Мақолалар

Пайғамбарлар (алайҳиссалом) мўжизалари
  1. Аллоҳ таоло Солиҳ (алайҳиссалом)га мўъжизали туя ато этган.

«Самуд қавмига биродарлари Солиҳни (пайғамбар этиб) юбордик. (У) деди: Эй қавмим! Аллоҳга сиғининг! Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Раббингиздан сизларга ҳужжат келди. Ушбу – Аллоҳнинг мўъжиза тарзидаги туяси. Уни (ўз ҳолига) қўйингиз – Аллоҳнинг ерида ўтласин! Унга ёмонлик (нияти) билан тега кўрмангиз! Акс ҳолда, сизларни аламли азоб тутгай» (Аъроф, 73).

«Эй қавмим! Мана бу – Аллоҳнинг мўъжизали туяси. Бас, уни Аллоҳнинг ерида ўтлаб юришига қўйиб берингиз ва унга бирор ёмонлик етказмангиз. Акс ҳолда сизларни яқин (фурсатда) азоб тутар» (Ҳуд,64).

  1. Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ берган мўъжизали асо билан Фиръавннинг сеҳргарларини мағлуб этганлар.

«Қўлингдаги нарсани (асойингни) ташлагин – улар ясаган нарсаларни ютиб юборсин! Уларнинг ясагани фақат бир сеҳргарнинг макридир. Сеҳргар эса, қаерда бўлмасин зафар топмагай» (Тоҳо,69).

«Асойингни (ерга) ташла!» Бас, қачонки, (Мусо) уни илондек қимирлаётганини кўргач, ортига қарамай қочди. (Унга дейилди:) «Эй Мусо, қайт ва қўрқма! Зеро, сен (хавфу-хатардан) омонликдаги кишилардандирсан» (Қасас, 31).

Мусо (алайҳиссалом) асоларини денгизга уриш билан денгиздан йўл очиб, Фиръавн таъқибидан қавмларини озод қилганлар.

«Бас, Биз Мусога: «Асойинг билан денгизни ургин!» – деб ваҳий юбордик. Бас, (денгиз) бўлиниб, ҳар бир бўлак (сув баландга кўтарилиб) улкан тоғ каби бўлди» (Шуаро, 63).

«Биз Мусога: «Сен бандаларимни (Исроил авлодини Мисрдан) тунда олиб кет ва (ортингдан) етиб келишдан хавф қилмаган ва (ғарқ бўлишдан ҳам) қўрқмаган ҳолингда денгиздан уларга қуруқ йўл оч! – деб ваҳий юбордик» (Тоҳо, 77).

  1. Аллоҳ таоло Исо (алайҳиссалом)га берган мўъжизалари қуйидаги оятда баён қилинади:

«Шунингдек, уни Исроил авлодига пайғамбар (қилиб юборади ва у айтади): «Мен сизларга Раббингиз ҳузуридан (пайғамбарлигимга далолат қилувчи) мўъжиза билан келдим; мен сизларга лойдан қуш шаклини ясаб, унга дам урсам, у Аллоҳнинг изни билан (чинакам) қуш бўлади. Кўр ва песни тузатаман. Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтираман ҳамда сизларнинг еяётган ва захирада сақлаётган нарсаларингизни айтиб бераман. Агар мўмин бўлсангиз, албатта, бу ишларда сизлар учун аломат бордир» (Оли Имрон, 49).

«Эсланг, Аллоҳ: «Эй Исо ибн Марям! Сенга ва онангга берган неъматимни ёдингга ол, қайсики, Сени Руҳул-Қудус (Жаброил) билан қувватладим, одамларга бешикда ва вояга етганингда гапирдинг. Сенга ёзувни, ҳикматни, Таврот ва Инжилни таълим бердим. Менинг изним билан лойдан қуш шаклини ясадинг. Сўнгра унга дам урганингда, у Менинг изним билан (чинакам тирик) қушга айланди. Менинг изним билан кўр ва песни тузатдинг. Менинг изним билан ўликларни (қабрларидан тирик ҳолда) чиқардинг. Шунингдек, Исроил авлодига ҳужжатларни келтирганингда, сени улар (ғазаби)дан асраганимни эсла. Уларнинг кофирлари: «Бу аниқ сеҳрдан бошқа нарса эмас», – деган эдилар» (Моида, 110).

  1. Юсуф (алайҳиссалом) кўзлари ожиз бўлиб қолган оталари Яқуб (алайҳиссалом)нинг юзларига кўйлакларини ташлаганларида оталарининг кўзи яна аввалгидек кўра бошлаган.

«Бас, хушхабарчи келиб, уни (кўйлакни Яъқубнинг) юзига ташлагач, у кўрадиган бўлиб қолди. “Сизларга мен Аллоҳнинг (меҳрибонлиги ҳақида) сизлар билмайдиган нарсаларни билурман, демаганмидим”, деди у» (Юсуф, 96).

 

  1. Шоҳ Намруд Иброҳим (алайҳиссалом)ни оловга ташлашга буйруқ берганда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: «Биз айтдик: “Эй олов! Иброҳимга салқин ва омонлик бўл!”» (Анбиё, 69).
  2. Сулаймон (алайҳиссалом) мўъжизалари:

«Сулаймонга эса бўронли шамолни (бўйин сундириб), унинг амри билан Биз муборак қилган замин (Шом) сари эсадиган (қилиб қўйдик). Биз барча нарсани билувчидирмиз» (Анбиё, 81).

Сулаймон (алайҳиссалом)га шамолдан ташқари жинлар ҳам бўйсундириб қўйилган эди. Жинлар ул зотнинг амрига муте эди. 

«Сулаймон (хизмати) учун жин, инс ва қушлардан иборат лашкарлари тўпланиб, тизилган ҳолларида турдилар» (Намл, 17).

  1. Аллоҳ таоло Сулаймон ва Довуд (алайҳиссалом)ларга ҳайвонлар тилини тушуниш қобилиятини берган.

«Сулаймон (пайғамбарлик ва подшоҳликда) Довудга ворис бўлди ва айтди: “Эй одамлар! Бизга қушлар тили ва бошқа нарсалар билдирилди. Албатта, бу аниқ фазлнинг ўзидир”» (Намл, 17).

«Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик. Биз ҳар иккисига ҳикмат (пайғамбарлик) ва илм ато этдик. Тоғлар ва қушларни Довуд билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйин сундириб қўйдик. Биз шундай қила олувчидирмиз» (Анбиё, 79).

 

Севикли Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг баъзи мўъжизалари:

Макка аҳли Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан ҳақиқий Пайғамбар эканликларига далил сифатида мўъжиза кўрсатишни сўрадилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуо қилганларида Аллоҳ таолонинг марҳамати билан ой иккига бўлинди. Икки бўлакнинг орасида Ҳиро ғори кўриниб турарди (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга эдик, ичишга сувимиз қолмади. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бор сувни йиғиб келишга буюрди. Сувларни йиғиб келганимизда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) идишга қуйиб, қўлларини тиққанларида, бармоқлари орасидан сув чиқа бошлади”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) касал, майиб ва мажруҳларни ҳам даволаган. Бу ҳам узот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзларига хос мўъжизаларидир.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Read 11472 times

Мақолалар

Top