Мақолалар

Эркаклар аёлларни эъзозлаши керак...
Жамият кун сайин ривожланиб борар экан, оила, никоҳ масалаларининг аҳамияти ва долзарблиги шунга мос тарзда ортиб бораверади. Оилага бўлган эътибор ҳам кундан-кунга кучлироқ бўлаверади. Зеро оила жамиятнинг бир бўғини экан, у қанчалик аҳил, иноқ ва мустаҳкам бўлса, жамият ва мамлакат ҳам шунчалик куч-қудратга эга бўлади.
 
Динимиз оила қуришга, уни асраб-авайлашга, фарзандларни дин-диёнатли, иймон-эътиқодли этиб тарбиялашга тарғиб қилади. Исломда никоҳ – бу Аллоҳнинг амри, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати билан, мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлигида боғланадиган муқаддас алоқа воситасидир.
 
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Рум” сураси 21-оятида марҳамат қилади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”.
 
Жамият учун оиланинг мустаҳкамлиги муҳим саналади, чунки айнан мана шу оилада жамият аъзоси сифатида фарзанд вояга етади. Икки ёшнинг турмуш қуриб, умр йўлларини боғлаши бу оиланинг асоси ҳисобланади. Уларнинг бир-бирини тушуниб, ўзаро ҳамжиҳат бўлиб ҳаёт кечириши, келажак авлодларни дунёга келтириб, жамиятга, инсонларга наф келтирадиган шахс қилиб тарбия қилишлари оилада соғлом муҳит юзага келишида катта аҳамият касб этади. Зеро соғлом муҳитда вояга етган фарзанд эл-юрти манфаати ва ривожи, унинг тинчлиги ва фаровонлиги учун масъулиятли, ҳар томонлама етук ва комил инсон сифатида улғайиб, ўз Ватанининг шаънини, обрўсини ҳар доим ҳимоя қилади. Зеро, ўзбек адабиётининг ёрқин намояндаларидан бири Абдирауф Фитрат: “Ҳар бир миллатнинг саодати ва иззати, албатта, шу халқнинг ички интизоми ва тотувлигига боғлиқ. Тинчлик ва тотувлик эса шу миллатнинг интизомига таянади. Қаерда оила муносабати кучли интизом ва тарбияга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва тартибли бўлади”, – деган эди.
 
Ҳозир дунёда глобаллашув жараёни юз бераётган бир даврда оилаларда ажримлар сони ҳам ортиб бораётгани ҳаммага маълум. Шу мақсадда, бундай мураккаб салбий жараёнларнинг олдини олиш, оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш, айниқса ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор вазифалари даражасига кўтарилди.
 
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларининг бирида: “Мўминларнинг иймон жихатидан комилроғи хулқи яхши бўлганидир. Сизларнинг яхшиларингиз – аёллар билан яхши бўлганингиздир”, – дея марҳамат қилади. Пайғамбаримиз биз эркакларга нозик ҳилқат соҳиби бўлмиш аёлларимизга яхши, хушмуомалили бўлишимизга буюрмоқда.
 
Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси билан эркаклар кучли ва бақувват, аёл зоти эса, нозик ва латофатли қилиб яратилган. Баъзи эркаклар аёлларнинг шундай нозик ҳилқат соҳиби эканлигни унутиб қўядилар ва натижада оилада арзимаган нарса устида уруш-жанжаллар келиб чиқади. Бинобарин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз – эркакларни аёллар билан муомала қилишда муҳим бир жиҳатга аҳамият беришга чақиради:
 
Аллоҳ таоло ҳамма нарсани ҳикмат билан яратган. Агар аёллар ҳам эркаклар сингари қўпол, кучли қилиб яратилганда, улар фарзандларга оналик қилишни ўз зиммасига олмаган бўлар эди. Ана шундан келиб чиқиб, оилавий ажримларнинг олдини олишда, биринчи навбатда, оиланинг ҳамда турмуш қураётган аёл унинг давомчиси бўлмиш фарзандларининг онаси эканлигини ҳар бир эркак англаб етмоғи лозим.
 
Чунки, ажралишлар фақатгина битта оиланинг муаммоси эмас, балки бутун жамиятнинг муаммоси ҳамдир. Мазғабимизнинг мўътабар манбаларидан “Дуррул мухтор” китобининг “Никоҳ фасли”да ёзилишича: “Одамзодга никоҳ ва иймондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-биридан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”.
 
Шундай экан, эр-хотин бир-бирига хушмуомалали бўлиб, яхши хулқимизни намойиш этиб, арзимаган гина-кудратларга аҳамият бермасдан, эртага жаннатда ҳам бирга бўладиган умр йўлдошимизга ширин сўзимизни, яхши муомаламизни аямайлик. Ҳозир юртимизда карантин сабаб кўпчилигимиз уйдамиз. Келинг, умр йўлдошимиз билан биргаликда ушбу вақтларни ғанимат билиб, фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига, ҳаётдаги қизиқишларига ҳам эътибор берайлик. Чунки инсон ўз фарзандига тарбиядан кўра яхшироқ нарса бера олмайди. Бу борада Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларининг бирида: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдорда қилган нафл садақасидан яхшироқдир”, – деганлар.
 
Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш билан биргаликда юксак маънавиятли баркамол авлод тарбиясига алоҳида аҳамият берилаётган бир даврда оилаларимизни янада мустаҳкамлашга, фарзандларимизни ҳам “Оила муқаддасдир” деган тучунча билан тарбиялашга эътибор қаратайлик.
 
Инсон ўзлигини анлаганидан, ўзини таниганидан бошлаб, ўзича “бахт”ни излаб яшайди. Ҳақийқий бахт эса оилада, оила бағрида. Юртбошимиз таъкидлаганидек: “Энг катта бахт, мен буни минг марта қайтаришдан чарчамайман, оиламиз тинч бўлсин! Оила кичик ватан, оила тинч бўлса, бахтли бўлса, ватан тинч бўлади. Ўша бахтли кунларни, ватанимизнинг, ёшларимизнинг камолини ҳозир ният қилаётганимиз каби кўриш ҳаммамизга насиб этсин!”
 
Шамсуддин БАҲОУДДИНОВ,
Қорақалпоғистон мусулмонлари
қозиёти қозиси
 
ЎзА
Read 2432 times

Мақолалар

Top