Мақолалар

“Фавоидуз-Зиёийя” асарининг ёзилиш тарихи

“Шарҳи Мулло” ёки “Мулло Жомий” ёки “Шарҳи Мулло Жомий” номлари билан машҳур бўлган “Фавоидуз-Зиёийя” асари ўзига хос тарихга эга. Бу асарнинг тарихи ҳақида сўз юритишдан олдин унинг асоси бўлган “Кофия” ва унинг муаллифи ҳақида бир оғиз сўз.

“Кофия” китоби Ибн Ҳожиб номи билан машхур бўлган буюк тилшунос олим Абу Умар Усмон ибн Умар ал-Курдий (646 ҳ. в/э) томонидан ёзилган. У Мисрда яшаб ўтган. Отаси Миср амирининг ҳожиби, яъни қўриқчиларидан бири бўлгани учун “Ибн Ҳожиб” яъни, “Қўриқчининг ўғли” деган ном унга тахаллус бўлиб қолган. У ҳаёти давомида кўплаб илмларни, жумладан, наҳв илмини чуқур эгаллаб, бу борада кичик бир рисола яратди. Муаллиф ушбу китобини толиблар ёдлашлари ва эсда сақлашлари осон бўлиши учун   ихчам бўлишини инобатга олиб, кенг маънони ифода қиладиган сўзлар билан бойитди. Шу боис асар кўпчилик эътиборини қозонди. Китоб ўз замонасида араб тили дарсликлари ичида тенгсиз эди. Асар ўша пайтнинг ўзидаёқ мадрасаларда араб тили дарслиги сифатида ўқиладиган ва наҳв масалаларида манба деб эътибор қилинадиган бўлди. Китоб олимнинг ҳаётлик чоғидаёқ катта шуҳрат қозониб, унинг изоҳталаб ўринларини ёритиб бериш мақсадида ўша замон олимлари унга шарҳ ёза бошлади. Мисол тариқасида муаллиф билан асрдош бўлган буюк муҳаққиқ, тилшунос аллома Розийуддин Муҳаммад ибн Ҳасан Астрабодий (688 ҳ. в/э)ни айтишимиз мумкин. У “Шарҳур-Розий алал Кофия” (شرح الرضي علي الكافية)  номли тўрт жилдли асар ёзган. Аммо биринчилардан бўлиб муаллифнинг ўзи шарҳ ёзган, деган ривоятлар бор. Муаллиф сарф илми борасида ҳам кўпчилик эътиборини қозонган “Шофия” номли асар  ёзган. Разийуддин Астрабодий бу китобга ҳам мўжазгина бир шарҳ ёзган. Бу асар ҳам Кофия китоби билан бирга мадрасаларга сарф илмидан дарслик сифатида киритилган ва унга кўплаб шарҳлар ёзилган [1]

  “Кофия” китобига жуда кўплаб шарҳлар ёзилгани ривоят қилинади. Шундай шарҳлардан бири биз сўз юритмоқчи бўлган “Фавоидуз-зиёийя” асаридир.

Абдураҳмон Жомийнинг Зиёуддин Юсуф исмли ўғли бўлиб, у Ибн Ҳожибнинг “Кофия” асарини ўқиб, баъзи мужмал ўринларидан кўнгилдагидек тушунча ҳосил қилмади. Ўша кунгача ёзилган шарҳлардан қониқиш ҳосил қилмай отасидан “Кофия” асарига  шарҳ ёзиб беришини илтимос қилди. Жомий ўғли Зиёуддин Юсуфнинг таклифини инобатга олиб унга шарҳ ёзди. Жомий асарини ўғлининг номи билан, яъни “Фавоидуз-Зиёийя” деб номлади. Албатта, Жомий ушбу асарини нафақат ўғли, балки барча илм таҳсил қилувчиларга бошланғич қўлланма сифатида ёзганини  асарнинг кириш қисмида айтиб ўтди. Ушбу асарни Жомий вафотидан бир йил олдин, ҳижрий 897 йили 11 Рамазон, шанба куни ёзиб тугатди.

Бу асарга кўплаб ҳошиялар ёзилган. Котиблар китобнинг ҳошиясига ана ўша ҳошиялардан бирини келтириб, у кимга тегишли эканини билдириш мақсадида, аломат сифатида муаллифнинг исми ёки ҳошиянинг номини қисқартма шаклда келтиришган. Қуйида улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:

Исомиддин ибн Ироҳим ибн Муҳаммад Асфароиний (ҳ.944, в/э).     

Муҳаммад Исматулло ибн Маҳмуд Бухорий. У зот китобнинг ярмигача ҳошия ёзган.

Абдуғафур Лорий (ҳ. 912, в/э), у зот Жомийнинг шогирдларидан бўлиб, “Мабнийёт” бобининг “Товушлар” бўлимигача ёзган.

Абдуҳаким ибн Шамсиддин Саёлкуний (ҳ. 1070 в/э). У зот Жомийнинг шогирди Абдуғафур Лорий  ҳошиясини охирига етказган.

Шайх Важиҳуддин Алавий (ҳ. 998 в/э).

Шайх Нурулҳақ ибн шайх Абдулҳақ Деҳлавий (ҳ. 1073, в/э).

Ҳофиз  Куҳакий Тошкандий. У зот “Марфуот” бўлимигача ёзган.

Муҳаммад Абдураҳмон ибн Маҳмуд Асфароиний.

Муҳаммад Содиқ Қобилий.

Абулбақо. 

Муҳрим Афанди.  

 Абдуллоҳ ибн Солиҳ Афанди Румийнинг  “Такмилатул муҳрим” асари.

Абдунабийнинг “Жомеъул ғумус” номли асари.

Саййид Алихон Кабир номи билан машҳур бўлган зотнинг “ал-Ҳадоиқун надийя шарҳул Фавоидис-сомадийя” асари.

Муҳаммад Али ибн Қози шайх Али Таҳонавийнинг “Кашшофу истилоҳотил фунун” номли асари.

Абулбақо Кафавийнинг “Куллиёт” асари. 

 Шиҳобиддин Ҳиндийнинг “Шарҳу Ҳиндий” номли асари. 

“Қомусул луғат” номли асар.

“Тожул луғат” номли асар.  

“Сироҳ” номли асар.

“Мунтаҳал араб” номли асар.

“Мунтахабул-луғат” номли асар.

“Нафоисул-луғат” номли асар.     

Бу китоб ўз замонасининг уламолари орасида катта нуфузга эга бўлиб,  бугунгача ўз обрўсини сақлаб қолган.  Уламолар бу шарҳ Жомийнинг ёзган шарҳлари ичида энг яхшиси дея эътироф этишган. Ушбу китоб Ибн Ҳожибнинг “Кофия” асарига шарҳ бўлгани учун у кишининг китобларидаги тартиб ўзгартирилмаган. Китобда кириш сўзидан сўнг калима ва Калом ҳақида сўз боради. Сўнг ғайрул-мунсариф, марфуот, мансубот, мажрурот, тавобеълар, мабнийёт ҳамда исмлар ва унинг лавоҳиқлари, феъллар ҳамда  ҳарф ҳақида сўз боради. Қуйида бу боблар ҳақида қисқача танишиб ўтамиз.

 المقدّمة – Кириш – муаллиф китобнинг кириш қисмида калима ва унинг турлари, калом, исм, ҳосил ва маҳсул, исмнинг хусусиятлари, мўъраб, мўърабнинг ҳукми, эъроб, омил, тақдирий эъроб ва лафзий эъроб ҳақида сўз юритган.

  غير المنصرف – Ғайрул-мунсариф – бу бўлимда исмнинг сарфланмаслигига сабаб бўладиган тўққизта иллат ва унга мисоллар, ғайри мунсариф бўлган исмнинг мунсариф бўлиши жоиз бўлган ўринлар ҳақида сўз боради. Сўнг ўша тўққизта иллат бирма-бир мисоллар билан айтиб ўтилади. Улар: адл, васф, таънис, маърифа, ужмат, жам, таркиб, алиф ва нун, вазни феъллардир.

  المرفوعات- Марфуот – бу бўлимда фоил ва унинг мафъулдан олдин  ва кейин келиш ўринлари, феълнинг ҳазф бўлиш ўринлари, икки феълнинг бир исм устида тортишуви, ноиби фоил, мубтадо, хабар, мубтадонинг ҳазф бўлиши жоиз ҳамда лозим бўлган ўринлари ва хабарнинг ҳазф бўлиши, жоиз ҳамда лозим бўлган ўринлари,  “إنّ” ва унинг шерикларининг хабари, жинсни инкор қилувчи “لا”нинг хабари, “ليس”га ўхшаш  “ما ва لا”нинг исми ҳақида сўз боради.

المنصوبات – Мансубот – бу бўлимда, мафъули мутлақ, мафъул биҳи, мунодо ва мунодонинг тобеълари, музоф бўлган мунодо, тархим, мандуб, таҳзир, мафъул фиҳи, мафъул лаҳу, мафъул маъҳу, ҳол, тамйиз, мустасно, “كان” ва унинг шерикларининг хабари, “إنّ” ва унинг шерикларининг исми, жинсни инкор қилувчи “لا” билан мансуб бўлиш ўринлари,  “ما ва لا”нинг хабари ҳақида сўз боради.

المجرورات – Мажрурот – бу бўлимда музоф илайҳ, маънавий изофа, лафзий изофа, изофанинг турли таркибий кўринишлари, мавсуф ва сифатдаги изофа ҳақида, олтита исмнинг изофа бўлишининг ҳукми ҳақида сўз боради.

  التوابع – Тавобеълар – бу бўлимда наът, мавсуф ҳолатининг сифати ва мутаъллиқи, атф, тавкид, бадал, атфул баён ҳақида сўз боради.

المبنيات – Мабнийёт – бу бўлимда, замирлар ва уларнинг турлари, исми ишоралар, мавсула, “الذي” билан хабар қилиб келтириш, исми феъллар, товушлар, мураккаб исмлар, киноялар, сўроқ ва хабар  учун ишлатиладиган “كم”, исми истифҳом ва исми шартлар ҳамда зарфлар ҳақида сўз боради.  

 الأسماء ولواحقهاИсмлар ва уларнинг лавоҳиқлари – бу бўлимда, маърифа, алам, накра, адад исмлар, музаккар ва муаннас, мусанно, мажмуъ, масдар, исми фоил, исми мафъул ва сифати мушаббаҳа ҳамда исми тафзил ҳақида сўз боради.

 الأفعال – Феъллар – бу бўлимда, мозий, музореъ, “ان” носиба тақдир қилинадиган ўринлар, мажозий калима, амр, ноиби фоил, мутаъаддий  феъллар, афъоли қулуб, ноқис феъллар, муқораба феъллар ва таажжуб феъллар ҳамда мадҳ ва зам феъллар ҳақида сўз боради.

  الحروف- Ҳарфлар – бу бўлимда, жар ҳарфлари, феълга ўхшаш ҳарфлар, атф ҳарфлари, танбиҳ ҳарфлари, нидо ҳарфлари, ижоб ҳарфлари, зоида ҳарфлари, тафсирия ҳарфлар, масдар ҳарфлари, таҳзиз ҳарфлари, таваққуъ ҳарфлари, истифҳомнинг икки ҳарфи, шарт ҳарфлари, “ان ولو” феъл учун лозимлиги, радъ ҳарфи ва муаннаснинг “تاء”си, танвин ҳамда тавкиднинг нуни ҳақида сўз боради.

Абдураҳмон Жомий ҳазратлари нафақат назм бўстонида, балки диний илмлар пешвоси ҳамдирлар. Айниқса у зотнинг ўз ўғилларига қилган шафқатлари, меҳрибончиликлари мол дунё бериш билан эмас, садақаи жория бўлмиш китоб ёзиш ила бўлган. Фарзандлари тарбиясига қайғурган ота-оналар Жомий ҳазратларидан ўрнак олсалар арзийди. 

Абдураҳмон Жомий “Кофия” асарига ёзган “Фавоидуз-Зиёийя” шарҳи нафақат илгари, ҳаттоки ҳозирги кунимизда мадрасаларимизда талабаларга ўқитилиб, севимли дарсликлар қаторидан жой олган.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Фахриддин Муҳаммад Носир

 

 

 

 

 

 

[1]  رضي الدين محمد الأستربازي. شرح الرضي علي الكافية. مكتبة الشاملة. ج-1. ص-2-3.

 

Read 4991 times

Мақолалар

Top