Мақолалар

Намоз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўз қувончларидир

Инсон бу ҳаётда худди мавжли денгизда оқиб кетаётган ёғочга осилиб олган кишига ўхшайди. Ундай инсоннинг ҳаққига қиёмат куни Пайғамбарлар алайҳимуссалом “Эй Аллоҳ, саломат қилгин, саломат қилгин!” деб дуо қилишади.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ илм мажлисларида “Эй Аллоҳ, саломат қилгин, саломат қилгин!” дер эдилар. Бунинг маъноси “Аллоҳ таоло сизни дунё ва охиратдаги барча зарар ва ёмонликлардан асрасин!” деганидир.

*****

Намоз Исломнинг устуни ва энг улуғ ибодат.

Намоз икки шаҳодатдан кейинги ўринда келади.

Аллоҳ таоло уни меърож кечасида фарз қилган.

Аллоҳ таоло намоз ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга воситасиз хитоб қилган.

Намоз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўз қувончларидир.

Намоз хатоларни ўчирувчи, гуноҳларга каффорот бўлувчи ибодатдир.

Намоз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биз умматларига энг сўнгги васиятларидир.

*****

Аллоҳ таоло сенга қанчадан қанча сўраганларингни ато қилмадими?!

У Зот неча марта тойилганингда сени турғазиб қўймадими?!

Бошингга тушган қанчадан қанча ташвишларни аритмадими?!

Қилган неча-неча дуоларингни ижобат қилмадими?!

Муаммоларингни фақат Унга айт!

У Зот ҳақида яхши гумонда бўл!

Унга таваккул қил!

Сўрайдиган нарсаларингни фақат Ундан сўра!

У Зот Қуръони Каримда Яъқуб алайҳиссаломнинг айтган сўзларини ҳикоя тарзида келтиради:

 وَأُفَوِّضُ أَمْرِي إِلَى اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ بَصِيرٌ بِالْعِبَادِ

“Мен ишимни Аллоҳнинг Ўзига топширдим. Албатта, Аллоҳ бандаларини аниқ кўриб тургувчидир” (Ғофир сураси, 44-оят)

*****

“У шеригига, хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан, деди” (Тавба сураси, 40-оят)

Дўстнинг афзали – қийин вазиятларда сизга тасалли берган, сизни Аллоҳ таолога яқин бўлишга ундаган, Унинг ибодатини эслатиб, кўмак берган, сизни сажда қилган ҳолида эслаган, яъни Аллоҳ таолога сизнинг ҳақингизда дуо қилган кишидир. Натижада бир фаришта “Омийн, сенга ҳам шунинг мисли бўлсин” деб дуо қилади.

Аллоҳ таоло бизни ва сизни солиҳ дўст билан ризқлантирсин!

*****

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

ادْعُ إِلِى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُم بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ إِنَّ رَبَّكَ هُوَ أَعْلَمُ بِمَن ضَلَّ عَن سَبِيلِهِ وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ

“Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир” (Наҳл сураси, 125-оят)

Қалбингни одамларга нисбатан ҳасад, ғазаб қилиб, хатоларини қидиришдан, тойилганларида хурсанд бўлишдан, сирларини фош этишдан, пардаларини йиртишдан қутқар! Аллоҳ таолонинг Ўзи барчани, шу жумладан уларни ҳам ҳисоб қилади. Сен ўзингни ўйла! Ибодатларингни вақтида адо эт! Аллоҳ таоло билан ўзингнинг ўртангдаги ҳолатни ислоҳ эт!

*****

Агар намоз ўқилмаса, Қуръон тарк этилса ва Аллоҳ таолонинг зикридан ғафлатда қолинса, ғам-ташвиш, безовталикни кутилсин. Чунки Аллоҳ таолонинг зикри омонлик, зикрдан ғафлатда қолиш эса хорликдир. Мана бу ҳақиқатга эътибор беринг:

  أَلاَ بِذِكْرِ اللّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ

“Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?” (Раъд сураси, 28-оят)

وَمَنْ أَعْرَضَ عَن ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنكاً

“Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур” (Тоҳа сураси, 124-оят)

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

 

Доктор Оиз Қарний саҳифаларидан Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 3200 times
Tagged under

Мақолалар

Top