Мақолалар

Баёнотга муносабат: Ҳамжиҳатлик ва қатьий итоат зарур

Касаллик қайси юртда кенг тарқалса карантин вожиб бўлади. Бундай пайтда ишлар соҳа мутахассислари ва шифокорларга боғлиқ бўлиб, барчага расмий идоралар томонидан чиқарилган қонун-қоида ва чора-тадбирларга амал қилиш лозим бўлади. Биринчи навбатда касалликни кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳукумат томонидан жорий қилинган карантинга амал қилиш зарур. 

Бу масалага далил сифатида қуйидаги ҳадисни келтириш мумкин. Абдураҳмон инб Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вабо касаллиги борасида бундай деганлар: “Агар бир жойда касаллик (вабо) борлигини эшитсангиз у жойга борманг. Агар сиз турган жойда касаллик тарқалса, ундан қочиб бошқа жойга чиқиб кетманг”.

Бу ҳадисдан очиқ-ойдин маълум бўладики, вабо қаерда тарқалса, бирор-бир киши учун вабодан қочиб бошқа жойга бориши, агар киши вабо тарқалган жойдан ташқарида бўлса, ичкарига кириши дуруст эмас. Бу нарса вабо касаллиги тугагунгача давом этади.

Соҳа мутахассисларининг масжидда ёки бошқа жойларда одамларни бир жойда тўпланиши хатарли экани, вируснинг кенг тарқалиб кетишига сабаб бўлиши ҳақида тавсияларига биноан давлат мутасаддилари одамларни тўпланишларига чек қўйиш ҳақида қарор қабул қилса барча ушбу қарорга амал қилиши лозим бўлади.

Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёноти эълон қилинди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши томонидан карантин даврида то вазият барқарорлашгунга қадар Рамазон ойидаги таровеҳ ва беш вақт жамоат намозларини вақтинча масжидларда ўқимаслик ҳақида чиқарилган мазкур Фатво талабларига қарши хатти-ҳаракатларни амалга ошириш жоиз эмас.

Шу ўринда Ўзбекистон мусулмонлари идораси республикамиздаги расмий фаолият олиб бораётган Ислом дини йўналишидаги ташкилотларнинг марказий бошқарув идораси ҳисобланишини таъкидлаш жоиздир. Идора ўз ваколати асосида шариатга оид масалалар юзасидан барча шаклдаги мурожаатларга халқимиз учун анъанавий бўлган ҳанафийлик мазҳаби асосида фатво ва хулосалар бериб келмоқда.

Ислом шариати ўзгарувчан тизим эмас. Шариат дунёдаги барча соҳаларга диннинг ҳукмини, чегарасини ва ўлчовини билдиради. Бошқа соҳа вакиллари шариатни ўз қаричлари билан ўлчаб, талқин қилишларига асло изн берилмайди! Айниқса, халқимизнинг тўқсон фоиздан ортиғини мусулмонлар ташкил этишини ҳисобга олсак, Ислом динига оид масалаларга янада жиддий ёндашиш лозимлиги аён бўлади.

Уламолар иттифоқ қилган қоида шуки, Ислом шариати ҳукмларининг мақсади бешта асосни ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, улар – жон, дин, насл, мол ва ақлдир. Шаръий истилоҳда улар “Беш зарурат”, деб номланади.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди” (Бақара сураси, 185-оят). Бошқа ояти каримада: “...ўз қўлларинг билан ўзларингни ҳалокатга ташламанглар...” (Бақара сураси, 195-оят), дейилган.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”, деганлар. Жонни асраб-авайлаш тўғрисида булардан бошқа ҳам кўплаб диний кўрсатмалар мавжуд.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соғлом билан касални бир-бирига аралашмаслиги борасидаги кўрсатмаларини ҳатто ҳайвонот оламига ҳам тегишли экани кишини ҳайратга солади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай деганлар: “Киши касал туялар ёнига соғлом туяларини ҳайдаб бормасин ”

Фиқҳий қоидалардан бири шуки, “Айни пайтда саломатликка ва келажакда тинч-тотувликка сабаб бўладиган нарсага амал қилиш шариат ва ақл нуқтаи назаридан вожиб ҳисобланади”.

Рамазон ойида таровеҳ намозлари ва беш вақт жамоат намозларига қатнашиш Исломнинг шиорларидан ҳисобланса-да, инсонлар манфаатини юзага келтириш ҳамда улардан зарарни даф қилиш – Пайғамбарларнинг юборилишидан кўзланган олий ҳикматдир.

Пайғамбарлар олиб келган аҳкомлар “Ўрни келганда инсон манфаатлари Ислом шиорларидан устун туриши”ни таъкидлайди. Жума намози фарз, жамоат бўлиб намозларни адо этиш суннат бўлса, лекин уларни адо этиш билан зарар келиб чиқса, ана шу зарарнинг хавфи устун кўрилади ва инсонларни масжидларда тўпланишларидан қайтарилади.

Ҳеч бир кимса ушбу қарорга қарши иш қилиши ҳалол эмас. Бу хоҳ масжид ичидан эшикларини қулфлаб, озчилик бўлиб жума ёки жамоат намозини адо этиш бўладими ёки масжид олдида ёки ҳовлисида ёхуд унинг ҳудудида тўпланибми фарқи йўқ. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг буйруқлари ва аҳкомларига очиқ қарши чиқишдир. Шунингдек, шариатга ва унинг “Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан устундир”, деган қатьий қоидасига зиддир .

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фуқароларни Ислом динининг мўътабар манбалари ва қадриятларига тааллуқли мавзуларда салбий баҳс-мунозараларни келтириб чиқарадиган фикр ва қарашларни тарқатишдан сақланишга чақиради.

Диний илмдан узоқ кишилар ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам залолат ботқоғига тортаётганларини билмайди. Уларнинг шариатга оид мавзуда ҳақни айтяпман дейиши ҳудди туғма кўрнинг: “Карвонга ўзим йўл кўрсатаман!” – дейишига ўхшайди.

Ислом шариатида турли миш-мишлар тарқатиш ва уни ривожлантириш қораланган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло миш-миш тарқатувчи тоифанинг хатаридан огоҳлантирган ва уларни мунофиқлар, қалбида касали борлар қаторига қўшган. Шариатимиз тилни сақлаш, жамиятда бир хабар тарқатишдан аввал унинг оқибатлари ҳақида ўйлаб, аниқлик киритиб олишга буюрган. Аллоҳ таоло айтади: “Эй, имон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Мана шу ояти каримада ҳар бир инсон эшитган гапини текшириб, унинг манбаси рост ёки ёлғон эканини билмасдан туриб гапирмасликка акс ҳолда ўзи билмаган равишда бошқаларга озор бериб, надомат ва пушаймонликка тушиб қолмасликка буюрилмоқда.

Ер юзининг аксар қисмига вабо тарқалган ҳозиргидек ҳолатларда одамларнинг қалбига хавф, қўрқинч ва умидсизлик соладиган, улар ўртасида турли ихтилофларни келтириб чиқарадиган хабарларни тарқатмаслик барчага баробар вожибдир.

Элимиз хавфсизлигини сақлаш учун ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган чораларга амал қилиш, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мазкур фатвосига тўлиғича бўйсуниш ҳар бир кишининг бурчидир.

Аллоҳ таоло тез кунларда дунё халқлари устидан хусусан, юртимиздан мазкур балони даф этсин. Ушбу дардга мубтало бўлган беморларга шифои комил ато айласин. Халқимизни ушбу балони олдини олишда ҳамжиҳат бўлиб, ундан сақланиш борасидаги тавсияларга астойдил, ихлос билан амал қилишларига тавфиқ ато этсин.

Муҳаммади ҚОРАЕВ

ЎМИ вилоят вакили ўринбосари,

Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме

масжиди имом-хатиби.

 

Read 2200 times

Мақолалар

Top