Мақолалар

Саломлашиш – Исломдаги гўзал хулқлардан

Ислом дини таълимотлари инсонларни одоб-ахлоқли, тартиб-интизомли бўлишга чорлайди. Саломлашиш икки кишининг бир-бирига "Ассалому алайкум (Сизга тинчлик ва саломатлик булсин)", деб яхши тилак билдиришидир. Маданиятли халқларнинг инсоний алоқа бобида ўзига яраша баьзи одоб ва одатлари бор, улар доим шу нарсага амал киладилар. Исломдаги ана шундай одат ва одоблар қаторига саломлашиш киради. Кишилар ўртасида бир-бирларига салом бериш, ҳол-аҳвол сўраш каби одоблар ҳам мана шундай  гўзал хулқлар доирасига киради. Бу ҳақда Қуръони каримда қуйидагича мархамат қилинади:

"...Бас, қачон, уйларга кирсангиз, бир-бирларингга Аллоҳ хузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтинг (яъни "Ассалому алайкум" денг!)..."(Нур, 61).

Мана бу оятдан кўриниб турибдики, салом бериш яхши амал бўлиши билан бирга сизу биз учун фойдали ҳамдир.

"Салом" сўзининг маъноларидан бири "тинчлик" бўлиб, салом берган киши иккинчи томонга тинчлик, хотиржамлик, осойишталик, фаровонлик тилаган бўлади.

Калада ибн Ҳанбал ривоят қилади:

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, изн сўрамасдан ва салом бермасдан кирдим. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоху алайҳи ва саллам): "Ортингга қайтиб: "Ассалому алайкум, кирсам мумкинми?" деб сўрагин", дедилар (Имом Абу Довуд, Термизий ва Табароний ривояти).

Мана бу ҳадиси шарифдан саломнинг ўрни нақадар юксаклиги кўриниб турибди.

Ижтимоий ҳаётда инсонлар бир-бири билан муомалада бўлиши муқаррар. Шу муносабат дўстона тус олиши, ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва муҳаббатлашиш бўлиши учун таниш ва нотаниш инсонлар ўрталарида салом-аликни ошкора ёйишлари керак. Саломлашишда ҳикматлар жуда кўп. Масалан, Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар:

"Жоним Унинг измида бўлган Зотга қасам, имон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсизлар,(Аллоҳ йўлида) бир-бирингизни яхши кўрмагунингизча (комил) мўмин бўлмайсизлар. Сизларни бир нарсага йўллайми, агар уни қилсангиз, бир-бирингизга меҳр-муҳаббат уйғонади: ўрталарингда саломни ошкора қилинг!" (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти. Суютий "Жомеул кабир"да ривоят цилган.)

Ҳар бир нарсанинг одоби бўлгани каби, албатта, салом беришнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Қуръони каримда:

"Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинг ёки ўша (ибора)ни қайтаринг" деб буюрилади (Нисо, 86).

Салом берувчи "Ассалому алайкум" деса, "Ва алайкумус-салом ва раҳматуллоҳ" деб, алик олинади. Пиёдага уловдаги, кўпчиликка озчилик, ўтирган ёки турганга юрган одам салом беради. Лекин кичикдан олдин катта ёшдаги одам камтарлик учун салом берса бу фазилатдир.

Баъзилар таниган одамларига салом берадилар, уларнинг саломига алик оладилар, аммо нотаниш одамга на салом берадилар ва на алик оладилар. Баъзилар эса йиғилиб турган жамоат олдидан ҳам саломсиз ўтадилар. Бундай кишиларни ё мунофик, ё адоватли, ё бутунлай Ислом тарбиясидан узоқ кишилар деб айтишимиз мумкин. Чунки салом бериш яхши тилак билдириш, хайрли дуо этиш ва дўстлигини изҳор қилишдан иборатдир. Ҳатто Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) танишга ҳам, нотанишга ҳам салом беришни Исломнинг энг яхши амали, деб таърифладилар. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллохдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир киши: "Эй Аллоҳнинг Расули, Исломнинг қайси амали яхширок?" деб сўради.

Расулуллох (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "(Муҳтожларга) таом беришинг, танишга хам, нотанишга хам салом беришинг", деб жавоб бердилар (Имом Бухорий).

Ҳар бир ота-она фарзандига тарбия-одоб берар экан, энг аввало саломлашишни ўргатади. Жаҳонда одобнинг бу жиҳатига эътибор бермайдиган бирор миллат ёки халк йўқ. Бежизга доно халқимиз «Гапнинг боши - калом, одоб боши -салом», демаган.

Бирор нотаниш киши билан кўришиб-танишмоқчи бўлсангиз, салом беришингиз билан гап-гапга қовушади, ўртадаги бегонасираш, ноқулайлик барҳам топади. Ҳатто мухолифингизнинг ҳузурига «Ассалому алайкум», (Сизга тинчлик-омонлик бўлсин) деб кирсангиз, у жаҳлидан тушади, кеки йўқолади, кўнгли сизга мойиллашади. Саломлашишнинг савоби, бунга бериладиган ажр-мукофотлар-ку, ҳаммасини босиб кетади.

Салом бериш ва алик олиш хусуида ахлоқ-одобимизнинг қуйидаги кўрсатмалари бор: “Бир бирларингиз билан саломлашиб юринглар, шунда ўрталарингизда меҳр-мухаббат уйғонади.”

“Одамларнинг бир бирларида 6 та хақлари бор: Салом бериш, чақирса, бориш; маслахат сўраса, жавоб қайтариш; аксирса, соғлиқ ва шифо тилаш; бемор бўлса, бориб кўриш; вафот этса, жанозасида қатнашиш”.

Саломлашиш маъно жиҳатидан ҳам, моҳият жиҳатидан ҳам инсонлар ўртасидаги иттифоқ, ўзаро ҳурмату муҳаббатнинг зиёда бўлишига, жамият мустаҳкамланишига сабаб бўлар экан, мусулмонлар бир-бирларини кўрганда "'Ассалому алайкум" деб саломлашиш Аллоҳ тарафидан ҳам, Унинг Расули тарафидан ҳам буюрилган экан, бу сўз ҳамиша ҳар биримизнинг тилимизда жорий бўлишини Аллоҳ таоло насиб этсин!

 

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ

Янгийўл тумани “Жоме”

жоме масжиди имом-хатиби.

Read 5448 times

Мақолалар

Top