Мақолалар

САЛАФИЙЛИК НИМА ВА УЛАР КИМЛАР? УЛАРНИНГ ЙЎЛИ ТЎҒРИМИ?

Ислом адабиётида “салафлар” сўзи ёки дастлабки мусулмонлар тушунчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳижратларидан кейин 400-йилгача бўлган даврда вафот этганларни, шу жумладан Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад раҳимаҳумуллоҳларни ўз ичига олади. Бу даврдан кейин вафот этган мўминларни халафлар ёки “кейинги мусулмонлар” деб номланади.

“Салафий” тушунчасини алоҳида атама ва ҳаракат сифатида Муҳаммад Абдо (Ал-Афғонийнинг шогирди) томонидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 13 асрдан кейин пайдо қилинган бўлиб ва мана деярли 100 йилдан бери бу атама мавжуддир. Уларнинг энг асосий мавфкуравий даъвоси бўлиб, ҳудди буларга ўхшаш Исломдаги аввалги фирқалар таъкидлагани сингари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ва дастлабки уч асрдан кейин яшаган мусулмонлар Исломни гўё нотўғри тушунганликлари ҳисобланади.

Мазкур ҳаракат “пок” шариатга қайтишга ва кейинги даврда пайдо бўлган “бидъатлардан” воз кечишга ҳамда барча ҳукмларнинг манбаси қилиб фақатгина Қуръон ва Суннатни олишга чақиради. Бу олий мақсад шундоқ ҳам ҳаммага маълум ва бу билан хеч ким бахслашмайди. Лекин масала бошқа нарсада бўлиб – қандай равишда ва қайси усуллар билан бу мақсадга эришишдадир. Икки оғиз сўз билан бу ўзига хос фирқанининг асл моҳиятини тушунтириб бериш мушкул. ИншаАллоҳ, ўзимизнинг “Ислом ислоҳотчилари” рисоламизда буни батафсил таҳлил қилиб келтирамиз.

Кимлардир уларни йўналишини қўллаб қувватлаган ҳолда — салафийлик бу Қуръон ва Суннатни талқин қилишнинг яна бир усулидир ва у ҳам бошқа усуллар сингари мақбулдир, деб айтсалар, бу таъкид қуйидаги баъзи шартлар билангина тўғри бўлиши мумкин деймиз:

1) Уларнинг талқини араб тили қоидаларидан келиб чиқиб мақбул бўлса;
2) Кўриб чиқилаётган асосий матнлар (оят ва ҳадислар) бўйича мукаммал илмларга эга бўлиш;
3) Усулул фиқҳ қоидаларини мукаммал даражада билиш.

Мана шу шартларни ўзида мужассам этгандагина, эътиборга молик ҳукмларни чиқариш мумкиндир ва мана шуни ижтиҳод, яъни асл матнлардан ҳукмларни чиқариш деб аталади. Кўпчилик одамлар эга бўлмаган мазкур билимлари бўлмагани учун, мусулмонлар ўзларининг турли саволларига жавоб олиш учун ушбу соҳада етарли ҳуқуқга эга бўлган олимларга мурожаат қилишлари лозим. Булар эса, салафи солиҳлар давридан бери тўрт мужтаҳид имомлар ҳисобланадилар.

Мужтаҳидларнинг илмларига эга бўлмаган замонамиздаги олимларга келсак, уларни нима учун мужтаҳид деб ҳисобланишлари керак эканлиги тушунарсиздир. Қайсидир фирқачи одам тўғрисида “Бугунги кунда Суннатни буюк билимдони” дейишганда, бу ҳудди болалар боғчасида кимдир ҳақида – у шу боғчанинг буюк физик олимидир деганга ўхшайди. Ислом илмларига эга бўлиш, осонликча тан олиниши мумкин эмас.

“Фақатина Қуръон ва Суннатга эргашиш керак” деган уларнинг чақириғи назариётдагина яхшидир, амалий ҳаётда эса, мусулмонларнинг кундалик муаммоларига тааллуқли минглаб саволларга дуч келинади. Охир оқибат, ҳар бир одам учун, “ҳақиқий мужтаҳид олимга эргашиш керакми ёки навбатдаги бир фирқанинг “етакчисининг” ижтиҳодигами?” деган савол кўндаланг бўлади. Ахир, ҳозирда мужтахидликни даъво қилаётган фирқалар етакчилари ўзларига берилаётган саволларга жавоблари, дин масалаларини яхши билмайдиганлар орасида кўп учрагани каби, ўзининг нуфузини маъқуллашдан иборат бўлади холос.

Бугунги кунда “салафий” деган сўзни эшитганда, биринчи навбатда ҳаёлингизга дин ҳақида бахслашадиган ёш йигитларгина келади. Бу ёш “ислоҳотчилар”нинг ягона умидлари, уларнинг фикрлари билан келишмаган одамлар билан бахслашиш ва уришиш Исломни “поклаш”га ёрдам беради деб ўйлашларидир. Менинг назаримда, айнан таълим кўплаб муаммоларни ечишда энг муҳим ўрин тутади.

Шунингдек, мужтаҳид имомлар кўпчилик масалаларда ўзаро муштарак бўлганларини таъкидлаб ўтиш жоиз. Улар ихтилоф қилган масалаларда эса, уларнинг ҳар бирида кучли далиллар бўлган, чунки араб тили муайян сўзларни турли равишда англашга имкон туғдиради ёки мазҳабнинг усулидан келиб чиқиб Қуръон ва Суннатни талқин қилишда турлича тушуниш мумкин.

Инглиз тилида (ҳудди шундай ўзбек тилида ҳам – тарж.) фундаментал ҳисобланган китобларнинг етарли эмаслиги туфайли, айрим ўринларда асослар камдек туюлиши мумкин. Мисол учун яқинда инглиз тилига таржима қилинган Шайх Собиқ раҳимаҳуллоҳнинг “Фиқҳ ас-Сунна” китобида, шофеъий мазҳабига 95 фоиз мос келадиган ҳадислар ва уларнинг шарҳлари келтирилган. Бу жудаям салмоқли иш бўлиб, лекин ушбу масалаларни тушунишда бу якуний хулоса эмас ва ҳар бир мазҳабнинг ҳадислар бўйича жудаям кўп китоблари бор ва Шайх Собиқ раҳимаҳуллоҳнинг китобига қараб, бундай тўпламлар фақат шофеъийларда бор экан деб ўйлаш керак эмас.

Шунга ўхшаш, моликий мазҳабида Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг “Мудаввана” китоблари, ҳанафий мазҳабида эса “Шарҳ маъани ал-асар” ёки “Шарҳ мушкил ал-асар” китобларидир ва бу иккиси, буюк имом бўлмиш Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ томонидан ёзилган бўлиб, у зотни охирги кўрсатилган китоблари Бейрутда 16 жилдда нашр этилган. Мазкур китобларни ўқиб чиқмаганлар ёки уларда келтирилган нарсаларни билмайдиганлар, ҳанафий мазҳабининг далилларига нисбатан жоҳил ҳисобланадилар.

Мен фақат шуни айтмоқчиманки, баъзи бир одамлар: “Исломни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, дастлабки асрдаги салафи солиҳлар ва менинг шайхимдан бошқа хеч ким тўғри англай олмайди”, деган уйдирма муаммолар билан мусулмонларни бошини айлантиришмоқда. Бундай қилиш жоиз эмасдир, чунки ақийда, ҳадис, тафсир, фиқҳ в бошқа шариат фанлари бўйича буюк уламоларнинг ҳаддан зиёд кўп китоблари бор бўлиб, мусулмонлар ушбу китобларга эътибор беришларии ва уларни ўрганишлари керак. Негаки, маълум бир фанни ўрганмоқчи бўлган ҳар қандай одамга, ушбу фан бўйича аввалги асосий уламоларнинг китоблари билан танишиши ва уларнинг даврида ушбу масалалар қандай усулда ечилганлигига назар солиши лозим бўлади. Бундай усулни қўлламайдиган бўлсак, аввал батафсил жавоби бериб қўйилган масалаларни қайта-қайта янгитдан кўриб чиқишга қайтаверишга мажбур бўламиз.

Ҳаммамизга яхши маълум, умматда шундай одамлар борки, ўз мазҳабининг асосчиси, қанақангидир “шайхул ислом” ёки замонамиздаги бир олимдан бошқа уламоларни тан олишлари жудаям қийин бўлади. Бундай турдаги ғайрат бизга тушунарли ва қайсидир маънода, олим бўлмаган одамлар учун жоиз бўлиши мумкин. Бироқ буни чегарадан чиқиб кетиб мутаассибликка олиб боришига йўл қўймаслик керак, яъни бошқа ҳақиқий мазҳабга эргашганлиги учун мусулмонга нисбатан адоват қилмаслик керак. Бундай қилиш ҳаромдир, чунки бу иш фирқабозликка ва мусулмонларни бўлинишига олиб боради.

Қачонки, инсон ҳақиқий исломий илмларни англашни бошласа ва тасаввуридаги кўплаб уйдирмаларни тарк этса, замонамиздаги баъзи олимларга нисбатан ишлатилаётган “буюк олим” деган тушунчани аслида уларга нисбатан ишлатиш нотўғри эканлигини тушунади. Шунингдек, ушбу “буюк олимларга” эргашишни кўзлаб, ўтмишдаги ҳақиқатдан ҳам буюк бўлган олимларнинг меросларидан юз ўгириш ақлсизлик бўлади.

Буни қандай шиор остида амалга оширилишидан қатъий назар, у “Ислом ҳаракати”, “Салафийлик” ёки бошқа шунга ўхшаш номлар билан бўладими — Исломий меросга бўлган бундай беписанд муносабатни ҳеч нарса оқлай олмайди. Бундай жоҳилона тасаввурлардан қанча тез қутулсак, динимиз ва исломий фанларимизга шунча яхши бўлади.

М.Болтаев

Ҳазорасп тумани “Абул Маржон” масжиди имом-хатиби

Read 7332 times

Мақолалар

Top