Мақолалар

КЎРИНМАС ДУШМАН: 4. ДАНГАСАЛИК – МУНОФИҚЛИК БЕЛГИСИ

Аллоҳ таолонинг амрларини бажаришда ва қайтариқларидан қайтишда дангасалик ва бепарволик қилиш – мунофиқликнинг белгисидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўлурлар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни “алдовчи”дир. Агар намозга турсалар, дангасалик билан хўжакўрсинга турурлар ва Аллоҳни камдан-кам зикр қилурлар” (Нисо сураси, 142-оят).

Яъни: мунофиқлар намозни дангасалик, бепарволик ва оғринсиниб адо этадилар.

Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ ушбу оятни қуйидагича тафсир қилганлар: “Агар намозга турсалар, дангасалик билан хўжакўрсинга турулар” оятидан мурод: савоб умид қилмайдилар ва тарк қилсалар азобланишларидан қўрқмайдилар.

Аллома Саъдий раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар: “Дангасалик қалбида рағбати, иштиёқи йўқ бўлган кишида бўлади. Агар кимники қалбида Аллоҳ таоло ва унинг динига рағбат бўлмаса, демак унда иймон ҳам бўлмайди”.

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ: “Мунофиқлар намозга турганларида дангасалик қилишларининг сабаби, уларнинг нияти намоз ўқишлик бўлмаслигида, унга ишонмаслигида, қўрқмаслигида ва ақл юритмасликларидадир”, дейдилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Киши намозга туришини хоҳламаслиги ёки ёқтирмаслиги унинг дангасалигига далолатдир”.

Демак, мунофиқлар намозга турганларида бепарволик, ғайратсизлик қиладилар хоссатан ҳадисда бомдод ва хуфтон намозларига дейилади. Аллоҳ таоло бу сифатдан барчамизни йироқ қилсин.

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Мунофиқни учта белгиси бор. Ёлғиз ўзи бўлса, дангасалик қилади. Инсонлар ўртасида бўлса, фаол, ҳаракатчан бўлади. Қилган иши мақталинса, ўша ишни кўпайтиради, бироқ, қилган иши қораланса, тўхтатиб қўяди”.

Хулоса қилиб айтганда, мунофиқлар барча эзгу ишларда дангасалик қиладилар. Агар қайси биримиз ушбу ҳолатни ўзимизда топсак, тезда бу қабиҳ сифатдан нафсимизни поклашимиз, иблисга шерик бўлиб қолмаслигимиз учун зудлик билан ўзимизни тўғрилашимиз зарур бўлади.

Яҳё АБДУРАҲМАНОВ,

“Шайх Зайниддин” масжиди имом-хатиби.

 

Read 2651 times

Мақолалар

Top