Мақолалар

Бир қултум сувга тенг бойлик

Донишмандлардан бири бундай дебди: «Ҳар кунги бажарган ва бажара олмаган амалларинг, бесамар ўтган вақтинг сенга кўрсатиб турилса, бой берган вақтингни ўйлаб, ғам-ғуссага ботардинг. Лекин Аллоҳ таоло шундай бир тадбир қилиб, сени бу ҳолни кўришдан маҳрум этди. Тасалли ва таскин учун дунёнинг балою офатлари орасига лаззат ва завқни жойлаб, сени ана шу лаззат ва завқ билан машғул этди. Агар билсанг, аслида дунё қалампирдан ҳам аччиқроқ. Бироқ ҳар нарсани билгувчи Зот уни шу тариқа ширин нарсалар билан қориштириб қўйди. Дунёнинг сабабларини сифатлашга уринган одамни Ўз ишлари билан ҳоритди. Дунёнинг ажойиботлари ўткир бир воиз айтган таъсирли сўзлардан ҳам кўпдир».

Дарҳақиқат, дунё гўзал ва ширин. Дунё ҳирси ҳамма нарсадан устундир, у инсонни битмас-туганмас орзу-ҳаваслар сари етаклайди. Инсон сўнгсиз орзу-ҳавасларга берилади, аммо ҳеч қачон уларнинг охирига етолмайди. Қанча топиб-тутмасин, барибир қаноатланмайди.

Ҳикоят қилинишича, бир кун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўлларига учта таёқ олдилар. Бирини олдиларига, иккинчисини ёнларига қўйдилар. Учинчи таёқни эса узоқ бир ерга отиб, шундай дедилар: «Манави олдимдаги – инсон, ёнимдагиси – ажал. Анави узоққа отганим эса орзу-ҳавасдир. Инсон ўзидан жуда узоқларда бўлган орзу-ҳавасларга етишмоқчи бўлиб, узлуксиз ҳаракат қилади. Лекин ажал яқинроқ бўлгани учун, инсон орзу-ҳавасга етишмасдан аввал ажал унинг ёқасидан олади».

Ривоятларда келади, халифа Ҳорун ар-Рашид ўз замонасининг пири бўлмиш Шақиқ Балхий ҳазратларини тез-тез зиёрат қилиб турар экан. Ана шундай зиёратларнинг бирида ҳазрати Балхий халифага шундай дебдилар:

– Тасаввур қил, саҳрода ёлғиз қолгансан, ташналикдан ўлай деб турибсан. Аммо бир қултум сув бўлса, ҳаётингни сақлаб қолиш мумкин. Шу пайт кимдир келиб, «Сув сотаман», деса, нимангни берган бўлар эдинг?

– Нимани сўраса, бераман. Ундай пайтда пул ҳақида ўйлаб ўтирмайман, – дебди халифа.

– Агар ўша одам бир қултум сув учун бутун бойлигингнинг ярмисини сўраса ҳам берармидинг? – сўрабдилар ҳазрат.

– Албатта берардим, –  дебди халифа.

– Яхши, ярим бойлигингга бир пиёла сув сотиб олиб, ичдинг. Энди тасаввур қил, бироз вақт ўтиб, ўша сув таҳоратингни танг қилди, аммо сен уни чиқара олмай қолдинг. Табибларинг ҳам сени даволай олишмади. Сўнг яна кимдир келиб, «Қолган бойлигингни ҳам берсанг, мушкулингни осон қиламан» деса, рози бўлармидинг?

– О, бундай азобдан қутулиш учун боримни беришга ҳам розиман, тузалсам бўлди, – дебди халифа.

Шунда Шақиқ Балхий дебдурлар: «Ундай бўлса, эҳтиёт бўл. Бир пиёла сувни ичишгаю, сўнг уни чиқариб ташлашга арзийдиган бойлигингга ишонма, у билан мағрурланма!»

Яна бир ривоятда ҳам, мол-дунёга ишонмаслик, унга бино қўймаслик, мол-дунёнинг ўткинчилиги ҳақида ҳикоя қилинади.

Бир куни халифа Валид ибн Абдулмаликнинг ҳузурига Авс қабиласидан бир неча киши келди. Уларнинг орасида бир кўзи кўр киши ҳам бўлиб, халифа ундан: «Кўзингга нима бўлган?» деб сўради.

«Эй амирул мўъминин! – гап бошлади у киши. – Менинг молу дунёим, аёл ва бола-чақаларим кўп эди. Қабиланинг энг бой одами эдим. Мол-дунё ва аҳлимни олиб, қавмим яшайдиган жойдан четроқдаги водийга бориб, ўша ерда яшамоқчи эдим. Аммо катта сел келиб, бор нарсамни оқизиб кетди. Биргина туям ва эндигина туғилган чақалоғим омон қолди, холос. Бир пайт туя ҳам қоча бошлади. Боламни ерга қўйиб, туямни тутмоқчи бўлдим. Узоқ кетмаган эдим, бола чинқиргандек бўлди. Қарасам, чақалоқнинг бошини бўри ғажиётган экан. Уни қутқаришга энди кеч эди. Яна туянинг изидан кетдим. Энди етган эдим, юзимга бир тепиб қолди. Афт-башарам қонга тўлди. Кўр бўлиб қолдим. Хуллас, бир кечада оиласиз, бола-чақасиз қолдим. Молу дунём сувга оқди, кўзим кўр бўлди».

Дунё ҳаёти ва мол-дунё ҳақида улуғлардан Бишр Хофий шундай дебдурлар: «Ким Аллоҳдан дунёлик истаса, ҳисоб-китоб куни Аллоҳнинг ҳузурида кўпроқ туришни хоҳлаган бўлади, чунки бойлигини керакли жойга ишлатмаса, узундан-узоқ ҳисоб беради».

Абу Ҳозим айтадилар: «Дунёда севинтирувчи бирон нарса йўқки, кетидан хафа қилувчи бир нарса келмаса».

Молик ибн Динор айтадилар: «Дунё ҳаётида қўлга кирита олмаган нарсаларинг учун қанчалик ачинсанг, охират тушунчаси қалбингдан шунчалик ўчирилади».

Бу дунёда моли омонат, ўзи меҳмон бўлмаган бирон киши йўқ. Шундай экан, улуғларнинг сўзларидан ибрат олиб, ўткинчи дунёнинг алдамчи жилвасига алданмайлик, яхши ва эзгу амаллар қилайлик, атрофимиздаги инсонларга қўлимиздан келганича ёрдам кўрсатайлик. Аллоҳ таоло барчамизга маҳалла-кўй тинчлиги, юрт равнақи учун хизмат қилиб, охиратда улкан ажру савобларга етишишни насиб этсин!

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

 

Read 4164 times

Мақолалар

Top