Мақолалар

Қилинган эҳсон – жаннат сари босилган қадам

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “…ўзингиз учун қилган яхшиликларни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз” (Бақара сураси, 110-оят).

Бошқа бир оятда эса: “Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли, худди бир дона донга ўхшайди. Ундан етти бошоқ ўсиб чиқади, ҳар бошоқда юзтадан дон бор. Ва Аллоҳ кимга хоҳласа, яна кўпайтириб берадир. Ва Аллоҳ қамраб олувчи ва билувчи зотдир”, (Бақара сураси, 261-оят) деб марҳамат қилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг энг сахийлик вақтлари Рамазон ойида Жаброийл алайҳиссалом билан учрашган вақтда бўларди. Албатта, Расулуллоҳ яхшиликда эркин эсган шамолдан ҳам сахийроқ эдилар”.

Рўза инсонни қорни оч инсонни таомлантириш, мискинга эҳсон ва фақирга туҳфа беришга чорлайди. Рамазон ойи садақа берувчилар ва эҳсон қилувчилар учун энг қулай фурсатдир. Шоир бундай дейди:

Аллоҳ сенга берганидан эҳсон қил сен ҳам,

Пул қўлнинг киридир, умр эса ўтгувчи.

Молинг сув кабидир, тутилса айнир у ҳам,

Агар юрса ширин булоқ каби оқгувчи.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таолонинг икки фариштаси бор, ҳар тонг нидо қилишади. Уларнинг бири: “Аллоҳим, инфоқ қилувчига (инфоқи ўрнига) тўлдириш бер!” дейди. Бошқаси эса: “Аллоҳим, зиқнага талофат бер!” дейди”, дедилар.

Банда ҳар сафар эҳсон қилганда Аллоҳ таоло унинг жисмида тўкислик, қалбида роҳат ва ризқида кенглик бериб қўяди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Садақа сув оловни ўчиргани каби хатони ўчиради”.

Гуноҳ, маъсиятларда қалб ва нафсни куйдирувчи олов бўлади. Бу оловни фақатгина садақа ўчира олади. Садақа қалбга салқинлик ва руҳга яхшилик бўлиб, хатоларни ювиб кетади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ҳар бир киши инсонлар ўртасида ҳукм чиққунча қилган садақасининг соясида туради”.

Нақадар ажойиб! Садақанинг ўз соялари бўлиб Қиёмат кунида бандалар унинг остида бўладилар, ҳар бир инсон дунёдаги садақасининг натижаси миқдорича сояда бўлади.

Ҳазрат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бой инсон бўлиб, мол-мулкларини Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлар, Табукка кетаётган қўшинни жиҳозлаган, қудуқ сотиб олиб садақа қилиб юборган эдилар.

Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳам жуда бой эдилар, етти юзта туяни устидаги юклари билан Мадинанинг фақирларига Аллоҳ розилиги учун садақа қилиб юбордилар.

Инсонлар орасида рўзадор бўлиб, бир бурда нон, бир ҳўплам сув ёки бирор ҳовуч хурмо топа олмайдиганлари бор. Улар орасида ёрдам берадиган бирор яқини, уйи йўқлари мавжуд. На саҳарлиги ва на ифторлигига емак топа оладиган даражадаги фақирлар бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким бир рўзадорни ифтор қилдирса унга рўзадорнинг ажридан ҳеч нарса камаймаган ҳолдаги мислича ажр бўлади”.

Рамазонда солиҳ инсонларнинг карами зиёда бўлади ва улар инфоқ-эҳсонни кўпайтиришади. Яхшиларнинг кўпчилиги Аллоҳдан савоб умидида бир жамоа фақир ва мискинларга ифторлик қилиб беришни ўз зиммаларига олишади. Қадимда улуғ зотларнинг масжидлари фақир ва мискинларга тайёрлаб қўйилган ифторлик таомларига тўлиб кетар, бирор оч ёки муҳтож киши топилмас эди.

Эҳсонларнинг ажойиб хислатидан бири шуки, инсон ўзининг еб-ичиши ва кийинишига сарф этган барча нарсаси йўқ бўлиб кетади, аммо Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлаган нарсалари боқий қолади. Аллоҳ таоло айтади: “Агар Аллоҳга яхши қарз берсангиз, У сизга кўпайтириб берур ва сизни кечирур. Аллоҳ шакур ва ҳалимдир” (Тағобун сураси, 17-оят).

Эй рўзадор, қилаётган эҳсонингиз билан ўзингиз муҳтож ва фақир бўладиган Қиёмат куни учун Роббингизга қарз бермоқдасиз.

Эй, биродарим, сизнинг бир ҳўплам сувингиз, бир ҳовуч хурмоингиз, қўйингки, Аллоҳ йўлида муҳтожларга берган озгина молингиз жаннат сари йўлингиздир. Аллоҳга қасамки, садақа каби молни сақлайдиган ва закот каби молни поклайдиган нарса йўқ. Қанчадан-қанча бойлар дунёдан ўтишди, улардан сон-саноқсиз мол-дунё, хазиналар, қасрлар ва уйлар қолди. Буларнинг барчаси эгалари учун ҳасрат, надомат ва афсус бўлди, чунки улар мол-дунёларини ўз ўрнига сарф қилмаган эдилар. Аллоҳ насиб қилса эртанги кунда сизга бу эҳсонларингиз фойда бўлади!

 

Доктор Оиз Ал-Қарнийнинг

“Рўзадорлар учун 40 дарс” китобидан

Саидхон қори МАХСУМ

таржимаси

 

Read 2781 times
Tagged under

Мақолалар

Top