Мақолалар

Пайғамбар алайҳиссалом зуҳдлари қандай бўлган?
  1. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонларнинг энг зоҳиди эдилар. У зотдаги фақирлик мажбурий эмас, балки ихтиёрий бўлганининг ўзи нақадар зоҳид бўлганларига далолат қилади. Чунки фатҳлар бўлаётган, мол-дунё оқиб келаётган пайтда ҳам мол-давлатдан тўлиқлигича юз ўгирдилар. Бўйра устида ухлаганларида муборак ёнбошларида унинг изи қолар эди. У зот (алайҳиссалом)га: “Остингизга юмшоқроқ нарса тўшаб қўйсангиз бўлмайдими?!” деб айтилганда, “Мен билан дунёнинг мисоли ёзнинг жазирама кунида сафарга чиққан йўловчи кабидир. Ўша мусофир дарахт остида мизғиб олади, сўнг дам олади, сўнг тарк этади”, деб жавоб берганлар.
  2. Аллоҳ таоло у зот алайҳиссаломга Маккадаги Батҳо тоғини тиллага айлантириб беришни таклиф қилганда, “Йўқ. Эй, Раббим, мен бир кунимни ташна ўтказсам, бошқасида оч қоламан. Агар оч қолсам, сенга ҳамд ва шукур айтаман. Агар чанқасам, сенга тазарру қилиб, дуо қиламан”, деб жавоб берганлар.
  3. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дунёдан оз нарсага ҳам қаноат қилар эдилар ва: “Аллоҳим, Муҳаммад оиласининг ризқини бир кунлик емак қил”, дердилар.
  4. Ойша (розияллоҳу анҳо) айтадилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳеч қачон нонуштадаги таомни кечки пайт, кечки пайтдаги таомни нонуштада кўтариб юрмаганлар (яъни, емаганлар). Шунингдек бир нарсани иккитадан қилиб олмаганлар, у икки кўйлак ё икки ридо ё икки изор ёхуд икки жуфтдан иборат оёқ кийим бўлсин”.
  5. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари учун ҳеч нарсани сақлаб қўймаганлар. Бирор нарса келганда, сақлаб қўйган бўлсалар, у оилалари учун эди. Уч кунлаб у зот ва аҳллари буғдой нонини еб, қоринлари тўймай юрарди. У зот шу ҳолда бу дунёни тарк этганлар” (Имом Аҳмад ва Муслим ривояти).
  6. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбар бўлганларидан то вафотларига қадар эланган ундан қилинган нон емаганлар.
  7. Бир икки ойлаб вақт ўтса ҳамки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг уйларида олов ёқилмасди, егуликлари фақат хурмо билан сув бўлган. Бир куни Фотима (розияллоҳу анҳу) бир бўлак нон олиб келдилар. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Бу бўлак нима?” деб сўрадилар. Фотима онамиз: “Нон пиширган эдим. Сизга буларни олиб келмагунча ейишга кўнглим бормади”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу уч кундан бери отангизнинг оғзига кирган илк таом бўлади”, дедилар.
  8. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этганларида бир яҳудий кишига совутларини гаровга қўйиб, оилаларига бериш учун ўттиз соъ арпа олган эдилар.
  9. Жобир (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам0 ва асҳоблари хандақ қазиётган пайтларида уч кун туз тотишмади. Бир пайт: “Ё Расулуллоҳ, мана бу ерда катта харсанг тош бор экан”, дейишди. У зот (алайҳиссалом): “Унга сув сепинглар”, дедилар. Бошқа бир ривоятда келишича, Жобир (розияллоҳу анҳу): “Бир пайт қарасам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қорниларига тош боғлаётган эканлар”, деганлар.
  10. Ойша (розияллоҳу анҳо) айтадилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳеч ҳам қоринлари бир кунда икки таомга тўймаган ҳолда бу дунёдан ўтганлар. Агар хурмога тўйсалар, арпага тўймасдилар. Арпага тўйсалар эса, хурмога тўймасдилар”.
  11. Утба ибн Ғазвон (розияллоҳу анҳу) айтдилар: “Ёдимда, мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга ҳамроҳ бўлган етти кишининг бири бўлгандим. Бизда фақатгина самур дарахтининг барги бор эди. (Уни егамиздан) оғизларимизга яра тошиб кетганди”.
  12. Ойша (розияллоҳу анҳо) айтадилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир кунда икки марта нон ва ёғга қоринлари тўймасдан вафот этдилар”.
  13. Анас (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Раббиларининг ҳузурига кетгунларича юмшоқ нонни ҳам самит қўй гўштини ҳам ўз кўзлари билан кўрганларини билмайман. (Изоҳ: Самит қўй гўши дегани – жуни иссиқ сув билан шилиб олиниб, териси билан қовурилган қўй гўштидир).

 

Ғиёсиддин БАРАТОВ

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом

билим юрти мударриси таржима қилди.

 

Read 4987 times

Мақолалар

Top