Мақолалар

Шу кунларда қўлига бир жойдан 25 миллион сўм пул келиб қолган киши закот берадими?

Бу саволга Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков шундай жавоб берди:
“Пул нисобга етганидан кейин бир йил ўтсагина, закот фарз бўлади. Бир йилдан оз миқдорда нисобдан кам бўлиб қолса, закот фарз бўлмайди. Бунда закотга йил ҳижрий сана ҳисоби билан ўлчанади (354 кун). Пул қўлга тушганидан кейин бир йил ўтиши керак. “Бир йил тўлмагунига қадар мол-мулкда закот йўқ” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Ушбу мазмунда ҳазрати Алидан бошқа саҳобалардан ҳам саҳиҳ асарлар мавжуд. Бу гарчи саҳобаларнинг сўзи бўлсада уламолар ҳукм жиҳатидан марфуъ – яъни Пайғамбар алайҳиссаломнинг сўзларидан келиб чиққанини таъкидлашади.
Закотни кимларга бериш эса Қуръони каримда очиқ баён қилинган бўлиб, закот бериладиган тоифа инсонларга фақир – моли нисобга етмаган шахс, мискин – ҳеч нарсаси йўқ киши, закот йиғиш ишида банд бўлганлар, агар зиммасидаги қарзини берса, пули нисобдан камайиб қоладиган қарздор киши, йўлда қолганлар шулар сирасига киради.

Закотни вакил орқали ҳам муҳтожларга бериш мумкин. Ҳозирги кунда ҳам кўплаб хайрия марказлари ташкил этилган бўлиб, жамиятдаги муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаб келишмоқда. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг қошида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилган.

Қайд этиш керакки, закотни ўзаро туғилиш алоқаси бўлганлар, яъни, ота-онаси, бобо-момоси, ўғил-қизлари ва набиралари, эр-хотинлик алоқалари бўлганлар, яъни, эр ёки хотинга бериши мумкин эмас. Ака-ука, опа-сингилларга эса, закот бериш мумкин.

Закот беришни яқин қариндошлардан бошланса, ҳам Аллоҳ таолонинг буйруғи адо бўлади, ҳам қариндош-уруғлик ришталари мустаҳкамланади. Силаи раҳмга амал қилиш – Аллоҳ таолони рози қиладиган ишлардан биридир.


Сайёра Шоева, ЎзА

Read 2944 times
Tagged under

Мақолалар

Top