Мақолалар

Гурлан тумани масжидлари

Бугунги кунда мамлакатимизнинг турли соҳаларда эришаётган улкан ютуқлари нафақат қўшни мамлакатлар, балки халқаро миқёсда ҳам ҳақли равишда эътироф этилаётир. Бундай тараққиёт ва ривожланиш замирида шубҳасиз, Ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, миллатлар ва динлараро бағрикенгликнинг мужассамлиги ётибди. Бу борадаги ишлар самарадорлиги эса ҳар томонлама диний соҳа ходимларининг фаоллиги билан ҳам чамбарчас боғлиқдир. Зеро, Ўзбекистон азалдан ислом маданияти ва цивилизациясига улкан ҳисса қўшган диёр ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хоразм вилояти вакиллиги томонидан вилоятдаги шаҳар ва туман бош имомлари иштирокида ҳар ойда масжидлар фаолиятини ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш, ҳудуддаги масжидлар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида туманларга сафарлар уюштириш белгилаб олинган эди. Мазкур режага мувофиқ ушбу тадбирнинг иккинчи сафари шу йилнинг 17 декабрь куни Гурлан туманида бўлиб ўтди. Шу муносабат билан тумандаги “Усмон Саид бобо”, “Ҳидоят”, “Шайх Жалолиддин Гургоний бобо”, “Шайх Жамол бобо”, “Нур Саид Эшон бобо” ва “Қора Алам бобо” масжидларининг фаолияти, жумладан, биноси, таҳоратхона ва ёрдамчи бинолари, санитария-гигиена, ёнғин хавфсизлиги, қурилиш меъёрларига жавоб бериши, масжидларнинг ҳужжат юритиш ҳолати, имом-хатибларнинг меҳнат фаолияти ва самарадорлиги яқиндан ўрганилди.

Тумандаги “Ҳидоят” масжиди чегара ҳудудда, марказдан олисда жойлашганига қарамасдан қишлоқ аҳлининг бирдамлиги, масжид ободончилигига эътибор қаратигани, масжид биносининг том қисми ва таҳоратхона жорий таъмирдан чиқарилгани билан таҳсинга лойиқ, бўлди. Масжидга туман бош имомлари томонидан ҳам моддий ёрдам амалга оширилди.

Тадбир сўнгида Гурлан тумани бош имом-хатиби М. Қурбанбаев ушбу ташкил қилинган тадбир туманлар ўртасида маҳорат ва тажриба алмашиш учун муҳим эканлигини таъкидлади.  Барча қатнашчиларга ўз миннатдорчилигини билдирар экан, берилган тавсия ва билдирган фикр-мулоҳазаларни эътиборга олиб,  янада жадал ҳаракат қилишини билдирди.

  

Музаффар Жабборов,

ЎМИ Масжидлар бўлими ходими

Read 7968 times

Мақолалар

Top