Мақолалар

Рўзанинг 9 фазилати (Танловга)

Бандаларининг икки дунё саодатини кўзлаб, рўзани Исломнинг фарз ибодатлари қаторига қўшган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Умматларига рўза тутмоқни барча сир-асрорлари ила ўргатган ҳабиб Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга абадул абад салавоту саломлар бўлсин!

Рўза араб тилида «сиём» деб аталиб, луғатда бир нарсадан ўзини тиймоқликни билдиради. Истилоҳда эса, «тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзни тиймоқликдир».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен - Ўзим бераман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлгай ва қачон Роббисига мулоқот бўлганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай», дедилар» (Бешовлари ривоят қилганлар).

Рўзанинг фазилатлари ҳақида гапирадиган бўлсак, Аллоҳ таоло бу ибодатни серфазилат қилиб қўйган. Мазкур фазилатларни санаб адоғига етиш қийин.

  1. Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади. Алллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек рўза фарз қилинди, шоядки тақво қилсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

 

  1. Рўзанинг фойдаларидан навбатдагиси ҳавойи нафсни синдиришдир.

Маълумки, ҳавойи нафснинг айтганини қилавериш инсонни унга қул қилиб қўяди. Натижада, инсон ҳавойи нафси нима деса, шуни қиладиган бўлади. Ҳавойи нафс инсонни ҳеч қачон яхши нарсага буюрмайди. Рўза тутган киши эса, иштаҳаси келиб турган ҳолда турли таом, ичимликлар, шаҳвоний ва бошқа нафси тилаб турган нарсалардан ўзини тийиши билан ҳавойи нафсининг хоҳишини синдиради. Шу билан рўзадорнинг иродаси кучайиб, ҳавойи нафсини жиловлаб олишга эришади.

 

  1. Рўзанинг фойдаларидан яна бири шайтонга қаҳр кўрсатишидир.

Лаънати шайтон инсон боласини яхшиликдан қайтариб, ёмонликка бошлаб туради. Инсон ёмонликка юрса, шайтон алайҳилаъна хурсанд бўлади. Яхшиликка юриб, Аллоҳнинг амрини бажо келтирса, у лаъин хафа бўлади. Рўзадор ёмонликлардан қайтиши ва Аллоҳга тақво қилиши билан шайтонга қаҳр кўрсатган бўлади.

 

  1. Рўзанинг фойдаларидан яна бири рўзадорнинг қалби мусаффо бўлиши.

Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ўзи ёлғиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат этмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш эса, киши қалбини мусаффо қилади. Унинг қалбига Аллоҳ муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. Рўзадор киши ўз-ўзидан ёмонлик қила олмай қолиши ҳам шундан.

 

  1. Рўза тутган кишининг тутган рўзаси сабабидан гуноҳлари мағфират қилинади.

 

  1. Рўза тутган киши ўз рўзаси туфайли фаришталар сифати ила сифатланади.

Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмай, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатдир. Рўза тутган инсон ўзининг рўзадорлиги ила айнан ўша сифатларга соҳиб бўлади.

 

  1. Рўзанинг фойдаларидан яна бири рўзадорнинг сабр-бардошли киши сифатига эга бўлишидир.

Бу эса ҳар бир инсон учун жуда ҳам зарур сифатдир. Ўз ихтиёри ила ўттиз кун ўзини турли шаҳватлардан тийган киши эса, керагича сабр-бардошга эга бўлади.

 

  1. Рўза рўзадорда раҳм-шафқат сифатини шакллантиради.

Рўза тутган киши ўз ихтиёри ила оч қолиб, чанқаб, турли кўнгил хоҳлайдиган нарсалардан вақтинча маҳрум бўлиш билан ўз ихтиёридан ташқари оч қолиб, чанқаб, дунё лаззатларидан бебаҳра бўлиб юрган бева-бечора, камбағалларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлиб қолади. Доимо уларга яхшилик қилиб туриш кераклигини тушуниб етади.

Демак, ким ўзида раҳм-шафқат сифатини шакллантириш ва мустаҳкамлашни истаса, рўза тутсин. Юқорида зикр қилинган фойдалар рўзанинг бу дунёдаги баъзи фазилатлари, холос.

  1. Рўзанинг ҳикматларидан яна бири у туфайли рўзадор соғлиғини тиклаб олади. Рўза нафақат соғлиқни сақлаш учун, балки беморликларни даволаш учун ҳам ўта зарурлиги энди ошкора айтилмоқда. Ҳозирги кунда кенг тарқалган беморликларнинг аксариятини мусулмон бўлмаган юртлар табиблари очлик, яъни, рўза тутиш йўли билан даволамоқдалар.

Рўза турли касалликлардан халос этиш билан бирга, киши баданида тўпланиб қолган турли кераксиз моддалар, ёғлар, тузлар ва бошқа нарсаларни ҳам кетказади. Натижада инсоннинг жисми ҳам, руҳи ҳам енгиллашади, зеҳни ўткир, хотираси кучли, иродаси мустаҳкам бўлади.

Энг муҳими рўзани касалликларга даво бўлгани учун эмас, балки Аллоҳ таоло буюргани, Унинг розилиги учун тутамиз! Ҳақиқий мўмин-мусулмон бўлишни, олий мақомларга эришишни хоҳласак, рўза тутиб унинг бу дунёда ҳамда охиратдаги манфаатларидан баҳраманд бўлайлик.

Жаҳонгирхон АБРОРОВ,

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот котиби.

Read 2646 times

Мақолалар

Top