Мақолалар

Рамазон тавба йўлидир

Мусулмонга бу ойда қайтадиган энг катта манфаат – бу унинг Роббисига тавба қилиши, Унга қайтиши ва ўз нафсини ҳисоб-китоб қилиб, ўз тарихига қайта мурожаат қилишидир. Тавба эшиклари очиқ, Роббимизнинг ажрлари тортиқ қилинган, Унинг фазли ва раҳмати эса устимизга ёғилмоқда.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деб айт” (Зумар сураси, 53-оят).

Рамазон мағфират ва тавба ойидир. У сахийлик ва афв ойи. У барча қимматбаҳо нарсаларнинг энг қимматбаҳосидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, кундузи Аллоҳ кундузи гуноҳ қилган киши тавба қилиши учун қўл(раҳмати)ни ёяди. Тунда гуноҳ қилган киши тавба қилиши учун кечаси қўлини ёяди, ҳатто Қуёш ботадиган ўрнидан чиққунича”.

Гуноҳларимиз кўп, аммо Аллоҳнинг афви улардан ҳам олийдир. Хатоларимиз катта, Унинг раҳмати улардан каттароқдир. Йўлдан тойилишимиз улкан, Унинг мағфирати эса улардан буюкдир!

Аллоҳ таоло тақводор бандалар ҳақида бундай марҳамат қилади: “Ва улар фоҳиша иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдилар, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? Ва улар, билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар” (Оли Имрон сураси, 135-оят).

Мўминлар гуноҳ ишда билиб туриб бардавом бўлишмайди, хато қилишса эътироф этишади, гуноҳ қилишса истиғфор айтишади, ёмон амал қилишса надомат чекишади ва натижада, Аллоҳ уларни афв қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Рамазонни топиб мағфират қилинмаганнинг бурни ерга ишқалансин!”.

Мўмин агар катта гуноҳлардан четда бўлиб, Аллоҳ таолога чин тавба қилса гуноҳлари афв этилади. Йил давомида қилинган айб ва нуқсонлар Рамазонда тўғриланади. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Эй бандаларим! Албатта, сизлар кечаси ва кундузи гуноҳ қиласизлар. Мен барча гуноҳларни кечираман. Шундай экан, мендан мағфират сўранглар”.

Инсоннинг гуноҳ қилиш асл табиатида бор. Аммо инсонлар орасида тавба қилиб Роббисига қайтадиган ва ундан мағфират сўрайдиган ҳам, билиб туриб гуноҳида такаббурлик билан давом этадиганлар ҳам бор. Тавбада чин бўлиш, гуноҳга қайтмасликка аҳд қилиш ва банда Аллоҳ билиб турган ҳолда қилган гуноҳлари учун қаттиқ надомат чекиши рўзанинг қабул бўлганлиги аломатларидандир.

 

Аллоҳ таоло айтади: “Унинг Ўзи бандаларидан тавбани қабул қилур, гуноҳларини афв этур ва нима қилаётганингизни билур” (Шуро сураси, 25-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, агар сизлар гуноҳ қилмасангиз, Аллоҳ сизларни кетказиб, (ўрнингизга) гуноҳ қилиб мағфират сўрайдиган, сўнгра Аллоҳ уларни мағфират қиладиган қавмни келтириб қўяди”.

Рамазонда тавба қилмаган инсон қачон тавба қилади? Рамазонда Роббисига қайтмаса қачон қайтади?

Баъзи рўзадорлар Рамазонда ҳолати яхшиланиб, қалби ҳам тўғри бўлиб қолади. Бу ой тугаб, рўза тугаса яна аввалги ҳолига қайтади ва Рамазонда тўғрилаган ахлоқини бузади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Тўқигани кучли бўлгандан сўнг уни сўкиб юборган хотинга ўхшаб, бир уммат бошқа умматдан зиёдроқ бўлгани учун қасамларингизни орангизга алдов воситаси қилиб олманг” (Наҳл сураси, 92-оят).

Улуғ зотлар Рамазон ниҳоясига етса унинг фироқидан йиғлар, надомат ва афсус чекар эдилар. Бу уларнинг яхшиликларининг кўплиги ва қалблари софлигидан эди.

Аллоҳим, солиҳ бандаларингни муваффақ қилган нарсаларга бизни ҳам муваффақ қилгин ва бизни тўғри йўлингга ҳидоят эт!

 

Доктор Оиз Ал-Қарнийнинг

“Рўзадорлар учун 40 дарс” китобидан

Саидхон қори МАХСУМ

тайёрлади.

 

Read 2341 times

Мақолалар

Top