Мақолалар

ҲАЙИТ ТАКБИРУ ТАҲЛИЛ КУНИДИР (Такбир айтиш суннатини тирилтиринг!)

Ҳайит куниниг одобларидан ва амалларидан бири такбир айтишдир. Такбир айтиш деганда, «Аллоҳу акбар», дейиш тушунилади.
Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилганини айта туриб, жумладан шундай деган:
يُرِيدُ ٱللَّهُ بِكُمُ ٱلۡيُسۡرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ ٱلۡعُسۡرَ وَلِتُكۡمِلُواْ ٱلۡعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُواْ ٱللَّهَ عَلَىٰ مَا هَدَىٰكُمۡ وَلَعَلَّكُمۡ تَشۡكُرُونَ١٨٥
«Аллоҳ сизларга осонликни истайди ва сизларга қийинликни истмайди. Саноғни мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун».
(Бақара сураси, 185-оят).
Ояти каримадаги «Аллоҳни улуғлашингиз учун» деган сўзни аниқроқ айтадиган бўлсак, «Такбир айтишингиз учун» бўлади.
Демак, Аллоҳ таоло бу оятда мусулмонларга рўзани фарз қилиши, унда енгилликни жорий қилиши, рўзани фарз қилиш билан уммати Муҳаммадга осонликни ирода қилиши – буларнинг барча-барчасини «мусулмонлар такбир айтиши учун» қилганини таъкидламоқда. Бинобарин, бу кунда такбир айтишга кўпроқ эътбор бериш керак.
Валид ибн Муслим айтади: «Авзаъий ва Молик ибн Анасдан икки ҳайитда такбирни ошкор айтиш ҳақида сўрадим. Улар: «Ҳа, Абдуллоҳ ибн Умар Фитр куни имом чиққунича такбирни ошкора айтиб турар эди», дедилар».
Ибн Абу Шайба имом Зуҳрийдан ривоят қилади:
«Одамлар манзилларидан чиққандан бошлаб, то номозгоҳгача, ҳатто имом чиқгунича такбир айтишар эди. Имом чиққач, жим бўлишар ва у табир айтганда такбир айтишар эди».
Такбирни тўлиқроқ айтмоқчи бўлган киши Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан нақл қилинган қуйидаги такбирни айтади:
«اللَّهُ أَكْبَرُ اللَّهُ أَكْبَرُ، لَا إِلهَ إِلاَّ اللَّهُ، واللَّهُ أكْبَرُ، اللَّهُ أَكْبَرُ ولِلَّهِ الْحَمْدُ».
«Аллōҳу акбар! Аллōҳу акбар! Лā илāҳа иллаллōҳу валлōҳу акбар! Аллōҳу акбару ва лиллāҳил-ҳ:амд».
Маъноси:
«Аллоҳ улуғдир! Аллоҳ улуғдир! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! Ва Аллоҳ улуғдир! Аллоҳ улуғдир! Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!».
Такбир Рамазон ҳайити аслида ҳайит намози вақтига қадар айтилади. Биз бу йил такбирни зуҳо намозини адо этгунча айтсак ҳам бўлади.
Бизда одатда қурбон ҳайитида такбир айтиш бор, аммо Рамазон ҳайитида бунга кўпчилик беэътибор бўлади. Бунинг устига, сўнги йилларда шундай улуғ зикр, Парвардигоримизни улуғлаш, Унга шукр келтириш мазмунидаги, бандалигимизнинг эътирофи ўлароқ айтиладиган ушбу буюк зикр ‒ «Аллоҳ улуғдир» дейиш айрим нокассаларнинг ташвиқоту тасарруфлари сабабли ваҳимали, баъзан салбий иборага айланиб ҳам қолди. Айниқса, айрим кишилар онгида бу ҳол яхшигина ёмон таассурот қолдирган. Биз ушбу ноҳақ ва нотўғри талқинни йўқ қилиш учун ҳам ушбу кунларда такбиру таҳлилни кўпайтиришимиз ва баралла айтишимиз лозим. Шу боис, фурсатдан фойдаланиб, такбир айтиш суннатини тирилтиринг!

Барчаларингизга Рамазон ҳайити муборак бўлсин!

Устоз Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Read 4103 times
Tagged under

Мақолалар

Top