Мақолалар

Улуғлар йўлини қай даражада тута олаяпмиз?

Ислом инсониятга энг гўзал хулқларни тақдим этган ягона илоҳий диндир. Агар башарият ушбу гўзал хулқларни ўзида мужассам эта олса, ҳатто инсониятнинг энг улуғига айланади. Аммо бу гаплар айтишга осон, амалга келганда эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бу борада салафи солиҳлар қандай йўл тутган? Улар ўзларини қандай тузатишган? Келинг, борада уларнинг ҳаёт йўлларига бир разм солайлик!

Ибн Абдулбир шундай дейди: “Баъзи аҳли илмлар айтадилар: “Билмайман” дейишни одат қил! “Биламан” дейишдан эса эҳтиёт бўл, чунки “билмайман” десанг билгунингча ўргатишади, агар “биламан” десанг, билмай қолгунингча сўрашади”.

Суфён ибн Ҳусайн Воситий айтадилар: “Мен Иёс ибн Мовия Музаний Басра қозиси ҳузурида бир кишини ёмонладим. У зот жуда ҳушёр ва зийрак эдилар. Менга қарадилар-да:

Румни ғазот қилиб босиб олдингми?

Йўқ.

Хитойничи? Ҳинд, Туркничи?

Йўқ.

Сендан Рум, Хитой, Ҳинд ва Турк омонда қолибди–ю, бир мусулмон биродаринг саломат қолмабди-да, дедилар.

Шундан эътиборан бирорта мусулмонни ғийбатини қилишни ўзимга ор билдим (яъни бошқа ҳеч кимни ғийбат қилмадим).

Ибн Ваҳҳоб айтади: “Қачоники, бир инсонни ғийбат қилсам, бир кун рўза тутиб беришни ўзимга қасд қилдим. Вақт ўтиб, бу рўза ҳам енгил туюлиб қолди. Шундан кейин бир кишини ғийбат қилгудек бўлсам, бир дирҳам садақа қилишни қасд қилдим. Бу эса менга оғир келди. Шу билан ғийбатни тарк қилиб юбордим”.

Муҳасибий айтадилар: “Бошқалар айбини излашдан кўра, ўз ҳолингни ислоҳ қилишга киришгин. Чунки “фалончи нима айб иш қилибди”, “нима бўлибди ўзи” дея ўзгалар айбини ахтаришинг гуноҳкор бўлишинг учун кифоядир”.

Азиз дўстим! Англаганингиз каби буюклар ўзларини ана шундай тарбия қилишган. Бу борада уларнинг йўлларини қай даражада тута олаяпмиз? Сиз нима дейсиз?

Камолиддин АКБАРОВ,
Қўштепа тумани “Қорашбува” масжиди имом-хатиби

 

Read 2161 times

Мақолалар

Top