Мақолалар

Соғлигимизга ўзимиз масъулмиз

Ислом динида инсоннинг юқумли касалликларга сабр қилишига улуғ савоблар ваъда қилинган. Агар бирор жойда вабо ёки ҳалок қилувчи бирор юқумли касаллик тарқалса, у ердаги киши сабр қилса, унга шаҳидлик савоби берилади. Агар бирор кимса бесабрлик қилса, у бу ажрдан бебаҳра қолади. Маълумингизким, охирги пайтларда дунёда ҳар куни кўплаб инсонлар коронавирусни юқтириб олмоқдалар. Минг афсуски, уларнинг маълум бир миқдордагилари оламдан ҳам ўтмоқда.

Таъкидлаш зарурки, бутун дунёнинг кўплаб мамлакатларида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда. Ҳатто пандемияга қарши муваффақият билан курашаётган кучлик тиббий технологиялар билан таъминланган давлатларда ҳам коронавирусга чалинганлар сони кескин ошаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Касалланиш ҳолатларининг асосийси карантин талабларига риоя қилмаган беморларга боғланиб қолмоқда.

Ушбу ва бошқа ҳолатларни инобатга олиб куни кеча ўтказилган видеоселектор йиғилишида Давлатимиз Раҳбари “Ҳар биримиз карантин ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиб, ўзимиз, яқинларимиз ва халқимизнинг соғлиғини ҳимоя қилиш учун масъул эканимизни унутмаслигимиз зарур ва шарт”, деб бугунги куннинг энг устувор тамойилини таъкидладилар.

Бу ўз навбатида халқимиздан жорий этилган барча тартиб-қоидаларга қатъий амал қилишни талаб этади. Республикамизда карантин чекловлари юмшатилиши баробарида зийраклик ва эҳтиёткорлик билан, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишимиз зарур.

Афсус билан қайд этиш керакки, айрим фуқаролар бугунги вазиятда мавжуд қонун-қоидаларга риоя қилиш ва шу орқали санитария-эпидемиологик вазият барқарорлигига ҳисса қўшиш ўрнига ўзи ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остида қолдириб, эпидемияга қарши кураш қоидаларини қўпол равишда бузмоқда.

Ушбу синовли кунларда жиддий ташвиш туғдираётган хавфлардан бири — cўнгги вақтда айрим фуқароларда кузатилаётган бепарволикдир. Айрим ҳудудларда карантин чекловлари юмшатилгани сабабли гигиена қоидаларини унутиб қўймайлик. Бу биринчи навбатда ниқоб, масофани сақлаш ва қўлларни совунлаб ювиб туриш, заруратсиз кўчага чиқмаслик ва уч кишидан ортиқ тўпланмаслик билан боғлиқ.

Таъкидлаш жоизки, карантин чекловларини ўрнатишдан бирдан-бир мақсади шуки, халқимизнинг саломатлигини сақлаш, улар орасида янги турдаги вирус тарқалишининг олдини олиш. Шундай пайтларда ўзимизнинг ва яқинларимизнинг соғлигига бефарқ бўлмай, карантин ва гигиена талабларига қатъий риоя қилиш зарур.

Афсуски, пандемия туфайли ўрнатилган тартиб-қоидаларни менсимаслик ҳолатлари ҳам учраётгани кишини қаттиқ ташвишга солади. Шундай экан, ҳар бир фуқаро берилган тавсия ва кўрсатмаларга амал қилмаса, аввало, ўзининг, оиласининг, яқинларининг ҳаётига катта хавф туғдириши, ҳатто умрига зомин бўлиши мумкинлигини унутмаслиги зарур.

Уламолар иттифоқ қилган қоидалардан бири шуки, Ислом шариати ҳукмларининг мақсади бешта асосни ҳимоя қилишга қаратилгандир, улар – жони, дини, насли, моли ва ақлини ҳимоя қилишдир.

Қуръони каримда: “...ўз қўлларинг билан ўзларингни ҳалокатга ташламанглар...” (Бақара сураси, 195-оят), дейилган.

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”, деганлар. Инсон ўз жонни асраб-авайлаши тўғрисида бошқа диний кўрсатмалар ҳам мавжуддир. Шу эътибордан жойларда жаноза каби диний маросимни амалга оширишда Республика махсус комиссиясининг карантин бўйича талабларига, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисидаги фатвосига амал қилмоқлик зарурдир.

Бундай шароитида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг бошқа мусулмон мамлакатларида каби қабул қилган Фатво ва қарорларига зид равишда хонадон ва масжидларда жамоавий намозларни адо этишга ҳаракат қилиш, кўп одамларни тўплаш мусулмонларнинг жони ва соғлиғини хатарга қўйишини унутмаслигимиз керак.

Ислом динида инсонлар ўз раҳбарларига, айниқса ҳозирги каби таҳликали даврда ҳар бир мусулмон диний масалаларда уламоларнинг, саломатлигини сақлашда эса табиб-шифокорларнинг кўрсатмаларига қатъий риоя этиши талаб қилинади. Касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича ҳукумат, шифокорлар ва уламолар қандай йўл-йўриқ ва тавсиялар беришса, уларга амал қилиш зарур.

Вазиятни тўғри тушунган ҳолда ўзимизнинг итоатимиз, чиройли сабримиз, хайрли амалларимиз билан бундай синовли кунларни енгиб ўтсак, албатта тўкин, тинч ва хотиржам кунларга ҳам етамиз.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳар биримиз зиммамиздаги вазифаларга масъулият билан ёндашиб, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилишлигимиз шарт. Энг аввало соғлик ва саломатликни асраш учун барча зарур чораларни амалга оширишимиз зарурдир.

Олимжон ОБИДЖОНОВ,
Қувасой шаҳар “Ислом” масжиди имом-ноиби

  

Read 2423 times
Tagged under

Мақолалар

Top