Мақолалар

Тошкент шаҳридаги “Катта Қозиробод” жоме масжиди...

Мазкур масжид Тошкент шаҳри Чилонзор тумани “Катта Қозиробод” маҳалласида жойлашган бўлиб, 1990-1993 йиллар давомида Қозиробод, Дўмбиробод ва Маданият аҳолиси томонидан ҳашар йули билан қурилган.

Кексаларнинг айтишича, маҳалланинг “Катта Қозиробод” деб номланишига сабаб ўтган асрларда шаҳар қозисининг дала ҳовлиси шу ерда бўлиб, атрофларини обод қилган. Кейинчалик бошқа одамлар ҳам келиб дала ҳовли атрофига ҳовли-жой бино қилишган. Сўнгра дала ҳовлида қишлаб қолганлар орасидаги вафот этганлар шу жойларга дафн килинган. Секин-аста қабрлар кўпайиб борган. Масжиднинг қибла томонида юз йилдан буён фаолият юритиб келаётган катта қабристон ҳам бор.

Масжидга ўзи жойлашган маҳалла номидан келиб чиқиб, “Катта Қозиробод” номи берилган. У 1998 йилда қайта рўйхатдан ўтиб, ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

2012 йилда масжид қайта таъмирдан чиқарилиб пойтахтдаги кўркам маърифат масканларидан бирига айланди. Намозхонларга етарли шароитлар муҳайё қилиш учун замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган ҳамма қулайликларга эга таҳоратхона барпо қилинди. Ҳудудда кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Ундан ташқари намозхонларга қулайлик туғдириш мақсадида автоулов тўхташ майдони кенгайтирилди, майдон ўз ичига бир вақтнинг ўзида 600 дан зиёд автоуловни сиғдиради.

Мана бир неча йилдирки, Тошкент шаҳри аҳолисининг диний эҳтиёжларини қондириш, соф ислом ақидаларини кенг оммага етказиш ва илму маърифат зиёсини улашишда “Катта Қозиробод” жоме масжиди ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келади.

Масжидда Тошкент ислом институтини тамомлаган Муҳаммадназар домла Қаюмов имом-хатиб вазифасида фаолият кўрсатиб келмоқда.

 

ЎМИ Масжидлар бўлими

Read 5868 times

Мақолалар

Top