Мақолалар

Кўринмас душман: Мусулмон дангаса бўлмайди

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кучли мўмин, Аллоҳ таолога кучсиз мўминдан суюклироқдир”, дедилар мом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадисда дангаса, ғайратсиз, заиф мўминдан кўра, жисми бақувват, ҳаракатчан, ибодатда ғайратли мўмин Аллоҳ таолога бандалари ичида севимли эканлиги маълум бўлмоқда.

Уламолар ҳадис умумий маънода келганлиги боис ушбу ҳадисдаги кучли мўминдан мурод – дин ва дунё ишларида, деб ҳам шарҳлаганлар. Бироқ, агар инсон диний ва дунёвий манфаатларга бир вақтнинг ўзида рўбарў келса, албатта, диний манфаатни биринчи ўринга қўйиши керак. Чунки агар динда тўғри бўлса, дунёси ҳам тўғри бўлади. Агар дунё динни бузиш билан тўғриланса, шубҳасиз у дунё инсонни бузувчига айланади.

Шу билан бир қаторда, кучли мўминдан мурод – куч-қувватини бекорчи, ўзига ва динига фойда бермайдган ишлар билан машғул бўлмасдан балки, ўзига ва ўзгаларга манфаат берувчи ишлар билан машғул бўлишига ҳам ишорадир. Шундай экан кучли мўмин вақтини қадрлаб, ундан тўғри фойдаланишда ҳарис бўлади.

Саҳобалар розияллоҳу анҳум ҳаётига назар солар эканмиз баъзилари тинимсиз Қуръон ўқишлари, бошқалари эса туни билан ухламай ибодат қилиб чиқишлари ёки кўп рўза тутишларини билиб оламиз. Бу эса уларнинг кучли мўмин бўлишлари билан бир қаторда, вақтларини зое кетказишдан қўрққанларидан деб, билишимиз мумкин бўлади.

Мисол учун Абдуллоҳ бин Амр розияллоҳу анҳуга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам: “Ҳар бир ойда уч кун рўза тутиш билан кифоялангин”, дедилар. Абдуллоҳ: “Ё Аллоҳнинг Расули, мен қувватлироқман”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам унга Довуд алайҳиссаломнинг тутган (кунора) рўзаларига далолат қилиб, зиёда қилиб бердилар.

Қолаверса, ҳадисларда касб борасида гапирилар экан инсонни ғайратга даъват қилиб, гарчанд тоғлардан ўтин олиб келиб, уни сотиб кун кечириш, бирор-бир кишидан ҳожатманд бўлиб, сўраб олгандан яхшилиги тўғрисида ишоралар бор. Бу эса мусулмон кишига доимо ҳаётда фаол ва ҳаракатчан бўлиши лозимлигига ишорадир.

Ҳадиси қудусийда бундай дейилади: “Бандам унга яхши кўрганим фарз қилган ишларимни қилиш билан менга яқинлашади. Сўнг бандам нафл амалларни қилиш билан яқинлашишда давом этади. Ҳатто мен уни яхши кўраман. Агар мен уни яхши кўрсам, унинг эшитадиган қулоғига, кўрадиган кўзига ва ушлайдиган қўлига айланаман. Агар бандам мендан сўраса, албатта, унга сўраган нарсасини бераман, агар паноҳ сўраса, уни паноҳимда асрайман” мом Бухорий ривояти).

Демак, ушбу ҳадиси қудусийда ҳам барча фарз ва нафл бўлган ибодатларни бажаришда фаол бўлган бандани Аллоҳ севиши ҳамда у билан доимо бирга бўлиши маълум бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг розилиги, дин хизмати ва мўмин-мусулмонлар манфаати йўлида серғайрат бўлувчи севимли бандаларидан қилсин.

 

Яҳё АБДУРАҲМАНОВ Убайдуллоҳ ўғли,

“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби.

 

 

Read 3086 times

Мақолалар

Top