Мақолалар

Чақимчилик

 

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу(р.а)дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Чақимчи жаннатга кирмайди”. (имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Орангиздаги энг ёмон киши кимлигини биласизларми? Cаҳобалар Аллоҳ ва унинг Росули билгувчироқ деб жавоб беришди. Ул зот: Сизларнинг энг ёмонингиз иккиюзламачи кишидир. У бир жамоага бир юз билан ва бошқасига бошқа бир юз билан боради”. Муҳаддис олимлар хадисда иккиюзламачи дейилган кишини қуйидагича таърифлашади:

Масалан иккиюзламачи одам Умарнинг олдига бориб Усмоннинг номидан уни ёмонлайди, Усмоннинг олдига бориб Умарнинг номидан уни ёмонлайди. Бу мақолани ўқиётган ўқувчи аввало ўзининг кимлигига ва атрофидаги дўстларини қанақалигига бир аҳамият берсин!

Чақимчилик – бир инсоннинг гапини бошқа бир инсонга уларнинг ўртасида адоват ва ғазаб келтириб чиқариш учун  айтиш. Чақимчилик бу муқаддас Ислом дийнимизда катта гуноҳлардан бири ҳисобланади. Чунки чақимчилик мусулмонлар орасига, жамиятга ва қариндош уруғчилик ришталарига раҳна солувчи иллатлардан биридир. Муқаддас китобимиз Қуръони Каримда ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадиси Шарифларида ҳам чақимчилик катта гуноҳлардан бири экани зикр қилинади.

Яна бир хадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Мендан эмас хасадгўй, чақимчи, коҳин. Ва мен ҳам улардан эмасман” деганлар (имом Табароний ривояти). Хадиси шарифнинг маъносига эътибор берсак юқоридаги уч тоифадан Аллоҳ Таолонинг энг суюкли Пайғамбари юз ўгирмоқда, қиёмат куни мусулмонларни шафоат қилувчи зот улардан қаттиқ ғазабланмоқда. Бу уч гуноҳкор тоифа Аллоҳнинг мағфиратидан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатидан маҳрум бўлмоқда. Сиз мусулмон бўла туриб Аллоҳнинг ва Росулуллоҳнинг ғазабига дучор бўлишни хохлайсизми?!

Марҳамат Аллоҳ Таоло сизга ихтиёр бериб қўйган хасад қилишда, чақимчиликда ва коҳин(фолбин)лик қилишда давом этинг. Йўқ мен Аллоҳнинг мағфиратига муҳтожман, қиёмат кунида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатига эга бўлмоқчиман деса, ҳозироқ хасад, чақимчилик, коҳин(фолбин)лик қилиб дийнга ва жамиятга зарар беришни тўхтатсин. Аллоҳ Таоло барчамизни бу ёмон иллатлардан узоқ қилсин.

Ҳабибуллоҳ Абдураззоқов,
"Ҳазрати Имом" жоме масжиди имом ноиби

 

Read 6140 times

Мақолалар

Top