Мақолалар

Тақдирдан тақдирга…

Қадрли ватандошлар, бугунги кунда бутун дунёда инсонлар юқумли касаллик бўлган Коронавирус (Covid-19) балосидан азият чекишмоқда. Афсуслар бўлсинки, бу ҳолат бизнинг ватанимизда ҳам қайд этилди.

Хўш, мусулмонлар жамоаси бундай ҳолатда ўзларини қандай тутишлари керак?

Аввало ислом тарихида юқумли касалликлар тарқаганда қандай чоралар кўрилганлигини бир ўрганиб чиқайлик.

Ибни Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган машҳур ривоятда ҳазрати Умар мўминларни амири бўлиб турган вақтларида Шомга (ҳозирги Сурия) бир қанча саҳобаи киромлар билан сафар қиладилар. Йўлда бир манзилга етганларида Абу Убайда ал-Жарроҳ ва у кишининг шериклари билан учрашиб қоладилар. Абу Убайда ал-Жарроҳ у зотга Шомда вабо воқеъ бўлганлигининг хабарини берадилар. Шунда ҳазрати Умар ибни Аббос розияллоҳу анҳудан биринчи бўлиб ҳижрат сафарига чиққан саҳобаларни чақириб келишларини сўрайди. Улар билан маслаҳатлашадилар. Лекин уларнинг ўртасида қайтишлик ёки қайтмаслик ихтилоф бўлиб қолади. Ҳазрати Умар уларни кетказиб, ансорийларни чақиринглар дейдилар. Ансорийлар билан маслаҳатлашганларида улар ҳам турли хил фикр берадилар. Умар розияллоҳу анҳу улардан кейин қурайш шайхларини чақиришликни сўрайдилар. Қурайш шайхлари одамлар билан орқага қайтишликни, вабо чиққан жойга бормаслик маслаҳатини берадилар. Шундан кейин Ҳазрати Умар одамларга жарчи чақиртириб, қайтишни эълон қиладилар.

Абу Убайда ал-Жарроҳ розияллоҳу анҳу у зотга: “Аллоҳнинг тақдиридан қочасанми?” деганларида, ҳазрати Умар унга: “Шуни сендан бошқа айтса бўлмасмиди!? Ҳа, Аллоҳнинг тақдиридан Аллоҳнинг тақдирига қочамиз”, дедилар. Шу пайт Абдурраҳмон ибн Авф келиб қолдиларда: “Бу ҳақида менда илм бор. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қачон унинг (вабонинг) бирор ерда борлигини эшитсангиз у томон борманг. Қачон сиз турган ерда воқеъ бўлса, у ердан чиқманг”, деганларини эшитганман”, деди. Шундан сўнг ҳазрати Умар Аллоҳ таолога ҳамд айтдилар ва ортларига қайтган эканлар.

Азизлар, бу ривоятнинг ислом оламида қанчалик муҳим эканлигини тўғри англаш керак. Замонавий тилдаги карантиннинг асл моҳияти шу ерда мужассамдир. Юқумли касалликларнинг олдини олиш чораларини кўришда ўтмишда мусулмонлар бу ва бошқа ривоятларда келган кўплаб ишларни амалга оширганлар. Шу билан бирга, Набий алайҳиссаломнинг “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни синовга учратади”, деганларига мувофиқ бу вирус касаллигини бир синов деб билиб, унга сабр қилишлигимиз лозим бўлади. Беморликка сабр қилган мўмин-мусулмон бандага бир неча хил мукофотлар ваъда қилинган:

  • Гуноҳларнинг ювилиши;
  • Мартабасининг кўтарилиши;
  • Унга нисбатан яхшилик ирода қилинганлиги;
  • Ажр ва савобнинг кўпайиши;
  • Чекилган дард охират азоби ўрнига ўтиши;
  • Дардга сабр қилишлик бандани жаннатга киришига сабаб бўлиши.

Азизлар ўтмишда мусулмонларнинг аждодлари сабр ва матонатда зарбулмасал бўлганлар. Биз ҳам ҳамжиҳатлик ва хотиржамликни йўқотмаган ҳолда бу балога қарши инсон сифатида қўлимиздан келганини амалга ошириб, қолганини Яратганга таваккал қилайлик.  Зеро, Аллоҳ таоло Таҳрим сураси 22-оятида: “Бирор мусибатни пайдо қилмасимиздан олдин у Китобда битилган бўлур, акс ҳолда , ер юзида ва ўз шахсларингизда сизга бирор мусибат етмас. Албатта, бу иш Аллоҳ учун осондир”, деб марҳамат қилган.

Яна Аллоҳ таолога кўпдан кўп дуои истиғфорлар айтиб, бу балони тезроқ кўтаришини ва устимизга осойишталик ва саломатликни нозил қилишини сўрайлик.

Бекобод тумани “Туркман” жоме масжиди

имом-хатиби Эрали Сариев

Read 2191 times

Мақолалар

Top