Мақолалар

Салафийлар ёхуд Ислом ниқоби остидаги динбузарлар

ёхуд Ислом ниқоби остидаги динбузарлар 

Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида, интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда “салафийлик”, “салафийлар” каби иборалар тез-тез так­рорланиб турибди. Хўш, аслида салафийлар кимлар? 

“Салафийлик” ибораси араб тилидаги “سلف  ” сўзидан олинган бўлиб , “ аждодлар,” “аввал яшаб ўтганлар ”маъноларини англатади.  Қуръони каримнинг Зухруф сурасида “салаф” сўзи “аввал яшаб ўтганлар”, “ўтмиш (кишилари” ) маъноларида ишлатилган.

Диний истилоҳда “салаф” сўзи муайян бир давр билан боғлиқ маънони беради. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Энг яхши давр менинг даврим, сўнг уларга яқин бўлган, сўнг уларга яқин бўлган даврлардир” (Имом Бухорий ривояти).

Уламолар мазкур ҳадисга асосланиб, саодат асрида ва ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонларни “салафи солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” деб тавсифлай­дилар. Кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан бу атама қўлланилмайди. Таъ­кидлаш лозимки, мазкур уч даврда яшаган барча инсонлар ҳам “салафи солиҳ”лар дейилмайди. Расулуллоҳ алайҳиссалом вафотларидан сўнг турли фитначи, бузғунчи тоифалар чиқди. Уларга нисбатан “салафи солиҳ” ибораси қўлланилмайди.

Аҳли сунна вал жамоа анъанасига кўра, салафи солиҳлар давридан кейин яшаган мусулмонлар “халафлар”, яъни “кейингилар” деб аталади.

Сўнгги йилларда “салафи солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мутаассиб кўринишдаги “сохта салафийлар” пайдо бўлди. Улар диний, маънавий, ижти­моий ва сиёсий йўналишларда сао­дат асрига қайтиб, мусулмонларнинг эътиқоди ва дунёқарашини ҳозирга­ча турли соҳаларда эришилган натижалардан “поклаш”ни ўз олдиларига “мақсад” қи­либ қўйганлар.

Сохта салафийлар ҳар қандай янгиликни бидъат деб ҳисоблаб, фиқҳий маз­ҳабларни инкор қила­дилар, тасаввуфни тан олмайдилар, арзимас баҳона­лар билан мусулмонларни кофирга чиқарадилар.

Сохта салафийлар қуйи­даги ғояларни илгари сура­дилар:  .

– Қуръони карим ва сун­натдаги қоидаларни сўзма-сўз тушуниб, кўр-кўро­на амал қилиш орқали бош­қа манбаларни ботилга чиқа­радилар; .

– “такфир” (куфрда айб­лаш) ва “ҳижрат” (ватанни тарк этиш) масаласини илгари сурадилар;

– фиқҳий мазҳабларни инкор қилиб, мазҳабсиз­ликни тарғиб қиладилар;

– тасаввуф, урф-одат ва миллий қадриятларни ин­кор этадилар;

– ғайридинларга ўта то­қатсиз муносабатда бўлиб, диний бағрикенгликни ёқ­ламайдилар; .

– ҳар қандай янгиликни “бидъат” деб ҳисоблаб, уни рад этадилар.

Ҳадисларда шундай матн­лар борки, юзаки қараганда, бу матнлар Қуръон ва суннатда бўлмаган ҳар қандай нарсани пайдо қилишдан қайтарилгандек кўринади. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: «Ким бизнинг ишимизда унда бўлмаган янгиликни пайдо қилса, у рад этилади», дейилган.

Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса: «Дарҳақиқат, энг яхши сўз Аллоҳнинг Китоби, энг яхши йўл Муҳаммад алайҳиссаломнинг йўли­дир. Ишларнинг энг ёмони эса уларнинг янги пайдо бўлганларидир ва ҳар бир янгилик залолатдир». Юқо­рида келтирилган ҳадис­ларни юзаки тушуниш Исломни тараққиёт билан ҳамнафас эмаслиги ва у ўзи нозил бўлган замонгагина яроқли бўлган эски дин сифатида қораланишига олиб келади.

Ҳазрат Билол розияллоҳу анҳу бомдод намозига азон айтаётганида “Ас-солату хойрум минан-навм” жумласини қўшиб айтдилар. Пайғамбар алайҳиссалом буни қўллаб-қувватлаб, ҳат­то доимо айтишни жорий қилганлари “бидъат” тушун­часи ҳақида кенгроқ фикр­лаш лозимлигини англатади.

Ислом уламолари бу борада кенгроқ мушоҳада юритишади. Имом Шофиъий бундай деганлар: «Янги пайдо қилинган ишлар икки хил бўлади. Биринчиси, Қуръон, суннат, асар (саҳобий ва салафи солиҳлар сўзи) ёки ижмога хилоф бўлган янгиликлар бўлиб, бу “бидъати саййиа”, яъни ёмон бидъат ҳисобланади. Иккинчиси, яхши нарсалар учун пайдо қилинган ишлар бўлиб, “бидъати ҳасана”, яъни яхши бидъат ҳисобланади».

Бидъати ҳасанага тарихдан кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Масалан, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мусулмонларни Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу­нинг орқасидан жамоат бў­либ таровиҳ намозини адо этаётганларини кўриб: “Бу қандай ҳам яхши бидъат”, деганлар.

Шунингдек, Абу Бакр ро­зияллоҳу анҳунинг Қуръони каримни китоб ҳолига келтириб, жамлаганларини кў­риш мумкин.

Замонамиз уламоларидан Имом Ноблусий бундай ёзади: «Бугунги кунда дунё каттадан-катта ўзгаришлар, тараққиётни бошидан ке­чирмоқда. Инсон ақлини шошириб қўядиган янги ихтиролар дунё юзини кўр­моқда. Хўш, Расулуллоҳ алай­­ҳиссалом: “Ҳар қандай бидъат залолатдир”, деган ҳадисларида айтилган “ян­гилик”да айнан шуларни на­зарда тутганмилар?! Йўқ, албатта. Расулуллоҳ алай­ҳис­салом назарда тутган бидъат бу – ақоид, шари­ат бирор янги нарсани қў­шишдир». .

Фақиҳларнинг истилоҳида ҳамда ҳадисларда қоралан­ган бидъат деганда, диндан деб даъво қилинса-да, аслида диндан бўлмаган, тўқима йўл назарда тутилади. Имом Шотибий: “Бидъат динда ян­ги ихтиро қилинган йўл бў­либ, у ила шариатга монандлик қасд қилинади”, деган.

Демак, мусулмонлар орасида янги пайдо қилинган нарса дин асосларига оид масалаларда бўлса, у янги­лик “бидъати саййиа” ҳисоб­ланади ва у қораланади.

Бошқача айтганда, “бидъа­ти залолат” фақат дин асос­ларига оид масалаларда бў­лади. Юқорида келтирил­ган ҳадис ҳам айнан шунга далолат қилмоқда: “Бизнинг ишимизда янгилик пайдо қилса...”, яъни ишдан мақсад Расулуллоҳ алайҳиссалом ва у зот билан бирга мусулмонлар жамоасининг ишидир. Дунёвий ишларда насс ва муайян диний қоидаларга хилоф келмаса, уларда ёмон бидъат йўқдир. Яъни, ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаромга айлантириш каби бидъатларга йўл қўйилмаса, бунга эътироз йўқ.

Шу ўринда қуйидаги во­қеани келтириб ўтиш ўрин­ли. Бир куни Расулуллоҳ алай­ҳиссалом хурмони чанглатаётган одамлар олдидан ўтиб қолдилар ва уларга бундай қилишга ҳо­жат йўқлигига ишора қил­дилар. Улар Ра­су­луллоҳ алайҳиссаломга итоат этди­лар, лекин ўша йили хурмо аввалгидек яхши ҳосил бермади. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Дунё ишларингизни ўзингиз яхши биласиз», деб айтдилар.

Расулуллоҳ алайҳиссалом ва рошид халифалар замонида мавжуд бўлмаган, аммо кейинчалик юзага келган ҳар қандай янгилик аниқ тарзда келган насс билан рад этилмаса ва унинг натижасидан яхшилик, умумманфаат кутилса ҳамда инсонларга нафи тегса, бундай янгилик шаръан жоиздир.

Хулоса қилиб айтганда, Исломдаги ҳар бир янгилик агар у диндаги муқаррар қонун-қоидаларга хилоф бўлмаса, “бидъати зало­лат” ҳисобланмайди. Сох­та салафийлик Ислом дини таълимотларига зид бў­либ, мусулмонларнинг дунёвий соҳаларда тарақ­қиётга бўлган интилиши­га тўсқинлик қилувчи йў­на­лишдир. Улар мўмин-му­сулмонлар ўртасида уруш, низо ва келишмовчилик­ларни келтириб чиқармоқда. Ваҳоланки, динимиз фақат эзгуликни тарғиб қилади.

 

Жамолиддин КАРИМОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар маркази директори

Read 2052 times

Мақолалар

Top