба ҳисобланиши билан бир қаторда замонавий ҳуқуқшунослик учун ҳам тарихий аҳамият касб этади.

Ислом ҳуқуқшунослиги асосида битилган ушбу асарда болалар ҳуқуқлари бўйича келиб чиқадиган муаммолар одилона ҳал қилиниб, ижтимоий ҳаётда болаларнинг хавфсизлиги ва асосий ҳуқуқларининг дахлсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кўплаб саволлар муҳокама қилинган.

ХАЛҚАРО МАЙДОНДА БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ

Бугунги кунда халқаро майдонда бола ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар, хусусан, ҳомиланинг қачондан бошлаб инсон ҳисобланиши кенг мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда.

Асарда “Тирик мавжудотнинг ҳаёти қачон бошланади?”, “Бола қачондан бола ҳисобланади?” каби ҳозирда ҳам долзарб бўлиб қолаётган саволларга тўлиқ жавоб берилган. Бола туғилмасидан аввал ҳам, туғилгандан кейин ҳам бола ҳисобланиши, болалар жисмонан, ақлан ва ижтимоий жиҳатдан вояга тўлиқ етмагунга ва мустақил бўлмагунга қадар алоҳида ғамхўрлик ва ҳимояга муҳтожлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Ислом дини бола ҳуқуқларини туғилмасиданоқ муҳофаза қилади. Бунга мисол, ажрашган ёки эри вафот этган аёлларга идда сақлаш шарт қилинганидир. Бундан мақсад, ҳомиладор аёлнинг қорнидаги боланинг насаби аниқ бўлади. Эри вафот қилган аёлнинг иддаси тўрт ой ўн кун бўлса, талоқ қилинган аёлнинг иддаси эса уч ойдир. Боланинг насаби аниқ бўлиши унинг энг биринчи ҳаққидир.

Шу билан бирга, туғилмаган болада ҳам мерос олиш ҳуқуқи бор. Бу Ислом шариатида туғилмаган бола ҳам ижтимоий таъминланганига яққол мисолдир.

Агар ҳомиладор аёлнинг эрида мерос қоладиган мулки бўлмаса, туғилмаган боланинг нафақаси бобоси ё амакиси, ёки амакисининг ўғлининг зиммасидадир, агар боланинг ота томондан қариндошлари бўлмаса, унда боланинг нафақаси ҳукумат молидан ажратилади.

Аёлнинг нафақаси эса турмушга чиққунига қадар отаси ёки ака-укалари, ёки нафақа қилишга қодир бўлган ўғли ёки амакиси, ёки амакисининг ўғлининг зиммасидадир.

Боланинг келгусидаги барча ишларига бевосита таъсир кўрсатувчи ҳаққи унинг насаби ота-онасининг аниқ бўлишидир. Никоҳнинг асл мақсадларидан бири ҳам насл-насабни сақлашдир. Никоҳсиз оила, жамият ҳам бўлмайди. Фарзанднинг ота-онаси никоҳдан ўтган, ҳалол-пок яшагандагина насаби аниқ ва пок бўлади.

Барчамизга маълумки, фарзанд инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжиридир. Яхши, солиҳ ва баркамол фарзанд ота-онанинг бахт-иқболи, икки дунё саодатига етиштирувчи дилбанди.

Фарзандлар “Жаннат райҳонлари” деб тавсифланиши бежиз эмас. Аммо у одобли, яхши фазилатлар соҳиби бўлгандагина ота-онасига раҳмат ва бахт-хурсандчилик келтиради. Оила қуриш ва солиҳ фарзандлар кўришни орзу қилмаган инсон бўлмаса керак.

Ёш авлод тарбияси ҳақида сўз борар экан, имом Ғаззолийнинг бу хусусдаги фикр-мулоҳазалари нақадар тўғри эканини ҳаётда кўриб турибмиз: “Ёшлар тилла тақинчоқ ва турли зебу зийнат тақмасликлари лозим. Улар ўтириш, туриш, салом бериш одобларига риоя этишлари, ўзларидан катталар ҳузурида оёқларини чалиштириб ўтирмасликлари, сергап ва сўкувчи бўлмасликлари, беҳаё сўзларни айтмасликлари, хусусан, ёмон хулқли тенгдошларига аралашишдан эҳтиёт бўлишлари лозим”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак ҳадиси шарифларида ота-оналарни ёш болаларга меҳрибонлик ва ғамхўрлик кўрсатиш, тўғри ақида ва соғлом тарбия асосида вояга етказишга ундаганлар: “Фарзандларингиздан шаръан буюрилган ишларни қилишни ва қайтарилган нарсалардан сақланишни талаб этинглар, шу ишларинг уларни дўзахдан сақлаганларинг бўлади” (Ибн Жарир ривояти).

Кенгроқ мушоҳада юритадиган бўлсак, ёш авлодни юксак инсоний фазилатлар соҳиби қилиб тарбиялаш нафақат жамият, балки ҳар бир оила ва ҳар бир ота-онанинг ҳам асосий вазифасидир.

Динимиз барча мусулмонларга фақат ибодатни эмас, балки илм олишни ҳам фарз қилиб, илм билан машғул бўлишни ибодат даражасига кўтаради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам муборак ҳадисларида: “Илм ўрганишга интилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деб марҳамат қилдилар.

Имом Уструшанийнинг “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асари вояга етмаган болаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари хусусида ёзилган фиқҳий асарларнинг энг мукаммалидир. Асарда ҳанафий мазҳаби бўйича ёш болаларга тааллуқли фиқҳга оид тарқоқ ҳолда берилган юзга яқин манбалардан олинган 1 минг 280 дан ортиқ фатво ўз мужассамини топган.

Хулоса қилиб айтганда, “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асарида ҳаётнинг асосий манбаи бўлган оила, унинг энг ширин меваси бўлмиш фарзандлар тарбияси, уларнинг оиладаги, жамиятдаги ҳақ-ҳуқуқлари аниқ ва тўлиқ баён этилган. Энг муҳими, Ислом динининг болалар ҳуқуқлари хусусидаги қарашлари бу соҳадаги замонавий қарашлар билан ҳамоҳангдир.

 

Муслим Атаев,

Тарих фанлари номзоди

 

 ЎзА

Read 2393 times

Мақолалар

Top